Бебаҳо бойлик қадри
  • 07 Апрель 2016

Бебаҳо бойлик қадри

“Соғлом авлодни тарбиялаш — буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”.

Давлатимиз раҳбарининг 1994 йил 2 май куни Ўзбекистоннинг илк мукофоти — -“Соғлом авлод учун” орденини топшириш маросимида айтган ушбу сўзлари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни маънавий ҳамда жисмоний жиҳатдан етук этиб тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришда асосий йўналишни белгилаб берди. 

Жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб номланганлигидан кўзланган асосий мақсад “Она ҳамда бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни янада теран қарор топтиришдан иборатдир.

Чунончи “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ҳамда фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ҳамда меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга алоҳида урғу берилган. Шунингдек, тиббиёт ходимлари масъулиятини ошириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш, поликлиникаларни замонавий ташхис қўйиш ускуналари билан жиҳозлаш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш, аҳоли ўртасида мустаҳкам оила қуриш ҳамда соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини тушунтириш борасида кенг кўламли тарғибот ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Маълумки, ҳар йили 7 апрель Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан  “Халқаро саломатлик куни” сифатида нишонланади. Бунда барча тадбирлар дунё халқлари олдида долзарб бўлиб турган ва ўз ечимини кутаётган маълум бир касалликнинг олдини олишга бағишланади. Шу маънода, жорий йилда ушбу сана “Диабетни енгамиз!” шиори остида ўтказилиши режалаштирилган. Негаки, бугунги кунда халқаро миқёсда диабетга чалинганлар сони кўпайиб бормоқда.  Маълумотларга кўра, мазкур касаллик йилига 5 — 7 фоиз ўсиши кузатилаяпти. Диабет хавфлилик даражаси юқори бўлган хасталиклар турига киради, юрак-қон томир, буйрак етишмовчилиги касалликларини келтириб чиқаради. У аҳолининг барча ёш қатлами орасида учрайди. Бу семириш ҳамда ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, жисмоний фаолликнинг камайиши билан боғлиқ, деб ҳисобланади. Хасталикнинг икки тури мавжуд. Унинг белгилари чанқаш, мадорсизлик, -асабийлик, тана вазнининг камайиши (одатда, қандли диабетнинг биринчи турида яққол кузатилади), кўнгил айниши (баъзан қайт қилиш), кўриш қобилиятининг бузилиши билан намоён бўлади. Қандли диабетнинг иккинчи турида эса айни шу белгилар узоқ вақт -кузатилмаслиги мумкин.      

Мамлакатимизда қандли диабет ва бошқа эндокрин хасталикларнинг олдини олиш ҳамда даволаш учун барча шарт-шароит мавжуд. Чунончи, республикамизда 14 та эндокринологик диспансер, 488 та эндокринологик хона, шу жумладан, болалар учун 165 та махсус хона ташкил этилган. 

Ҳозирги кунда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида қандли диабетдан азият чекаётган беморларни халқаро талабларга жавоб берадиган юқори технологияли инсулинли помпалар орқали даволашни жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мақсад, ушбу хасталикка қарши самарали курашишдир.  

Халқимизда: “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул”, деган гап бор. Бунинг учун шифокор маслаҳатига амал қилган ҳолда, ўз саломатлигингизга эътиборли бўлсангиз,  кифоя. Зеро, соғлом бўлиш узоқ умр кафолатидир.

Зулхумор МУТАЛОВА,

Республика Саломатлик ва тиббий статистика 

институти директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn