Касбий билим ва масъулият
  • 24 Май 2016

Касбий билим ва масъулият

Пойтахтимизда Ўзбекистон врачлар ассоциацияси кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ассоциациянинг ҳудудий бўлимлари раислари, тегишли вазирликлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон врачлар ассоциацияси раиси А. Худойбергенов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасини янада равнақ топтириш, шифо масканлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, баркамол авлодни вояга етказиш борасида эришилаётган ютуқлар бунинг ёрқин далилидир.

Ассоциациянинг халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора фаоллашаётгани диққатга сазовор. Унинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларга аъзолиги ахборот тизимини жорий қилиш, касаллик тарихи ҳамда амбулатор карталарнинг электрон версиясини юритиш, фавқулодда вазиятларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш каби қатор долзарб масалаларни ҳал этишда зарур тавсияларни ўз вақтида тиббиёт муассасаларига етказиш имконини бераётир. Бунда масофадан ўқитиш дастурларидан самарали фойдаланилаяпти.

Юртимизда фаолият юритаётган ҚВПлардаги врачларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш муҳим вазифалар сирасига киради. Ассоциация томонидан таъсис этилган “Ўзбекистон умумий амалиёт шифокорлари ахборотномаси” ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Йиғилишда Соғлом она ва бола йилида Ўзбекистон врачлар ассоциацияси олдида турган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, бунда тиббиёт муассасалари ҳамда жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш -борасидаги масалалар муҳокама этилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn