Аҳоли саломатлиги муҳофазаси
  • 28 Май 2016

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси

мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишидир

Кеча пойтахтимизда “Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил қилишнинг долзарб муаммолари: қон томир тизимининг ўткир касалликлари диагностикаси, даволаш ва профилактика масалалари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Жанубий Корея, Япония, Швейцария, Италия, Россия, Финляндия, Германия каби йигирмага яқин давлатлар ҳамда мамлакатимиздан уч юздан зиёд олим, шифокор ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Ушбу анжуман шошилинч тиббий ёрдам йўналишидаги кенг кўламли ишларни таҳлил қилиш, ўзаро тажриба алмашиш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишда илғор ютуқлардан, ташхислаш ҳамда даволаш жараёнида юқори технологик услублардан кенгроқ фойдаланиш масалаларини муҳокама этиш мақсадида ташкил қилинди.

Меҳмонлар республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараларини юксак эътироф этдилар. Хусусан, улар таъкидлаганидек, Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, таълим соҳасини тубдан яхшилаш ва ривожлантириш, атроф-муҳит ҳамда экологияни асраб-авайлашга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда. Буларнинг барчаси жаҳонда “ўзбек модели” сифатида тан олинган миллий тараққиёт йўли асосида ҳаётга татбиқ қилинаётир.

— Ҳозирги кунда энг юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари, уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати муассасаларида мутлақо янгича, ўзига хос тизим фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директорининг педиатрия ишлари бўйича ўринбосари Ҳилола Алимова. — Ушбу марказлашган тизим асосида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жойлардаги 12 та минтақавий филиали, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари қошидаги 172 та субфилиали фаолият кўрсатаяпти. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча ҳудудида “103” хизмати станциялари, тез тиббий ёрдам гуруҳлари ҳамда санавиация хизмати йўлга қўйилган. Тез тиббий хизмат кўламини янада кенгайтириш мақсадида мазкур тизим замонавий махсус транспорт воситалари билан таъминланди ва олис ҳудудларга илғор алоқа -воситалари етказиб берилди.

Анжуман давомида юртимиз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими ҳақида тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берилди. Қолаверса, хорижлик мутахассислар, малакали экспертлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида аҳоли саломатлиги учун яратилаётган барча жараён билан яқиндан танишдилар.

— Мамлакатингизда шошилинч тиббий ёрдам хизматининг жорий этилгани соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим ютуқлардан биридир, — дейди швейцариялик профессор, “Евроосиё юраги” хайрия фонди президенти жаноб Пол Р. Вогт. — Конференция давомида тиббий хизмат жаҳон андозалари даражасига кўтарилгани, шифохоналарда замонавий шароитлар яратилганига амин бўлдик. Бу инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган улкан ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда мамлакатимиз шошилинч тиббий ёрдам хизмати стационарлари 8324 ўринга эга. Йил сайин аҳолининг ушбу тизимга ишончи ортиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир. Ҳар йили марказ ва унинг ҳудудий бўлимларида икки миллиондан ортиқ беморга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади, 200 мингдан зиёд мураккаб операциялар ўтказилади.

Марказда юқори технологик ташхис ускуналари ёрдамида ультратовуш, рентген, мультислайс компьютер томографияси, фиброэндоскопия, бронхоскопия, колоноскопия, артериография, краниоскопия сингари, шунингдек, барча турдаги таҳлилий муолажалар олиб борилади. Бу каби тиббий таҳлиллар натижасига кўра, эндовидеохирургик, нейрохирургик, кардиологик, микрохирургик, пластик, гинекологик ва бошқа мураккаб жарроҳлик усуллари амалга оширилаяпти.

Халқаро конференцияда юрак-қон томир хасталиклари билан касалланиш ҳамда ўлим кўрсаткичини камайтиришнинг стратегик вазифалари, мазкур хасталикларнинг турли клиник шаклларини ташхислаш ва муолажанинг долзарб муаммолари, артериал гипертония, сурункали юрак етишмовчилигини даволашнинг илғор усулларига оид масалалар хусусида сўз борди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кардиологик хизматнинг бугунги аҳволи ҳамда истиқболларига бағишланган маърузалар тингланди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn