Аҳоли саломатлиги — эзгу мақсад
  • 23 Июнь 2016

Аҳоли саломатлиги — эзгу мақсад

Энг улуғ, энг қутлуғ байрамимиз — мустақиллигимиз шодиёналари арафасида оламжаҳон ҳаяжон билан бир қаторда, кишини чуқур ўйга толдирадиган ҳолатни кўнглимдан ўтказаман. Хаёлимда турли соҳалар билан боғлиқ воқеалар, манзаралар гавдаланади. Бутун мамлакат бўйлаб ҳар бир юртдошимиз қалбида барқ ураётган “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага ким бўлишимиз, қандай юксак марраларни эгал-лашимиз керак?” деган саволларга жавоб излаб кўраман. 

Кўз ўнгимда кечаги куннинг турли-туман нохуш манзаралари, айниқса, тиббиёт соҳаси, ғичир-ғичири ҳамон қулоқлар остида жаранглаб турадиган сим каравотларда эски-туски тўшакларга ўраниб ётган беморларга тўла ғариб шифохоналар жонланади.

Пастки қисми кўк бўёқ билан чала-чулпа бўялган тор палаталар, фанердан қирқиб ясалган тиббиёт тимсоли — косага ўралиб олган илон тасвири... Ҳар томонда нафасни бўғадиган даражада анқиган хлор иси... Ҳовлиларни супуриб юрган ҳамширалару шифокорлар, “Баннисани овқати овқатми?” деб уйларидан егулик ташиган кишилар... Узоқ масофадан ҳар куни марказга қатнашга мажбур, ярим тунда кимдир тўсатдан касал бўлиб қолса, қайга бош уришини билмаган юзлаб одамларнинг ночор нигоҳлари...

Транспорт эрталабгача юрмас, автомашиналар саноқли эди. Ўша маҳалларда одамлар беморни тўшакка ўраб, “Иж”, “Урал” аталмиш алмисоқдан қолган кажавали мотоциклларда олиб келганини кўрганмиз. Бугунги кунда-ку турли-туман ускуналар билан жиҳозланган замонавий тез тиббий ёрдам машиналари халқ хизматида, бироқ ўша даврларнинг одамлар “Буханка” деб ном берган тез тиббий ёрдам машиналари бутун бошлиқ туманда битта ёки иккита бўлиб, бир юрса икки юрмас, ичида наинки ускуна, балки оддий темир ётоқдан бошқа ҳеч нарсаси бўлмасди. Шу сабабли касални халқ ўзи шифохонага олиб борарди. Аҳвол шу қадар аянчли эдики, ёши ўтиб қолган чол-кампирларни гўдакдек қилиб, шамол урмасин, дея йўргаклаб кўтариб келишга мажбур бўлардик. Оддий қон таҳлили учун саҳарлаб туриб нонушта қилмасдан етиб бориб соатлаб ўтириш, кейин таҳлил натижалари чиққунча яна анча кутишга ҳам тўғри келарди...

Поликлиниканинг аҳволи ҳам шунга яраша эди. Шифокорга-ку бир амаллаб кирдингиз, дори-дармон ёзиб берди, дейлик. У туман марказидаги дорихоналардан топилавермас, вилоят марказига бориш керак эди. Дорихона деганлари эса ҳар қайси туманда битта ёки иккита бўларди, холос. “Ноёб, камёб укол” деган тушунчалар мавжуд эди: “атай олиб қўйилган” у дориларни қимматроқ нархга топсангиз-топдингиз, йўқса, вилоятма-вилоят кезган кишиларни ҳам биламиз.

Булар олис ўтмиш манзаралари эмас, бор-йўғи, йигирма беш йил аввалги ҳолатлар.

Ваҳолонки, тиббиёт ва фармацевтика халқ хўжалигининг энг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади. Бу соҳалар, давлатимиз раҳбари ўз нутқларида “Бизнинг энг катта бойлигимиз — бизнинг кўп миллатли меҳнатсевар халқимиздир”, дея қайта-қайта таъкидлаганидек, эл-юрт кишилари соғ-саломат бўлиши учун, авлодлар соғлом вояга етиши учун жуда муҳим хизматдадирлар.

Ҳозир баён қилинганлар — оддий бир киши нигоҳида кўринган манзаралар. Мутахассис назари билан қарайдиган бўлсак, республикада атиги иккитагина фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатганидан, эски ускуналарни бир амаллаб ишлатиб, жуда оддий дорилар, дамламалар, қайнатмалару эритмалар ишлаб чиқарилганидан, улар аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжининг юздан бирини ҳам қондира олмаганидан, узоқ-яқин қишлоғу шаҳарларимизга бошқа ўлкалардан келтирилганидан хабар топамиз. Ўзбекистондек катта бир юртда фақатгина димедрол, папаверин, йод ва бриллиант яшили деб номланган жўн дорилар ишлаб чиқарилганига нима дейсиз? Маҳаллий дори-дармон тайёрлаш даражаси икки фоиз бўлиб, қолган тўқсон саккиз фоизи четдан олиб келинарди.

“Юртимизда 90-йилларда юзага келган муаммонинг илдизи собиқ тузум даврига, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, пахта етиштириш энг катта мақсад саналиб, ҳатто, одамларнинг ҳаёти ва саломатлигидан устун турган ўша мустабид замонга бориб тақалади. Халқимиз ўша пайтда чидаб бўлмайдиган шундай азоб ва уқубатларга гирифтор этилган эдики, буни сўз билан ифодалашнинг ўзи қийин”, деб таъкидлайди Юртбошимиз “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобида. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ўша маҳаллар собиқ империянинг улкан пахта индустрияси бўлиб, пахта, ипак, металл, минерал ўғитлар каби бойликларнинг ҳаммаси марказга ташиб олиб кетилар, халқ машаққатли меҳнатга гирифтор этилган, лекин кишилар соғлиғи билан биров қайғурмасди. Компьютер томографи дейилган, ҳозир энг чекка ҳудудларда ҳам мавжуд ускуна Ўзбекистонда бир-иккита жойда бор эди, холос. Томограф-ку ноёб нарса, жўнгина қон таҳлили фақат марказий поликлиникалардагина амалга ошириларди. Анализатор учун жуда зарур, бугунги замонавий тилда “маркер” деб аталадиган кимёвий моддалар ҳам четдан келар, таъминот оқсаб қолса, таҳлиллар ҳам тўхтар, микроскоп остида заррачаларни санашдек ибтидоий усулларни қўллашга мажбур эдилар.

Дарҳақиқат, бор-йўғи, йигирма беш йил аввал аҳвол ана шундай оғир эди.

Лекин ўша даврда халқимиз тиббиёт ходимларининг фидойилигига ҳам таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ. Қийин шароитда ҳам элга, халққа чин юракдан хизмат қилган ўнлаб-юзлаб шифокорларни биламиз.

Бугуннинг зиёси билан у манзараларга қарасак, қалбимизни афсусу ачиниш қоплаб олади. Кишиларга ҳамда ўша шароитларда ишлаган шифокору ҳамшираларга ҳам ачинасиз. Империячилар кишиларни одам ўрнида кўрмаганини, яхши яшаш у ёқда турсин, ҳаётда жон сақлаш учун керакли энг оддий дори-дармонлар таъминотига ҳам -бепарво бўлишганини кўрасиз. Шароит бўлмагани учун, дори топилмагани учун умри бевақт хазон бўлган минглаб кишиларни ёдга оласиз.

Ачинмай бўладими?!

Шу сабабли мустақиллигимизнинг илк йилларидаёқ эътибор айнан шу соҳага — тиббиёт ва фармацевтика соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилди. Ўша пайтнинг талатўплари аро иқтисодиётни издан чиқаришга уринишлар, жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган ёш давлатни камситишлар, сиёсий майдонда яккалаб қўйиш, тавбасига таянтириш каби ғаразли уринишлар даврида бу жуда катта қадам эди.

Гап фақатгина тиббий хизмат сифати, шифохона ҳамда поликлиникалар шароити, дори-дармон ҳақида эмас. Мисол учун, энг оддий тиббий игналар ҳам ўзимизда чиқмас эди. “Автоклав” деган ускуналарда кўп марталик игналар аввал қайнатилиб, кейин буғлаб стерилизация қилинарди. Бундай манзараларни, яъни устига ҳўл мато ёпиб қўйилган, қайнатилган игналарни катта авлод яхши эслайди. Сурункали касалликка чалинганлар игналарни ўзлари сотиб олишар, уй шароитида стерилизация қилишарди. Тиббий мосламалар деб номланган қанчадан-қанча зарур анжомлар етишмасди. Масалан, қон олишда ишлатиладиган перосифат игналар, қўполдан-қўпол “система”лар топила қолмас, яқинларидан кимдир бирон дардга чалинган киши дорихонама-дорихона тиббий анжом излаб юришга мажбур эди.

Бир томондан, қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи яхшиланиши баробарида, беш-олтита қишлоққа хизмат кўрсатадиган, бир ишлаб-бир ишламайдиган фельдшерлик-акушерлик пунктлари замон нуқтаи назаридан эскирган, талабга жавоб бермайдиган ҳолатга келган эди. Улар негизида қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилишидаги катта мақсадни илғаяпсизми? Ўрта маълумотли фельдшерлар даври тугаган, энди ўз таҳлилхонасига, ультратовуш диагностика ускуналарига эга замонавий шифокор қабули ташкил қилинишини даврнинг ўзи талаб қилаётган эди. Бунинг учун эса олий маълумотли, малакали, ихтисослашган шифокорлар лозим бўлиб, олий тиббиёт ўқув даргоҳларида махсус умумий амалиёт шифокори йўналиши ташкил этилишининг сабаби шунда эди.

Моддий-техника асослари яратилиши билан бир қаторда, таълим тизимини ҳам жаҳон стандартларига мослаш талаб қилинарди. Шу муносабат билан халқ “ТошМИ” деб атаб ўрганиб қолган институт негизида Тошкент тиббиёт академияси ташкил этилиб, замонга мос билим берадиган улкан даргоҳга айлантирилди.

Оналар ва болалар саломатлиги энг муҳим йўналиш, деб таъкидланди. Болаларни турли юқумли ҳамда оғир касалликлардан вакцинация қилишнинг аниқ ва қатъий тартиби ишлаб чиқилди, саломатлик масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторига кирди. “Она ва бола” скрининг ҳамда перинатал марказларининг ташкил қилиниши эса бир биздагина эмас, МДҲ мамлакатлари орасида ҳам ноёб ҳодиса бўлди.

Скрининг — нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кишилар бошига келиши мумкин бўлган касалликларни эрта аниқлашдир. Мана шу эрта аниқлаш жараёни жуда нозик ва чуқур профессионалликни талаб этади.

Скрининг стратегияси каби самарали усуллар жорий қилингани сабабли мустақиллигимизнинг чорак асри мобайнида оналар ҳамда болалар ўлими уч баравардан кўпроққа камайгани, шубҳасиз, энг катта ютуқларимиздан биридир.

Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугун Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудида тезкор ва профессионал тиббий ёрдам тизими ишлаб турибди. Энг замонавий диагностика ускуналари, шунингдек, жуда қиммат ҳисобланган магнит-ядровий ҳамда магнит-резонанс томографлари кишиларимиз хизматида. Бутун мамлакат бўйлаб перинатал, шошилинч тиббий ёрдам тизими ташкил этилди. Модернизация қилинган ва фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилган бирламчи қишлоқ врачлик пунктларида замонавий тиббий хизмат йўлга қўйилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда халқаро стандартларга жавоб берадиган ихтисослаштирилган шифохоналар ҳамда уларнинг вилоят ва туманлардаги бўлимларида юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ноёб тизими шакллантирилди. Туман ҳамда вилоят даражасидаги соғлиқни сақлаш муассасалари тармоғи оптималлаштирилди, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва малакали кадрлар билан таъминланган ихчам туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли шифохоналари ҳамда поликлиникалари ташкил қилинди.

Яна бир муҳим ўзгариш, бу — мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий мактаблар негизида 10 та ихтисослаштирилган республика тиббий маркази ташкил этилиб, улар хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия, тиббий реабилитация, дерматология ҳамда венерология, физиотерапия, пульманология ва эндокринология каби йўналишларда фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказларда малакали, юксак даражадаги касб тайёргарлигига эга кадрлар замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Республикамизда амалга оширилаётган оналар ҳамда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш миллий модели Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишнинг самарали стратегияларидан бири сифатида дунёда ўз эътирофини топаётганлиги ҳам бежиз эмас.

Шу ўринда айтиш мумкинки, кейинги 5 йил мобайнида нонормал ривожланган болалар туғилиши 1,3 баробар камайди. 6 — 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўткир респиратор вирус инфекциялари билан касалланиш 9,7 фоиз, пневмония билан 49,1 фоиз, бронхит билан 32,8 фоиз, сколиоз билан касалланиш 32,7 фоиз пасайган.

Ҳозирги пайтда Тошкент тиббиёт академияси қаторида Тошкент педиатрия, фармацевтика, врачлар малакасини ошириш институтлари, Самарқанд, Андижон, Бухоро каби шаҳарларда тиббиёт олий ўқув юртлари фаолият кўрсатмоқда. Бундан икки йил муқаддам Президентимиз қарори билан Тошкент давлат стоматология институти ҳам ташкил этилди.

— Биз, шифокорлар беморлар дардига малҳам бўлиш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз, — дейди республика ихтисослаштирилган кардиология маркази бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Набижон Юлдошев. — Лекин зарур шарт-шароит бўлмаса, бирор натижага эришиш қийин. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан марказимизга энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилганлиги биз учун катта кўмак бўлди. Натижада илгари жарроҳлик амалиёти 6-7 соатга чўзилган бўлса, ҳозир мураккаб операцияларни ҳам узоғи билан 2 соатда муваффақиятли тугатаяпмиз.

— Президентимиз ташаббуси билан барпо қилинган замонавий Кардиохирургия мажмуаси бизга дунёдаги энг мураккаб ҳамда ноёб жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказиш имкониятини янада кенгайтиради, — дея фахрланиб гапиради республика ихтисослаштирилган Хирургия маркази бўлим бошлиғи Ҳакимжон Аброров. — Айни пайтда ҳамкасбларимиз биргина кардиохирургия соҳасида юзга яқин турдаги энг қийин ва ўта нозик бўлган операцияларни, хусусан, юрак очилган ҳолда ҳам, у ишлаб турган пайтда сунъий қон айлантириш аппарати уланмасдан ҳам амалга ошираётганлиги, рости, ўзбек тиббиётининг юксак даражада ривожланаётганлигидан далолатдир.

Дарвоқе, шифокорлар яхши билишади, бундай ўта нозик ҳамда қийин амалиётлар фақат энг тараққий этган мамлакатлардагина бажарилиши мумкин. Масалан, биргина беморнинг кўкрак қафасини очмасдан туриб, тиғсиз йўл билан юрак аритмиясидан халос этиш учун ўта юқори технология, қимматбаҳо ускуналар билан жиҳозланган махсус жарроҳлик хонаси ва юқори даражадаги билимга эга малакали мутахассислар талаб қилинади. Энг муҳими, ҳозирги пайтда бу каби юксак мезон ҳамда талабларга асосан ўтказиладиган амалиётлар нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам амалга оширилаётганлиги янада қувонарлидир.

Табиийки, бу мамлакатимиз тиббиёт тизимида олиб борилаётган улкан ишларнинг бир қисми, холос. Қолаверса, тиббиётнинг урология, офтальмология, хирургия, травматология ва ортопедия, онкология, стоматология, эндокринология каби кўплаб йўналишларида ҳаётга татбиқ этилаётган диагностика ҳамда даволашнинг мутлақо янги усул ва услубларини, энг замонавий технология ҳамда техникани ҳаётимизга жорий қилаётган мутахассисларимиз ҳам борки, очиғи, улар эришаётган муваффақиятлар, чиндан-да, ҳайратланарлидир.

Айни пайтда Наманган ва Урганч шаҳарларида юрак клапанларини алмаштириш, туғма ҳамда орттирилган юрак касалликларини операция қилиш, электр -кардиостимулятор имплантацияси, эхокардиография каби даволашнинг янги усуллари йўлга қўйилган. Нукус, Қарши, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Жиззах шаҳарларида юрак ҳолатини узлуксиз мониторинг қилиб бериш амалиёти кенг ўтказилмоқда.

Соҳа ривожи учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Агар 2015 йилда соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга давлат бюджетидан 4,3 триллион сўм йўналтирилган бўлса, жорий йилда давлат бюджетида илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт тармоқларини ўзида мужассамлаштирган ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар 2015 йилда ўзлаштирилган маблағларга нисбатан анча кўпроқ бўлиб, давлат бюджети умумий харажатларининг 59,1 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, истиқлолимизнинг илк йиллариданоқ ҳукуматимизнинг доимий диққат-эътиборида турган яна бир муҳим соҳа — санитария-эпидемиология хизматининг янги босқичга кўтарилиши ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг ажралмас қисмидир.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган, шунингдек, уларнинг саломатлигига хавф соладиган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф қилиш, юқумли ҳамда вирусли касалликларнинг олдини олиш масалаларини тартибга солувчи “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам истиқлолимизнинг илк йилларида, яъни 1992 йилда қабул қилинган эди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу соҳани ислоҳ этишга йўналтирилган 20 дан ортиқ Фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 100 дан зиёд қарорлари ҳамда 300 дан ортиқ идора ҳужжатлари жорий қилинган. Мамлакатимизда санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарасида санитария-эпидемиологик хотиржамлик таъминланиб, карантин ҳамда ўта хавфли вирусларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олди олинди. Айниқса, болалар ўртасида қизамиқ, қизилча, кўкйўтал, дифтерия (бўғма), паротит (тепки) каби юқумли касалликлар сезиларли даражада камайтирилди ёки бутунлай йўқ қилинди. Полиомиелит (шол) касаллигига тўлиқ барҳам берилгани муносабати билан 2004 йили мамлакатимизга Жаҳон соғлиқни сақлаш -ташкилоти томонидан “Полиомиелитдан холи ҳудуд” номли сертификат берилди.

Тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилишдек азим йўналиш мана шундай кўламларга эга эканини, жаҳонаро ўз қадамини тобора дадил ташлаётган Ўзбекистон турли соҳалар билан бир қаторда, буларни ҳам изчил амалга ошира олганини фахр билан айтиш даркор.

Ушбу мақолада фақатгина тиббиёт борасида сўз юритсак-да, аслида, бу ютуқлар бошқа соҳалардаги юксалишлар билан мустаҳкам боғлиқ эканини унутмаслик керак. Мамлакатни саноатлаштириш, бир неча босқичли ишлаб чиқариш тизимига ўтиш тамойиллари барча соҳага татбиқ этилаётганининг ўзиёқ тараққиётимиз кўламини кўрсатиб турибди. Кимё, автомобиль, тоғ-кон, тўқимачилик каби турли тармоқларнинг ривожланиш қамрови ҳаммага аён. Булар замонавий қонунчилик, иқтисодиёт, фан ҳамда таълим тизими билан муштарак экани натижасидир.

Халқ келажаги ва тақдири ҳақида қайғуришдек жонкуярликлар билан ўтган шу йигирма беш йил давомидаги барча жараён юртимиз кишиларининг тафаккур тарзини ўзгартиргани ҳам давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган тараққиёт -тамойилларининг қанчалар ҳаётбахш ҳамда ҳаққоний эканини исботлайди. Кишиларда яратувчанлик, бунёдкорлик тушунчалари пайдо бўлди, турмушимизга замонавий фанлар билан бир қаторда, замонавий ҳаёт тушунчаси ҳам кириб келди. У тушунчалар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Турмушда, ҳаётда рўй берган ижобий ўзгаришларнинг кишилар онгидаги акс садоси сифатида юзага чиқди.

Йигирма беш йил — тарих учун жуда оз фурсат. Бироқ шу давр мобайнида моҳияти асрларга татигулик ишлар амалга оширилди, келажакнинг пойдевори айнан мана шу кунларда қўйилди. Энди гап кишиларимизнинг ўзида, яъни билими, салоҳияти, қобилияти билан она-юртимиз бахту иқболи ва буюк келажагига хизмат қилишдек энг олий саодатга эришишида қолмоқда.

Исажон СУЛТОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn