Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари
  • 07 Июнь 2016

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

Бухоро шаҳрида “Травматология ва ортопедиянинг долзарб муаммолари” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман якунига етди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда мутахассислар, тадқиқотчилар, шифокорлар, шунингдек, бир қатор давлатларнинг травматология ва ортопедия соҳаси бўйича етакчи олимлари қатнашди.

Конференциянинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар кейинги йилларда мамлакатимизда тиббий хизмат сифати юксалиб, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда уларни самарали даволаш имкониятлари тобора кенгайиб бораётгани хусусида сўз юритдилар. Бу травматология ва ортопедия соҳасидаги янгиланишлар мисолида ҳам кўзга яққол ташланади.

— Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар нафақат вилоят, шаҳар, туман марказлари, балки энг чекка ҳамда олис ҳудудларни ҳам бирдек қамраб олаяпти, — дейди Ўзбекистон травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти директори, профессор М. Азизов. — Хусусан, ҳозирги кунда юртимиздаги барча тиббиёт марказида травматология ҳамда ортопедия бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Улар энг илғор ташхис ва муолажа асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Малакали мутахассислар беморларга хизмат кўрсатаётир. Анжуманда шу каби ютуқларимиз, соҳада тўпланган бой тажриба ҳамда тизимнинг долзарб йўналишлари юзасидан фикрлашиб олдик.

Айтиш жоизки, касалликлар профилактикаси, болалар ногиронлигининг олдини олиш, беморларни фаол ҳаётга қайтариш тиббиётнинг асосий вазифаларидан саналади.

— Ушбу тадбир шу нуқтаи назардан биз учун фойдали бўлди, — дейди Фарғона тумани тиббиёт бирлашмаси врач-травматологи Сиддиқжон Обидов. — Кейинги 20 — 25 йил ичида соҳада юз берган ўзгаришларнинг қиёси йўқ. Шу давр мобайнида жойларда қанчадан-қанча шифо масканлари бунёд этилмади, дейсиз? Ўз навбатида, уларда хизмат кўрсатиш сифати дунё андозалари даражасида йўлга қўйилиб, аҳолининг тиббий маданияти ҳам оширилмоқда. Биргина эндопротез воситасини олиб кўринг. Уни чаноқ-сон бўғимларига қўйиш тажрибаси юртимизда кенг қўлланилаяпти. Натижада беморлар тезда оёққа туришмоқда.

— Ўзбекистонга тўртинчи бор келишим, — дейди ҳиндистонлик доктор Инданприт Сингх Оберой. — Ҳар гал бу ерда травматология ва ортопедия йўналишида катта ўзгаришлар юз бераётганига, юқори технологиялар кенг татбиқ этилаётганига гувоҳ бўламан. Конференцияда кўплаб давлатлардан ташриф буюрган ҳамкасбларимни учратдим. Тажриба алмашдик. Фикрлашдик. Илмий кузатишларимиз натижаларини ўзаро баҳам кўрдик. Буларнинг барчаси юртингизда тиббий хизмат даражасини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим омил бўлади, деб ўйлайман.

Икки кун давом этган анжуманда травматология ҳамда ортопедияда диагностика, ташхис қўйишнинг замонавий технологияларига оид маърузалар тингланиб, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn