Аҳоли саломатлиги ислоҳотларнинг устувор мақсадидир
  • 02 Июнь 2016

Аҳоли саломатлиги ислоҳотларнинг устувор мақсадидир

Мамлакатимизда олиб борилаётган ҳар бир эзгу саъй-ҳаракат “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” деган улуғвор мақсадга қаратилаётганлиги туфайли янада аҳамиятлидир. Бу бежиз эмас. Чиндан ҳам, янгиланишларнинг туб мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчаси шу муқаддас Ватанда азиз саналган инсон учун эканлиги яққол намоён бўлади. 

Бу ўринда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, бугун аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни янада кучайтириш, ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, ёш оналар ва болаларни талаб даражасида парвариш қилиш, уларнинг овқат рациони, сифати ва калорияси каби муҳим саналган масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мазкур устувор вазифаларни бажаришда мунтазам ўтказилаётган тиббий кўриклар, ижтимоий акцияларнинг аҳамияти тобора ошиб бораётир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги олдидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остидаги саломатлик ҳафталиги ҳам ана шу эзгу мақсадларга қаратилгани билан каттаю кичикка чексиз фахр ҳамда қувонч улашаяпти.

Қайд этиш керакки, ушбу хайрли тадбир туфайли кўпчиликнинг узоғи яқин бўлмоқда. Табиийки, мамлакатимиз пойтахтидан малакали шифокорларнинг чекка ҳудудларга бориб, у ерларда истиқомат қилувчи аҳолининг аҳволидан хабар олиши, саломатлиги билан қизиқиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Шу боис ҳам, навбатдаги ҳафталикнинг қамрови янада кенгайди:  ишлаб чиқилган режага мувофиқ, жарроҳ, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог,  дерматовенеролог каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказади.

— Истиқлолнинг илк йиллариданоқ Президентимиз инсон ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласига энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратганлари ўзининг юксак натижаларини бермоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Умида Комилова. — Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқлар бугун халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилаяпти.

Бу бежиз эмас. Чунки ўтган йиллар давомида соҳада илғор шакл ва услублар амалиётга жорий қилинди. Жойларда бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ҳамда замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари фаолияти йўлга қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ташкил этилгани эса тизимга замонавий технологияларни татбиқ қилиш, тиббий хизмат кўламини янада кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш имконини бермоқда.

Юртимизда яратилган миллий моделнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, бизда энг чекка аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларга ҳам худди шаҳарлардаги каби малакали тиббий ёрдам кўрсатилади. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган саломатлик ҳафталиклари бунга бир мисолдир. Ушбу ижтимоий акцияда марказимизнинг энг -тажрибали мутахассислари қатнашаяпти. 

Айтиш жоизки, соғлиқни сақлаш тизимида ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Оналик ва болаликни муҳофаза этишнинг ўзига хос миллий модели шакллантирилди. Давлатимиз раҳбарининг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори фарзандларимизнинг жисмоний ҳамда маънавий камолотини таъминлаш, эл саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Мамлакатимизда замонавий шифо масканларини бунёд этиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган дастлабки босқичдаги чора-тадбирлар туфайли аҳоли саломатлигини янада яхшилашга эришилган бўлса, энди асосий эътибор касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтиришга қаратилмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида бошланган навбатдаги ҳафталикдан кўзланган мақсад ҳам ана шундан иборат. Тадбир давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда мустаҳкам оила қуришга интилишни кучайтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилади. Шунингдек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг мақсад ҳамда вазифалари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар, қариндошлар ўртасидаги ҳамда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари каби мавзуларда мулоқотлар уюштириш кўзда -тутилган.

...Мазкур ҳафталик доирасида Тошкент вилоятида ҳам бир қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Биз Чиноз туманида уюштирилган саломатлик ҳафталигида иштирок этдик. Тумандаги кўп тармоқли поликлиникада хотин-қизлар, онахонлар, отахонлар, ёш болали аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Туманимизда 130 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди Чиноз тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бўстоной Бабанова. — Уларнинг ҳар бири шифокорларимизнинг эътиборида, назоратида. Қолаверса, оилаларга мутахассисларнинг бириктирилганлиги ҳам аҳоли саломатлигидан мунтазам хабардор бўлиб туришимизга имкон бермоқда. Бу галги кўрикларга Янгийўл ва Қуйи Чирчиқ туманлари аҳолиси ҳам жалб этилган. Саломатлик ҳафталиги доирасида ўтказилаётган тадбирлардан юртдошларимиз жуда мамнун. Буни шифокорлар кўригида бўлган турли ёшдаги -фуқароларнинг самимий дил изҳорларидан ҳам англаш мумкин.

Шу куни тиббиёт муассасасига келаётган одамлар юз-кўзидаги шукроналикни кўриб, яратилаётган бундай имкониятлар аҳоли кайфиятини янада кўтариб юборганлигини ҳис этиш қийин эмасди. Тиббий текширувлар замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюромобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратлари воситасида ўтказилаётир. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланаяпти. Жумладан, аҳолининг амбулатор шароитда, туман, вилоят шифохоналари ҳамда республика даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши назоратга олинмоқда.

— Тинч, дориламон кунларга етказганига шукр, — дейди мазкур туманда яшовчи 78 ёшли Маҳфуза ая Давронова. — Қаранг, юртимизнинг ҳар бир гўшаси тобора кўркам қиёфа касб этаётир. Бири-биридан замонавий бинолар қад ростлаяпти. Буларнинг барчаси истиқлол неъматидир. Ана шундай дамларда бизнинг соғлиғимиз ҳақида қайғуришлари руҳимизни кўтаради. Мана, бугун пойтахтдан келган мутахассислар қабулида бўлдим. Кардиолог, невропатолог, терапевт каби мутахассислар энг замонавий технологиялар ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказишди. Жиддий касаллигим йўқлигини эшитиб, хурсанд бўлдим. Шифокорлар саломатлигимни янада мустаҳкамлашим учун нималарга эътибор қаратишим кераклиги хусусида ҳам ўз тавсияларини беришди. Уларга қатъий амал қиламан. Бизга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун -Президентимиздан миннатдормиз.

Чиноз кўп тармоқли марказий поликлиникаси 2014 йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, бу мажмуа янги бунёд этилган. Мазкур маскан юқори технологияларга асосланган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

— Она учун фарзандининг соғломлигидан ортиқ бахт йўқ, — дейди шу ерлик Чарос -Йўлдошева. — Давлатимиз томонидан оналар ва болаларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик ҳамда эътибордан хурсандмиз. Бугун тиббий кўрикка беш ойлик ўғлим -Муҳаммаджонни олиб келдим. Шифокорлар бир зумда саломатлигимизни текширишди, тегишли муолажалар, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беришди. Ўзимнинг ҳам, фарзандимнинг ҳам саломатлиги яхши эканлигини эшитиб, кўнглим хотиржам бўлди. 

Яна бир гап. Бундай кенг қамровли тадбирларда вилоят ҳамда туман соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари пойтахтдан келган малакали шифокорлар билан ёнма-ён иштирок этаётгани уларнинг тажриба орттириши, соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиши, ўзаро фикр алмашиши учун ҳам яхши имкониятдир.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остидаги саломатлик ҳафталиги мамлакатимизнинг барча ҳудудида давом этмоқда.

Фурқат САНАЕВ,

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn