Соғлом она — соғлом келажак
  • 13 Июль 2016

Соғлом она — соғлом келажак

Пойтахтимизнинг Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида спорт марафони ўтказилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур тадбирга Хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, ўқувчи-қизлар таклиф қилинди.

Спорт билан шуғулланиш кишининг нафақат жисмонан соғлом, балки маънан етук бўлишига ёрдам беради. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда спортнинг барча тури ривожлантирилиб, уларга аҳоли, хусусан, ёшлар кенг жалб этилаяпти. Бу борада Президентимиз раҳнамолигида шаҳару қишлоқларимизда бунёд қилинган замонавий спорт иншоотлари, мажмуалар, майдонлар ҳар жиҳатдан қўл келаётир.

Шу каби кенг имконият ҳамда қулайликлардан йигит-қизларимиз унумли фойдаланмоқда. Улар турли нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, халқимиз, давлатимизнинг эътирофига сазовор бўлаяпти. Жумладан, спортчи қизларимизнинг 44 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани фикримиз далилидир.

Республикамизда спортнинг аёлларга хос турини равнақ топтириш, хотин-қизларни унга кенг жалб қилиш мақсадида қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳам диққатга сазовор.

Ўтган йили Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда икки мингга яқин спорт мусобақалари ўтказилди. Маҳалла фаоллари ва уй бекалари ўртасида ташкил этилган “Гимнастика барча учун” спорт фестивалига 5 ёшдан 70 ёшгача бўлган қизлар, аёллар қамраб олинди. “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи” мусобақасида эса минглаб оилалар қатнашди.

Мазкур марафонда иштирокчилар 1,5 километр масофага югурди. Ўғил-қизлар ўртасида шашка мусобақаси, “Ёз ўтади соз” мавзуида асфальтга расм чизиш танлови ҳам бўлиб ўтди. ўолибларга ҳомийларнинг совғалари топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Дилмурод СОДИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn