Кардиологлар тажриба алмашди
  • 21 Апрель 2016

Кардиологлар тажриба алмашди

Наманганда “Кардиология ва кардиохирургиянинг долзарб масалалари” мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг етакчи олимлари, вилоятлардаги шу соҳага ихтисослашган шифокорлар қатнашди.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз тиббиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида кардиология соҳаси ҳам жадал ривожланиб бораётир. Буни, жумладан, юрак хасталикларига аниқ ташхис қўйиш, уни даволаш ишлари жаҳон андозалари даражасига кўтарилиб бораётганида яққол кўриш мумкин. Эътиборлиси, эндиликда мазкур йўналишдаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари нафақат пойтахт, балки жойлардаги ихтисослаштирилган марказларда ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда. Намангандаги ана шундай муассасада бундан ўн йил аввал очиқ артериал протокни боғлаш ва тикиш, юрак туғма нуқсони бўйича фалло триадаси ҳамда тетрадасининг радикал коррекцияси, ундан сўнг аорта  коронар  шунтлаш операциялари бажарилган эди. Ўтган даврда марказ имкониятлари янада кенгайиб, мутахассислар тажрибаси ортди.

— Наманганда барча қулайликка эга кардиология маркази ташкил этилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани беморлар ўртасида юрак хасталигини аниқ ташхислаш, уни даволаш, хусусан, жарроҳлик амалиётларини ташкил этишнинг кенг имкониятларини юзага келтирди, — дейди академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия маркази директорининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржамол Зуфаров. — Хусусан, авваллари Тошкент шаҳрида ёки хорижда амалга оширилган мураккаб операциялар эндиликда наманганлик кардиожарроҳлар томонидан шу ернинг ўзида бажарилмоқда.

Конференцияда республикамизнинг бир қатор таниқли олимлари, тажрибали врачларнинг маърузалари тингланиб, маҳорат сабоқлари ташкил этилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn