Энг замонавий тиббий технологиялар пойтахтимизда иш бошлаган
  • 29 Сентябрь 2016

Энг замонавий тиббий технологиялар пойтахтимизда иш бошлаган

“UzMedExpo — 2016” тўққизинчи халқаро ихтисослаштирилган тиббиёт кўргазмасида намойиш этилмоқда

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари уюшмаси томонидан “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси кўмагида “Ўзэкспомарказ” мажмуида ташкил қилинди.

Унинг очилишида қайд этилганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор туфайли тиббиёт муассасалари энг илғор ускуналар билан жиҳозланаяпти. Натижада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада ошди. Биринчи Президентимизнинг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилаётгани натижасида тиббиётнинг замонавий ютуқлари ҳамда даволашнинг илғор усуллари амалиётга кенг жорий қилинаётир.

Анжуманда янги русумдаги технологиялар, дори-дармон, ультратовуш, рентген аппаратлари, физиотерапевтик ва кардиологик жиҳозлар, стоматология асбоб-ускуналари, санитария-гигиена ҳамда реабилитация воситалари, тренажёрлар, тиббиёт кийимлари, ортопедик маҳсулотлар, мебеллар, дорихоналар учун ускуналар тақдим этилмоқда.

— Ушбу тадбирда мунтазам қатнашамиз, — дейди масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Intermed Innovation” қўшма корхонаси менежери Умид Мамутов. — Биз таклиф қилаётган лаборатория ва рентген қурилмалари, ультратовушли сканерлар кўпчиликда қизиқиш уйғотаяпти. Ўйлайманки, уч кун давомида маҳсулот савдоси бўйича қатор шартномалар имзолашга эришамиз.

“UzMedExpo — 2016” тиббиёт кўргазмасида Ўзбекистон, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Германия, Швейцария, -Ҳиндистон, Польша сингари давлатлардан ўнлаб корхона ҳамда фирмалар иштирок этмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур тадбир орқали ишлаб чиқарувчилар бозорнинг бугунги талабини, мижозларнинг таклиф ва эҳтиёжларини ўрганаяпти.

— Павильондаги энг катта стенд бизнинг жамоага ажратилгани бежиз эмас, — дейди Хитойнинг “Premium Technics” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мэн Юн Фан. — Гап шундаки, мамлакатингизда кўп йиллардан бери фаолият юритиб келамиз. Бу ерда хорижий давлатларнинг етакчи тиббиёт компания ҳамда фирмалари учун ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш қилиш, музокаралар ўтказиш ҳамда шартномалар имзолаш учун барча шарт-шароит яратилганидан мамнунмиз. Корхонамиз компьютер томографияси, рақамли рентген, ультратовуш текширув аппарати ва яна кўплаб техника қурилмаларини ишлаб чиқаради. Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида бизнинг маҳсулотлардан кенг фойдаланилаётгани жамоамизга алоҳида масъулият юклайди.

Ушбу кўргазма фармацевтика корхоналари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, мутахассисларни -тиббиёт соҳасидаги янгиликлардан хабардор этиш ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишидаги ислоҳотлар ва қўлга киритилаётган улкан ютуқларни кенг намойиш қилиш имконини бераётир.

Тадбир 30 сентябрь куни ниҳоясига етади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn