Соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданият
  • 24 Февраль 2016

Соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданият

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, оилаларда ва жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, навқирон авлоднинг баркамол бўлиб вояга етиши учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари изчил ҳамда босқичма-босқич амалга оширилаяпти.

Яқинда қабул қилинган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида бу борадаги устувор вазифалар белгиланган бўлиб, оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш баробарида, соғлом авлодни шакллантиришда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, бошланғич таълим сифатини тубдан ошириш ҳисобидан ўғил-қизларни мактабга тайёрлаш даражасини юксалтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида тиббий маданиятни юксалтириш мавзуида бўлиб ўтган давра суҳбатида шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъуллари, Республика Маънавият тарғибот маркази ходимлари, мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар, фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилган. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ҳамда замонавий билимларга эга бўлган ватанпарвар йигит-қизларни тарбиялаш, уларнинг тиббий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, пировардида  ҳар бир инсоннинг соғлом турмуш тарзини чуқур англаган ҳолда ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Давра суҳбатида ёш авлоднинг тиббий маданиятини оширишда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг аҳамияти катта эканлигига урғу берилди. Шу билан бирга, хотин-қизлар саломатлигини асраш, фуқароларнинг санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилишларига оид кўникмаларини мустаҳкамлаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалиётга изчил йўналтирилгани қайд этилди. Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, айниқса, қишлоқ жойларда қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча имкониятни яратиш, юқори малакали аёл мураббийлар тайёрлаш, янги спорт объектларини қуриш, мавжудларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш, замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозлаш ҳам асосий вазифалар сирасидандир. 

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда соғлом болани тарбиялаш ва вояга етказишда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти беқиёслигига эътибор қаратишди. Уларнинг фикрича, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада ривожлантириш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларида  тиббий маданиятга оид фан дастурлари, факультатив дарсларни янада кучайтириш ҳаётий зарурат ҳисобланмоқда. Ушбу жараёнда соҳага тегишли қонунларнинг, давлат дастурларининг ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиб бориш, айни йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тадбирларини мунтазам ташкил этишнинг муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбати якунида жамиятда тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган чораларни янада кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn