Тезкор ва малакали тиббий хизмат
  • 29 Март 2016

Тезкор ва малакали тиббий хизмат

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Пировардида республикамизнинг энг олис ҳудудларида ҳам замонавий шарт-шароитлар асосида тиббиёт муассасалари бунёд этилиб, улар зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Соғлом она ва бола йилида эса тиббий хизмат сифатини оширишга янада жиддий эътибор қаратилаётир. 

Таъкидлаш жоизки, юртимизда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишда шошилинч ёрдам тизими алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда энг юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари ҳамда уларнинг шаҳар ва туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати бўлимларида  мутлақо янгича тизим шакллантирилди. 

Ушбу тизим асосида ҳозирги пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг жойлардаги 13 та минтақавий филиали, шунингдек, республикамиз туман ва шаҳарларида унинг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 602 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил қилиниб, уларда 1580 та тез тиббий ёрдам бригадаси -фаолият юритиб келаётир. Пойтахт аҳолисига эса ушбу йўналишда хизмат кўрсатиш учун битта марказий станция ва 12 та тумандаги шохобчаларда 138 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият кўрсатмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 21 майдаги “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2009 — 2015 йиллар мобайнида тез тиббий ёрдам хизмат автопарки 856 та ихтисослаштирилган автомашина билан тўлдирилди. Шулардан 110 таси “Hyundai” реанимобили (ЭКГ, дефибриллятор ва электросўрғич аппаратлари билан жиҳозланган), 719 таси “Дамас” махсус автомашинаси ҳамда 27 таси реанимобил бўлиб, тез тиббий ёрдам тизимини махсус автотранспорт билан таъминлаш даражаси 78 фоиздан 92,8 фоизгача оширилди ва уларнинг сони қарийб 2000 га етди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам станциясининг марказий диспетчерлигида автоматик бошқарув тизими йўлга қўйилди.

Яна бир жиҳат, ушбу тизимда фаолият юритаётган соҳа вакилларини ҳар томонлама рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2010 йилдан буён мамлакатимиз тез тиббий ёрдам тизими ходимлари ўртасида махсус кўрик-танлов ўтказиб келинаётир.

Бундан кўзланган мақсад, соҳа мутахассислари меҳнатини қўллаб-қувватлаш баробарида, уларнинг билим ва малакасини ошириб боришдан иборатдир. 

Қайд этиш жоизки, ушбу танловнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасидаги бу йилги босқичи ҳам қизғин кечди. Куни кеча Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида унинг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов, Жаҳон соғ-лиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Ў. Гўзалов ва бошқалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббий хизматни замон талаблари даражасига олиб чиқишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 

Якуний натижаларга кўра, Наманган вилояти, Норин тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими “Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди ва бош соврин — “Дамас” автоамбуланси билан тақдирланди. 

— Касбимиз масъулиятли, айни пайтда шарафлидир, — дейди ушбу тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими мудири Юлдузхон Худойбердиева. — Меҳнатларимиз юксак қадрланаётганидан беҳад миннатдормиз. Мазкур кўрикда жамоамизнинг бош соврин билан тақдирлангани зиммамиздаги масъулиятни янада оширади.

Шунингдек, “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори” номинациясида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам станцияси шифокори Шуҳратжон Сирожиддинов муваффақият қозонди. -Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси автохўжалиги ҳайдовчиси Жўрақул Хўжаназаров эса “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг интизомли ҳайдовчиси” номинацияси бўйича эътироф этилди. Қолаверса, танловнинг мазкур номинацияларида иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳам аниқланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.

— Тез тиббий ёрдам ўз номи билан тезкорлик ҳамда билимдонликни талаб этади, — дейди малакали шифокор Ш. Сирожиддинов. — Бугунги кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритган эканман, аввало, касбимнинг сир-синоатлари қанчалик чуқур эканлигини янада англаб етдим. Чақирувларга борганимизда кўпинча оғир ҳолатни бошидан кечираётган беморларга тез ёрдам кўрсатишга тўғри келади. Шу жараёнда мутахассиснинг билими, тажрибаси, энг муҳими, муомала маданияти асосий ўрин тутади. Албатта, ана шундай фазилатларни иш жараёнида намоён этиш асосий вазифамиз.

Танлов ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси  Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Фурқат САНАЕВ,

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дастур ижроси — амалда Табиий ва шифобахш »