Эпизоотик барқарорлик сақланмоқда
  • 12 Июль 2016

Эпизоотик барқарорлик сақланмоқда

Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг маълумотларига қараганда, кейинги пайтда айрим мамлакатларда хавфли инфекциялар билан боғлиқ мураккаб вазият кузатилиб, куйдирги, оқсим ва Қрим-Конго геморрагик иситмаси каби касалликлар тарқалмоқда.

Ўзбекистонда чорва моллари ҳамда ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликлари кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган изчил чора-тадбирлар туфайли барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда юқумли касалликларга қарши мустаҳкам ҳимоя тизими яратилган бўлиб, ширкат ҳамда фермер хўжаликлари, аҳоли қарамоғидаги чорва моллари мунтазам равишда кўрикдан ўтказилади. Шу билан бирга, эпизоотологик мониторинг юритилиб, чорвани ўта хавфли касалликларга қарши эмлаш учун вакциналар бепул ажратилаётгани эътиборга моликдир.

Барча тоифадаги хўжалик-ларда эҳтиёткорликни янада ошириш, эктопаразитларга қарши ишлов бериш ва касаллик-ларнинг олдини олиш мақсадида жойларга керакли миқдорда дезинсекция ҳамда чўмилтириш воситалари ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг келиб чиқишига йўл қўймаслик мақсадида 230 мингга яқин чорвачилик объектлари дезинсекция ва дезинфекция қилиниб, чорва молларидан 24 миллиондан ортиғи профилактик чўмилтирилган бўлса, 30 миллион боши куйдирги, 6 миллион 182 минг боши оқсим касалликларига қарши эмланди.

Таъкидлаш керакки, юртимиз бозорлари, кушхона, сўйиш майдончалари, гўшт дўконлари ҳамда бошқа жойларда чорва моллар миграцияси устидан давлат ветеринария назорати янада кучайтирилгани куйдирги, оқсим ва бошқа турдаги хавфли касалликлар четдан кириб келиши ҳамда тарқалишига мустаҳкам ғов бўлмоқда. Бу жараёнда, шунинг-дек, қўшни давлатлардан чорвачилик маҳсулотлари ва ҳайвонларни мамлакатимизга киритиш борасида баъзи чекловлар ўрнатилгани айни муддао бўлмоқда. Натижада юқумли касалликлар қайд этилган давлатлардан рухсатномасиз экзотик қушлар, тухум, гўшт-сут ҳамда улардан тайёрланган маҳсулотлар республикамиз ҳудудига олиб -кирилишининг олди олинаяпти.

Юртимизда кейинги йилларда ветеринария хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат ветеринария хизматлари замонавий асбоб-ускуналар, совиткич, микроскоп ва бошқа зарур воситалар билан таъминланмоқда. Бу, ўз навбатида, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, юқумли касалликларга тезкор ташхис қўйиш -имконини бераётир.

Шуни ёдда тутиш керакки, ҳар бир касалликнинг эмлаш даври ҳамда тартиби бор. Мисол учун, чорва моллари ва ҳайвонлар оқсим касаллигининг олдини олиш учун ҳар олти ойда, қутуриш ва бруцеллёз касаллигига қарши эса бир йилда бир марта эмланиши зарур. Республикамизда ана шу масалалар доимий эътиборда эканлиги туфайли кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмаяпти. 

Айни пайтда жойларда эпизоотияга қарши олиб борилаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан минг дона пуркагич, тўрт юз дона эмламаларни олиб юриш учун махсус термосумка, юздан ортиқ мотоцикллар харид қилиниб, қишлоқ жойлардаги ветеринария хизмати кўрсатиш нуқталарига етказиб берилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Шунингдек, республика, вилоят ва туманлар бўйича штаблар тузилиб, чорва молларини профилактик эмлаш, ташхислаш, даволаш, чўмилтириш, чорвачилик объектларини дезинсекция, дератизация ва дезинфекциялаш тадбирларининг таҳлили олиб борилаяпти, аҳоли орасида ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликлари келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган семинарлар уюштирилмоқда. Қолаверса, барча тоифадаги хўжаликларда эҳтиёткорликни янада ошириш, юқумли касалликларда гумон қилинган чорва молларини алоҳида сақлаш учун махсус жойлар ташкил этилган. Эҳтиёт шарт сифатида чўл зоналарида керакли кийим-кечак, асбоб-анжомлар билан таъминланган эпизоотияга қарши отрядлар фаолият юритаяпти.

Буларнинг барчаси юртимизда эпизоотик барқарорликни сақлашда ҳал қилувчи омил бўлмоқда.

Салоҳиддин  ҲАСАНОВ,

Эпизоотик отрядлари бўлган республика экспедицияси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Озон терапияси Соғлом она — соғлом келажак »