Фармацевтик маҳсулот маҳаллийлаштирилишини янада кенгайтириш
  • 27 Июль 2016

Фармацевтик маҳсулот маҳаллийлаштирилишини янада кенгайтириш

— мамлакатни маҳаллий хом ашё асосида ишлаб чиқарилган дори воситалари билан таъминлаш сари йўл

Истиқлол йилларида яратиб берилган кенг имкониятлар бошқа соҳалар қатори фармацевтика саноатини ривожлантиришда ҳам муҳим омил бўлди. Айтиш жоизки, собиқ тузум даврида мазкур йўналиш фаолияти талабга мутлақо жавоб бермасди. Ушбу соҳа мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ, яъни Президентимизнинг 1993 йилдаги “Ўзбекистон фармацевтика саноати (“Ўзфармсаноат”) давлат-акционерлик концернини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони туфайли иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида шакллана бошлади.

Бу юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган эзгу ислоҳотларнинг ёрқин ифодаси эди. Бинобарин, республикамизда соғлиқни сақлаш тизими ҳамда дори-дармон таъминотини янада яхшилаш масаласига юксак эътибор берилаётгани фикримиз исботидир. Дастлаб мамлакатимиздаги мавжуд 2 та ишлаб чиқариш корхонасида, бор-йўғи, йигирма турга яқин дори воситалари ва тиббий буюмлар тайёрланган, шунингдек, 2 та илмий-тадқиқот институти фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 150 тадан ошди.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган 130 та корхона бор. Ушбу фаолият дори воситалари ҳамда тиббий эҳтиёждаги буюмларни ва диагностика воситаларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Айни пайтда “Ўзфармсаноат” АК ўз таркибида 132  та корхонани бирлаштирган. Булар — учта илмий-тадқиқот институти, бирлашма, акциядорлик жамияти, мулкчиликнинг барча шаклидаги ишлаб чиқариш корхоналари, шу жумладан, қўшма ҳамда чет эл корхоналари, хусусий масъулияти чекланган жамиятлардир.

Юртимизда дори воситаларини ишлаб чиқариш ва улар билан аҳоли ҳамда даволаш-профилактика муассасаларини таъминлаш мақсадида мазкур соҳадаги ишларни ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Йигирмадан ортиқ қонун, бир юз йигирмадан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу йўналишдаги вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Айниқса, 2016 йилнинг 4 январида “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши соҳа юксалишининг кейинги босқичини бошлаб берди.

Таъкидлаш керакки, охирги ўн йил мобайнида фармацевтика тармоғига 300 млн. АҚШ долларидан зиёд инвестициялар, шу жумладан, 100 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари жалб этилди. Бу соҳани янада равнақ топтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Фармацевтика корхоналари капиталининг 35,7 фоизини хорижлик ҳамкорлар ва 64,3 фоизини маҳаллий иштирокчиларнинг улушлари ташкил этади.

Бугунги кунда соҳа корхоналари томонидан 35 та фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб тиббиётнинг 28 та йўналишида қўлланиладиган 1921 номдаги замонавий дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Улар  инъекция (ампула, кукунли, инфузия) учун эритмалар, таблеткалар, капсулалар, суртмалар, геллар, дамламалар, сироплар ва бошқалар, шунингдек, 177 номдаги тиббий буюмлардир. Охирги йилларда тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажмининг ўсиши 3,1 баробарни ташкил қилгани, айниқса, диққатга сазовор.

Айни пайтда республикада ишлаб чиқариш ҳамда сотиш ҳажмлари бўйича маҳсулотнинг 84 фоизи “Ўзфармсаноат” АК таркибига кирувчи корхоналар томонидан фаол амалга оширилаётир. 

Қувонарлиси, 2015 йилда акциядорлик концерни таркибидаги корхоналар қиймати 742,6 млрд. сўмлик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқардилар, шулардан 576,3 млрд. сўмлик миқдоридагиси дори воситалари ва 52,1 млрд. сўмлик тиббий ёрдам учун мўлжалланган буюмлар ҳамда 113,7 млрд. сўмлик бошқа маҳсулотлардир.

Яна бир мисол. Илгарилари дори воситаларини, асосан, четдан сотиб олишга мажбур эдик. Бугунги кунда эса “Ўзфармсаноат” АК корхоналарининг маҳсулотлари 12 та мамлакатга экспорт қилинаяпти. Ана шу давлатларда 226 номдаги препаратларимиз рўйхатдан ўтказилган. Экспорт кўрсаткичлари ҳам ижобий динамика билан тавсифланади. Чунончи, 2016 йилда ташқи бозорга маҳсулот сотиш ҳажми 16,4 млн. АҚШ долларини ёки ўтган йилдагига нисбатан 146,4 фоизни ташкил этиши кутилаяпти. 

Соҳамиз кадрлар, шу жумладан, илмий кадрлар таркиби билан таъминланган, юқори инвестицион салоҳиятга эга. Хусусан, кимё технологи, биотехнолог, муҳандис, фармацевт каби мутахассислар тайёрлаш бўйича қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётир. Қолаверса, республикамизда клиник тадқиқотларнинг ривожланган базаси мавжуд бўлиб, янги дори воситалари ва фаол таъсир қилувчи моддаларни яратиш борасида изланишлар олиб борувчи 8 та илмий-тадқиқот институти ҳамда марказлар фаолият кўрсатаяпти. Охирги 5 йил мобайнида бу тадқиқотлар асосида 15 номдаги доривор субстанцияларнинг, шу жумладан, 10 та оригинал тайёр дори воситанинг (альцеум, фитогален, триогален, ферулонг, фитопассит, гепапрот нео, пульмостим, апилон, глицитринат ва бошқалар) маҳаллий технологияси ишлаб чиқилган. Ўз навбатида, маҳаллий доривор субстанциялар ҳамда препаратлар ишлаб чиқарилишида қўлланиладиган сунъий, ўсимлик, биотехнологик, ноорганик ва минерал каби бой хом ашё манбалари мавжуд. Кимё индустрияси ҳамда турдош илмий муассасаларнинг экспериментал-ишлаб чиқариш базалари томонидан кўрсатилаётган ёрдам соҳамиз ривожида муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити замонавий, юқори технологияларга асосланган корхоналарни барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тармоқни янада ривожлантириш масалаларини тезкор ҳал қилишда ғоят муҳим аҳамият касб этаётир. Хусусан, Буюк Британия, Ҳиндистон, Германия, Росcия, Бангладеш, Польша ва бошқа чет эллик ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган  “Jurabek Laboratories”,  “Аsia Trade”, “Uzgermedpharm”, “Remedy Group”, “Codepharm”  қўшма корхоналари, “Nobel Pharmsanoat” чет эл корхонаси бунга ёрқин мисол бўла олади.

Истиқлол йилларида мунтазам олиб борилган изланишлар самараси туфайли фармацевтика саноати корхоналарида ишлаб чиқариш кўлами тўлиқ шаклланди, дори препаратлари ҳамда тиббий буюмларни тайёрлаш ҳуқуқига эга, ички бозорнинг ярмини, яъни 49,8 фоизини дори воситалари билан таъминлай оладиган ривожланган соҳага айланди. Аниқ ва пухта олиб борилган ишлар натижасида дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳажми 46,9 млн. сўмдан 742,6 млрд. сўмгача ошди (2015 й.). 2016 йилнинг биринчи ярмида эса бу борадаги кўрсаткич 528,8 млрд. сўмни, ўсиш ҳажми 122,6 фоизни ташкил этди. Ўз навбатида, 184 та иш ўрни яратилди ёки прогноз кўрсаткичи 115 фоиз бажарилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 11 февралдаги “2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, “Ўзфармсаноат” АК тизимидаги корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига, четдан маҳсулотларни импорт қилишни 2015 йилда 48,2 фоиз (2014 йилдагига нисбатан) ёки 47,0 млн. АҚШ долларига, 2016 йилда 51 фоиз ёки 49,7 млн. АҚШ долларига (2015 йилдагига нисбатан), 2019 йилгача 62,5 фоиз камайтириш белгиланган. 

Режага кўра, 2015 йилда белгиланган лойиҳалар доирасида  умумий қиймати қарийб 50,9 млн. АҚШ доллар эквиваленти миқдорида импорт ўрнини босувчи харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида белгиланган лойиҳаларга асосан, қиймати 176,6 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган ҳамда 74,5  млн. АҚШ долларилик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланди.

Жумладан, фармацевтика бозорининг фаол иштирокчиси “Jurabek Laboratories” қўшма корхонасининг бешта лойиҳаси Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган бўлиб, шу даврда корхона томонидан умумий қиймати 86,7 млрд. сўмлик -импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилди. Маҳаллийлаштириш даражаси ўртача 71,3 фоизни ташкил қилди. 

Ўз навбатида, соҳада пешқадам корхоналардан “Dentafill Plyus” ХК фаолиятини қайд этиш жоиз. Унинг тўртта лойиҳаси Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган бўлиб, 2016 йилнинг биринчи ярмида корхона томонидан умумий қиймати 6,2 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрланди. Маҳаллийлаштириш даражаси ўрта ҳисобда 48,8 фоизни ташкил қилди. Яна бир эътиборли жиҳати, корхона Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспортга йўналтира бошлади.

Ишлаб чиқариш корхоналари — лойиҳа ташаббускорлари томонидан  барча имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланилган ҳолда, истиқлолимизнинг қутлуғ 25 йиллиги арафасида, шу йилнинг 8 ойи якунида 31 лойиҳа бўйича умумий қиймати 317,8 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган ҳамда 108,1 млн. АҚШ долларилик импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлаш кўзда тутилган. Жорий йилнинг 9 ойи якунида 31 лойиҳа бўйича 358,6 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган ва 123,2 млн. АҚШ долларилик импорт ўрнини босувчи, харидоргир маҳсулот тайёрлаш режалаштирилмоқда. Умуман, 2016 йилда 33 та лойиҳа бўйича жами умумий қиймати 468,3 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган ҳамда 159,3 млн. АҚШ долларилик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши мўлжалланган. 

Фармацевтика соҳасида Маҳаллийлаштириш дастурининг самарали амалга оширилиши натижасида импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилаётир. Айни пайтда авваллари валюта ҳисобига келтирилган 207 турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 158 та янги турдаги дори воситаси, 15  турдаги субстанция, тиббий мақсадда фойдаланиладиган 14 турдаги буюм ва 20 хилдаги бутловчи буюмлар ана шулар жумласидандир. 

2016 йилнинг биринчи  ярмида “Ўзфармсаноат” АК тизимидаги 5 та корхонада Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми  1,2 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январь — сентябрь ойларида бу кўрсаткич 2,0 млн. АҚШ долларидан ошади.

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш натижасида солиқ тўловлари ҳисобига иқтисод қилинган маблағлар янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, тармоқни модернизациялаш, кенгайтириш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, янги маҳсулот турларини ўзлаштиришга, Сифат менежменти халқаро ISO ва GMP стандартлари (“Яхши ишлаб чиқариш амалиёти”)га ўтишда, Маҳаллийлаштириш дастурини татбиқ этиш ҳисобига жалб қилинган корхоналарнинг муҳандис-техник ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилиши ўзининг ижобий самараларини бермоқда. 

Фармацевтика саноатини равнақ топтиришда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатдошлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлаяпти. Бу мақсадда халқаро сифат стандартларини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 31 маҳаллий ишлаб чиқариш корхонасида ISO-9001 сифатни бошқариш тизими, 6 та корхонада  GMP халқаро стандарти (“Яхши ишлаб чиқариш амалиёти”) ва 3 та корхонада миллий GMP стандарти жорий қилинди. 

Мустақиллик туфайли соҳага қаратилаётган эътибор, корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли Дастур доирасида,  Махсус идоралараро комиссиянинг қарори бўйича, лойиҳалар экспертизасидан кейин корхоналар ўрнатилган тартибда 3 йил муддатга қуйидаги тўловлардан озод этиладилар:

1. Олиб келинаётган технологик жиҳоз, асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, маҳаллийлаштирилган маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган технологик анжомлар учун божхона тўловларидан;

2. Маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулот учун фойда солиғи, ягона солиқ тўловидан (солиққа тортишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаётган субъектлар учун);

3. Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган асосий ишлаб чиқариш фондлари учун мулк солиғидан.

Бу каби  имтиёзлар туфайли Маҳаллийлаштириш дастурига жорий йилнинг якунига қадар яна 30 та лойиҳа тақдим этилади.     

Шу муносабат билан ҳар бир ишлаб чиқариш корхонасининг бугунги кунда ва яқин келажакда олдига қўйган мақсади битта: у ҳам бўлса, республика аҳолисини харидоргир дори воситалари билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун Маҳаллийлаштириш дастурида кўрсатиб ўтилган мақсадли параметрларни амалга оширишда фаол қатнашишдир. Бундай шарафли вазифа ишимизга янада масъулият билан ёндашишда асосий мезон бўлиб қолади. 

Мирзанозим ДУСМУРАТОВ, 

«Ўзфармсаноат» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn