Соғлом турмуш тарзи — саломатлик кафолати
  • 24 Март 2016

Соғлом турмуш тарзи — саломатлик кафолати

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Айниқса, ижтимоий хавфлилик даражаси юқори бўлган кўплаб касалликларнинг олди олиниб, эпидемиологик барқарорликка эришилаяпти.
Бинобарин, тиббиёт тизимини модернизациялаш жараёнида фтизиатрия ва пульмонология хизматини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳоли саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлаётир. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг
2011 йил 5 мартдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори доирасида мазкур йўналишдаги муассасаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Жаҳон тиббиётининг илғор усуллари ва воситаларидан самарали фойдаланиш натижасида  республикада сил ҳолати бўйича асосий кўрсаткичлар кескин камайди.
Маълумки, сил ижтимоий хавфи юқори хасталиклар тоифасига киради. Бу дардга чалинганлар узоқ муддатли тиббий-ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезади. Мамлакатимизда бундай беморлар давлат муҳофазасига олинган, уларга барча тиббий хизмат бепул кўрсатилиб,  дори-дармонлар текин берилади. Ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар самарасида юртимизда сил бўйича эпидемиологик вазият яхши сақланмоқда. Тиббий текширувларнинг бактериологик асосда ташкил этилаётганлиги хасталикни эрта аниқлаш ва халқаро стандартлар асосида даволаш имконини бермоқда. Сил профилактикаси бўйича чақалоқларни ушбу касалликка қарши эмлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юқумли хасталиклар, хусусан,  силга қарши кураш диспансерларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шифокорларнинг малака ва маҳоратини юксалтириш, диагностика ҳамда даволаш амалиётига жаҳон тиббиётининг янги технологияларини жорий этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, жойларда ушбу касалликни барвақт аниқлаш бўйича махсус лабораториялар ташкил қилиниб, улар замонавий тиббий таҳлил воситалари билан тўлиқ жиҳозланди.
Ўз навбатида, тиббиёт маркази мутахассислари силга қарши курашнинг илғор усуллари ва жарроҳлик амалиёти бўйича АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Малайзия, Нидерландия сингари давлатларнинг нуфузли клиникаларидаги ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиб келмоқда.
Бугунги замонавий тиббиёт сил, яъни туберкулёз хасталигининг бедаво дард эмаслигини исботлади. Ушбу касаллик билан оғриганлар шифокор назоратида бўлиб, ўз вақтида даволаниши тавсия этилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, Ер юзида 1995 йилдан буён дунё бўйича 51 миллиондан ортиқ инсон бу хасталикдан самарали даволанган. Ушбу ташкилот томонидан кўрсатилган беморларни назорат остида даволаш стратегиясининг қўлланилиши натижасида 20 миллиондан зиёд кишининг ҳаёти сақлаб қолинган.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, силга қарши профилактика ва иммунизация ишлари изчил йўлга қўйилган. Бу жараёнда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш, мутахассисларнинг касб малакаси ҳамда маҳоратини, аҳолининг тиббий саводхонлигини юксалтириш ишлари доимий эътиборда бўлмоқда. Бу йил “Биргаликда сил касаллигига барҳам берамиз!” шиори остида фаолият олиб борилаётгани яхши самара бермоқда. Зеро, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ҳамда мунтазам спорт билан шуғулланиш эса ҳар қандай хасталикнинг олдини олишнинг энг мақбул йўлидир.

Наргиза ПАРПИЕВА,
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn