Соғлом фарзанд — соғлом келажак
  • 25 Ноябрь 2015

Соғлом фарзанд — соғлом келажак

Инсон саломатлиги — бебаҳо неъмат. Шу боис мустақилликнинг илк йиллариданоқ соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган эзгу чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқдаки, бунинг замирида аҳоли саломатлигини муҳофаза этишдек улуғвор мақсад мужассам.

Халқимиз болажон. Истиқлол туфайли ушбу фазилат давлат миқёсига кўтарилди. Президентимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган қанотбахш сўзлари миллатимиз шиорига айланди. Бугун ҳамда эртани кўзлаб қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти ҳам, аввало, ёш авлод камолотига қаратилди.
Фарзандларимиз бахт-саодати йўлида олиб борилаётган улкан ишлар самараси сифатида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мустақил юртимизнинг биринчи ордени, бу — “Соғлом авлод учун” орденидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир йилнинг “Оила йили”, “Соғлом авлод йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Баркамол авлод йили”, “Соғлом бола йили” каби муайян номлар билан аталиши ҳам фарзандларимизга, уларнинг баркамол авлод сифатида вояга етишларига бўлган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.
Қолаверса, ўтган йиллар мобайнида “Соғлом она — соғлом бола” ғоясини ўзида мужассамлаштирган дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши натижасида скрининг ҳамда перинатал каби янги тиббий марказлар ва уларнинг вилоятлардаги филиаллари миллий тиббиётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллади. Қолаверса, айни пайтда юртимизда республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология ҳамда Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари, уларнинг жойлардаги филиаллари, шунингдек, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Бу ҳақда кеча Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида бошланган “Болаларга юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий йўналишлар” мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам алоҳида таъкидланди. Унда мамлакатимиз олимлари, шифокорлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан бир қаторда, Германия, Италия, АҚШ, Жанубий Корея каби хорижий давлатлар мутахассиcлари иштирок этаяпти.
Бундан ташқари, анжуманда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ, Аҳолишунослик жамғармаси — ЮНФПА, Германиянинг KFW банки ҳамда GIZ халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамиятининг экспертлари ҳам қатнашмоқда.
Конференция доирасида қатор даволаш муассасаларида хорижий эксперт ва мутахассислар билан ҳамкорликда “Маҳорат дарслари” ўтказилди.
Анжуманда таъкидланганидек, мустақиллик шарофати билан мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Бинобарин, давлатимиз инсон ҳуқуқлари, хусусан, бола ҳуқуқларига оид кўплаб халқаро битимларни имзолади. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ҳамда бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг ратификация қилингани юртимизда болалар манфаатларини ҳимоя этиш алоҳида эътиборда эканлигининг ёрқин далолатидир.
Шу боис конференцияда халқаро мутахассислар томонидан Ўзбекистон оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кўплаб кўрсаткичлар бўйича етакчи эканлиги яна бир бор эътироф этилди.
— Ўзбекистонга биринчи бор келишим, — дейди АҚШнинг Чикаго госпитали профессори Рикардо Суперина. — Бу ерда аҳоли саломатлигини асраш, айниқса, оналар ҳамда болаларга қаратилаётган улкан ғамхўрликка ҳавасим келди. Энг муҳими, ушбу йўналишнинг давлат сиёсати даражасида эканлиги бошқа мамлакатлар учун ибрат бўла олади, деб бемалол айтиш мумкин. Серқуёш Ўзбекистоннинг нафақат пойтахтида, балки олис ҳудудларида ҳам замонавий шифо масканларининг қад ростлагани, уларнинг кўркамлиги ва энг сўнгги тиббий жиҳозлар билан таъминланганлиги диққатга сазовордир. Буларнинг барчаси саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилибгина қолмай, юртингизнинг ижтимоий-сиёсий қиёфасини намоён этадиган ҳолатдир.
Дарҳақиқат, “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён кескин камайди. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.
Президентимизнинг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Бу билан мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида 5 йилга мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгиланган.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама ривожланган ёш авлодни тарбиялаш борасида қўлланилаётган янгича ёндашув, мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат юксак самаралар бераётганидан, бу эса кўплаб давлатлар учун ўрнак бўлиб хизмат қилишидан далолат эканини таъкидлашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn