Фармацевтика саноати: Замонавий менежмент, илғор лойиҳалар
  • 13 Май 2016

Фармацевтика саноати: Замонавий менежмент, илғор лойиҳалар

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Аҳолини сифатли дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондириш борасидаги устувор вазифалар, юртимизда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар ҳамда фармацевтика -маҳсулотлари сифатини назорат қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзуида анжуман ўтказилди.

Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш ҳамда  тиббий воситаларни етказиш тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини қайд этишди.

Ушбу соҳани тараққий топтириш, тартибга солишда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 4 январь куни Президентимиз томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинган янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонун мазкур жабҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Маълумотларга кўра, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида республикамизда атиги иккита корхона томонидан 20 га яқин дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 125 та фармацевтика корхонаси фаолият юритаётир. Уларда тайёрланаётган 1753 номдаги дори воситалари тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилиб, давлат рўйхатига олинган. Ушбу корхоналарнинг ўттизтадан кўпроғида халқаро сифатни бошқариш тизими — ISO 9001 ва GMP сертификатлари жорий қилингани маҳсулот сифатини ошириш ва экспортни ривожлантиришда муҳим омил бўлаяпти.

Юртимизда фармацевтика илм-фани ҳам кундан-кунга тараққий этмоқда. Кейинги йилларда олиб борилган изчил илмий изланишлар натижасида маҳаллий хом ашё ҳамда доривор ўсимликлардан ўттизга яқин дори воситалари яратилди ва маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқаришга татбиқ қилинди.

Анжуманда фармацевтика саноатини ривожлантириш, маҳаллий саноат корхоналарига халқаро сифатни бошқариш тизимини изчил жорий этиш, аҳолини дори-дармон билан таъминлаш, сифатсиз ҳамда қалбаки маҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифалар хусусида сўз юритилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn