Бебаҳо илмий мерос замонавий тиббиёт ривожида алоҳида ўрин тутмоқда
  • 24 Ноябрь 2015

Бебаҳо илмий мерос замонавий тиббиёт ривожида алоҳида ўрин тутмоқда

Бухорода “Ибн Сино илмий мероси ва замонавий тиббиётнинг долзарб муаммолари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз ҳамда бир қатор давлатларнинг етакчи олимлари, соҳа мутахассислари, шифокорлар, ёш тадқиқотчилар ва талабалар қатнашган мазкур тадбир Ибн Сино жамоат фонди, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуман аввалида иштирокчилар буюк аллома таваллуд топган Афшона қишлоғида бўлиб, унинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар. Бу ердаги Абу Али ибн Сино музейи экспонатлари билан танишув йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Маълумки, мустақиллик йилларида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада ушбу йўналишда янги олий ўқув юртлари ва коллежлар барпо этилди. Ихтисослаштирилган тиббий илмий-амалий марказлар ташкил қилинди. Соҳа моддий-техника базаси мустаҳкамлаб борилаётир. Замонавий тиббиётнинг илмий ҳамда амалий йўналишлари равнақида эса буюк алломаларимиз ва мутафаккирларимиз илмий меросларининг аҳамияти беқиёс.
— Президентимиз ташаббуси билан 2014 йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида ўтказилган халқаро анжуманда элликка яқин давлатлардан таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, профессорлар, экспертлар қатнашган эди, — дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Ш. Зокирхўжаев. — Ўша тадбирда буюк аждодларимизнинг асарларини чуқур ўрганиш, англаш, улар таълимотининг дунё тамаддуни тарихидаги ролига баҳо бериш муҳимлиги алоҳида таъкидланганди. Бухорода ўтган VIII Халқаро Ибн Сино ўқишлари шу нуқтаи назардан катта аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, жаҳонда улуғ алломаларимиз сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш доимо юқори бўлган. Биргина Абу Али ибн Синонинг ўзи умри давомида 450 дан ортиқ асар яратгани маълум. Уларнинг 242 таси бизгача етиб келган. Табобат ва тиббиёт, фалсафа, мантиқ, астрономия, кимё, этика, адабиётшунослик, психология каби фанларга оид бу асарлар жаҳон илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган ва ҳозирги пайтда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
— Ибн Сино қолдирган бебаҳо мерос дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида бизнинг мамлакатимизда ҳам чуқур ўрганилиб, тадқиқот ишлари олиб борилаяпти, — дейди Франция тиббиёт академияси фахрий бош котиби Раймонд Акдаилу. — Аллома ана шундай эътибор ва эътирофга муносибдир. Зеро, унинг “Тиб қонунлари” деб аталган бебаҳо фундаментал асари кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг асосий йўналишларини олдиндан белгилаб берган. Бу асар билан амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солинган. Мазкур асар Европада XV асрда чоп этилган дастлабки китоблардан бири эди ва у салкам 600 йил давомида кўҳна қитъанинг етакчи университетларида тиббиёт илмидан ўқув қўлланмаси вазифасини ўтаган.
— Ибн Сино дунё тамаддунига бениҳоя катта ҳисса қўшган қомусий олимдир, — дейди Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси президенти, профессор Саид Зуллур Рехман. — Айтиш жоизки, замонавий ҳинд тиббиёти Марказий Осиё ва араб давлатлари тиббиётидан жуда кўп нарсани ижодий ўрганган. Бу тизим негизида Ибн Синонинг умумбашарий таълимоти ётибди. Биз ушбу бой илмий меросни чуқур ўрганиб, уни тарғиб-ташвиқ этаяпмиз.
Анжуманда мамлакатимиз олимларидан ташқари, Швейцария, Франция, Ҳиндистон каби қатор давлатлардан келган мутахассислар томонидан Ибн Сино мероси ва замонавий тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалар ўқилди, маҳорат сабоқлари, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Икки кун давом этган тадбир якунида қомусий олим таълимотини чуқур ўрганиш ва ундан замонавий тиббиёт муаммоларини ҳал этишда фойдаланиш борасида хорижий мутахассислар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn