Инсон манфаатлари — олий қадрият
  • 18 Март 2016

Инсон манфаатлари — олий қадрият

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ҳудудлардаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида патронаж ойлиги ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 1 апрелига қадар давом этадиган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад тиббий-профилактика ишларини янада такомиллаштириш, фертил ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар ҳолидан хабар олиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни кенгайтиришдир.

Мазкур ойликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларининг 17000 нафардан зиёд патронаж ҳамшираси, 7000 нафарга яқин умумий амалиёт врачлари фаол қатнашаяпти. 

Айтиш керакки, мамлакатимизда аҳолини тиббий патронаж ёрдами билан қамраб олиш бўйича замонавий тизим яратилган. Ўтган давр мобайнида уч мингга яқин қишлоқ врачлик пункти, уч юз етмишдан зиёд оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар ташкил этилиб, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Ушбу бирламчи тиббий-санитария бўғинида кўрикларни ўтказишда жаҳон тиббиётининг энг сўнгги технологияларини жорий қилиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилди.

Тиббий патронаж ёрдамини амалга оширишда эса малакали шифокорларнинг ўрни беқиёс. Бу борадаги ишларни ташкиллаштиришда илғор давлатларнинг тажрибалари чуқур ўрганилди ҳамда миллий менталитетимиздан келиб чиқиб, мутахассислар тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашнинг замонавий тизими шакллантирилди. 

Таъкидлаш зарурки, юртимизда 2014 йилда патронаж ҳамширалар фаолиятини рейтинг баҳолаш услубини жорий этиш бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрдаги “Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида рейтинг баҳолаш тартиби тасдиқланди. Жорий йилдан бошлаб эса бу амалиёт барча бирламчи тиббиёт муассасалари фаолиятига татбиқ этилди. 

— Патронаж ҳамшираси шундай мутахассиски, у нафақат ўзига бириктирилган хонадон аъзоларининг тиббий саломатлиги билан боғлиқ аҳвол, балки оиланинг руҳий, ижтимоий ҳолатидан ҳам хабардор бўлиб туради, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Рихси Солихўжаева. — Негаки, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш бир қанча омилларга боғлиқки, бунда оилада тиббий маданият даражаси, турмуш тарзи, психологик, ижтимоий, иқтисодий муҳит, гигиена, айниқса, аҳолининг турмуш тарзи ва бошқа шунга ўхшаш кўплаб масалалар соғлом ҳамда узоқ умр кечиришни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Дарҳақиқат, инсон саломатлигини, навқирон авлод келажагини ўйлаб амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар фарзандларимизнинг жисмоний камолотида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Масалан, Ўзбекистонда бўй кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келадиган 14 ёшли ўғил болаларнинг улуши бугунги кунда мамлакатимиз бўйича 94,2 фоизни ташкил этаётир. Умуман, 14 ёшдаги ўғил-қизларимизнинг бўйи кейинги ўн йилда ўртача 2,8 сантиметрга ўсганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Пойтахтимизда ҳам патронаж ойлиги қизғин давом этаяпти. Ушбу жараён билан яқиндан танишиш мақсадида Юнусобод туманидаги 51-оилавий поликлиникада бўлдик. Масканда 18 умумий амалиёт шифокори, 34 патронаж ҳамшира ва ўнга яқин йўналиш бўйича малакали мутахассислар аҳоли саломатлиги йўлида фаол иш олиб бормоқда.

— Патронаж ҳамшираси ўз сумкасига эга. Унда тонометр, фонендоскоп, чақалоқлар тарозиси, ҳомиладорлар учун асбоб-ускуналар мавжуд, — дейди поликлиника бош шифокори Гўзал Қодирова. — Патронаж ойлиги доирасида шифокор ва ҳамшираларимиз хонадонларга ташриф буюриб, оилаларнинг ҳар бир аъзоси билан яқиндан суҳбатлашиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишаяпти. Бундан ташқари, 1-шаҳар шифохонаси, Тошкент шаҳар онкология ва силга қарши кураш диспансерлари тиббий ходимлари ҳам ҳамшираларимизга кўмак беришмоқда. Муҳими, бундай ғамхўрликдан аҳоли жуда мамнун.

Ҳабиба Каримжонова — ушбу поликлиниканинг патронаж ҳамшираларидан бири. У ўтган йили 2-Республика тиббиёт коллежини имтиёзли диплом билан тамомлади. Ёш ходимнинг кун тартибида Уста Ширин номли маҳалладаги аҳоли уйларидан хабар олиш белгиланган экан.

— Ҳар куни камида 6 та хонадонга кириб, оилалардаги тиббий-ижтимоий ҳолатни ўрганаман, — дейди Ҳ. Каримжонова. — Айтиш мумкинки, бундай чора-тадбирлар туфайли яхши натижаларга эришаяпмиз. Ҳудудимизда охирги икки йилда қизларни эрта турмушга узатиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, туғма аномалиялар ва ногиронлик, юқумли касалликларга чалиниш ҳолатлари қайд этилмади. Ҳафталик режамизга мувофиқ, бўлажак оналар яшаётган хонадонларга борганимизда, уларнинг ҳолатини атрофлича ўрганамиз. Агар ҳомиладор аёлнинг соғлиғидан қандайдир шикояти бўлса, дарҳол поликлиникага келиб, мутахассис кўригидан ўтишини маслаҳат берамиз. Бундан ташқари, фарзанд кутаётган аёлларга асабни асраш, юқумли касалликлардан ҳимояланиш, кўпроқ ҳаракатда бўлиш кераклиги уқтирилиб, енгил гимнастика машқлари ўргатилади.

Мазкур ҳудудда турли мевали ҳамда манзарали дарахтлар кўп экилгани диққатимизни тортди.

— Ҳовлида қанча кўп дарахту майса бўлса, шунча яхши, — дейди патронаж ҳамшираси. — Нега десангиз, кўкаламзор ерда ҳаво тоза, кислород мўл бўлади. Уларга тўйинган организмнинг иммун тизими фаол ишлайди. Демак, бундай хонадонни кўпгина касалликлар четлаб ўтиши аниқ. Айниқса, ёш болаларни мусаффо муҳитга сайр учун тез-тез олиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Ана шунда улар тиниқиб ухлайди, соғлом ўсади.  

Куннинг иккинчи ярмида поликлиника шифокори, педиатр Рушана Сайфуддинова билан унга бириктирилган хонадонларга бордик. Биз илк ташриф буюрган уйда унинг бекаси Наргиза Алиева кутиб олди.

— Бир фарзандим бор, — дейди у. — Яқинда уч ойлик бўлди. Болани парваришлаш, тўғри эмизиш, касалланиб қолса, қандай йўл тутиш керак — буларнинг кўпини патронаж ҳамширамиз тушунтирди. Мисол учун, эмизикли аёл кунига 4-5 литргача суюқлик ичиши лозимлигини шу пайтгача билмасдим. Оғзим қуришиб, кўп ҳолсизланишимни айтганимда, ҳамшира шундай маслаҳат берди. Ҳозир бардамман, қизчам ҳам кундан-кун кучга тўлиб бораяпти!

Навбатдаги хонадон кўриги. Эшик тугмасини босишимиз билан:    

— Ойи, Рушана опам келди! — дея бир болакай пешвоз чиқди. 

— Салом, Азизжон, қалайсан? Мактабга бориб келдингми? Ёмон баҳо олмаяпсанми, энди?

— Йў-ўқ, энди мен аълочиман!..

— Бу боланинг онаси мактабдаги сабоқларни яхши ўзлаштира олмаётгани, дарсда уйқусираб ўтиришини айтувди, — дея шифокор бизга юзланди. — Дарҳол невропатолог кўригига олиб боришини маслаҳат бердим. Маълум бўлдики, болада бошнинг ички босими ошган. Шунинг учун ҳам унинг ўқишга лаёқати сустлашиб бораётган экан. Даволангач, ҳаммаси жойига тушиб кетди. Онаси кунда-кунора ўқитувчилардан мақтов эшитмоқда...

Патронаж ойлиги тадбирларини ташкил этишда оилалар билан бир қаторда, ҳудудлардаги таълим ва бошқа тиббий-ижтимоий муассасалар қамраб олинишига ҳам эътибор қаратилаётир. Умуман олганда, ушбу йирик тадбирда қатнашиб, мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият сифатида улуғланиши, каттаю кичик доимо меҳр оғушида эканидан яна бир карра фахр ҳиссини туйдик. 

Фурқат САНАЕВ,

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn