Меҳр — шифо, эътибор — малҳам
  • 14 Май 2016

Меҳр — шифо, эътибор — малҳам

Шифокор учун ундан даво топган беморнинг миннатдорлик сўзларини эшитишдан ортиқ мукофот бўлмаса керак. Шукрки, фаолиятимиз давомида бундай қувончли онлар кўп учрайди. Айниқса, ҳудудимизда яшаётган ҳар бир онанинг фарзандини эсон-омон дунёга келтирганлиги тўғрисидаги хабар қувончимизга қувонч қўшади.  

Она ва бола туғуруқхонадан  чиққан куниёқ уларнинг уйига ошиқамиз. Нега десангиз, шу кундан бошлаб  чақалоқ бизнинг доимий тиббий назоратимизда бўлади. Тезда “Боланинг ривожланиш тарихи” деган дафтар тутамиз. Унга чақалоқнинг ўсиши ва соғлиғи ҳамда эмлашлар билан боғлиқ барча маълумотни қайд этиб борамиз. 

Аслида, бола соғломлигига қаратилган бу жараён туғуруқдан анча аввал бошланади. Яъни ҳудудимизда фертиль ёшидаги аёллар учун ҳар йили чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилади. Албатта, мазкур даволаш--профилактика тадбири ҳам оналаримизни ҳомиладорлик даврига соғлом қилиб тайёрлашга қаратилган. Айни чоғда, туғилажак бола бир ойлик ҳомилалигидаёқ шифокорлар назоратига олинади. Шунинг баробарида, онанинг саломатлиги ҳам доимий эътиборимизда бўлади.

Шу ўринда айтиш лозимки, қишлоқ врачлик пунктимизда аҳоли, хусусан, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича барча зарур шароит яратилган. Сўнгги йилларда “Саломатлик — 3” лойиҳасига биноан замонавий тиббий ускуналарга эга бўлдик. Шунингдек, лаборатория, физиотерапия, кундузги стационаримиз мавжуд.

Жорий, яъни Соғлом она ва бола йили учун алоҳида иш режаси белгилаб олганмиз. Ундаги энг асосий вазифа профилактик тадбирларни кучайтиришдан иборат. Бунда, аввало, тиббий кўрикларни янада самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктлари юртимиз тиббиёт соҳасининг қуйи ҳамда айни пайтда, аҳоли саломатлигини сақлашдаги энг муҳим бўғини  сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Қувонарлиси, бири-биридан кўркам ва замонавий шароитларга эга бу даволаш муассасалари халқимизнинг баркамол авлодни вояга -етказишдек эзгу ниятини рўёбга чиқаришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

 Феруза ҚОСИМОВА,

Мирзаобод туманидаги «Наврўз» қишлоқ врачлик пункти мудираси, «Шуҳрат» медали соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn