Фаровон турмуш, бахтли ҳаёт, соғлом авлод
  • 05 Ноябрь 2015

Фаровон турмуш, бахтли ҳаёт, соғлом авлод

Юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ана шу эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мустақиллик неъмати улкан  ниятлар ва юксак орзуларни рўёбга чиқарди, Ватан равнақи йўлида  хизмат қилиш, фарзандлар камоли учун ғамхўрлик кўрсатиш, кексаларни эъзозлашдек эзгу амалларни бизга ҳамроҳ этди, ҳеч кимдан кам бўлмаган жамиятни барпо қилиш саодатига етказди.
Бинобарин, ривожланишнинг  ўзимизга хос ва мос йўли — “ўзбек модели” асосида барча соҳада, жумладан, тиббиёт тизимида кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич ва изчиллик билан амалга оширилаяпти. Бунинг натижасида бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан тортиб, юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача — барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал ташкилий тузилмаси яратилди. Шунингдек, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий мактаблар негизида 10 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббий маркази ташкил этилиб, улар хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия ва тиббий реабилитация, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология, эндокринология каби йўналишларда фаолият кўрсатмоқда.
Бугунги кунда, айниқса, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизими орқали аҳолига тезкор, сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари, уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати бўлимларида ҳам бутунлай янгича тизим шакллантирилган.
Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жойлардаги 13 та минтақавий филиали, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари қошида 172 та субфилиал мавжуд. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча ҳудудида “103”  станциялари, тез тиббий ёрдам гуруҳлари ҳамда санитар авиация хизмати саломатлик муҳофазасини таъминлаяпти.
—    Шу билан бирга, халқимизга хос болажонлик фазилати давлат миқёсига кўтарилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Лазиз Тўйчиев. — Президентимиз Ислом Каримовнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган сўзлари бугун миллатимизнинг эзгу шиорига айланган. Мустақилликнинг илк йилларида “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилгани ҳам бу борадаги ишларнинг мазмун-моҳиятини ифодалаб турибди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан турли йилларнинг “Оила йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Баркамол авлод йили”, “Соғлом бола йили” каби номлар билан аталиши замирида ҳам, аввало, фарзандларимиз, қолаверса, аҳолининг барча қатламига кўрсатилаётган ғамхўрлик мужассам. Ўтган давр мобайнида “Соғлом она — соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётда қўлланилиши натижасида Скрининг ва Перинатал каби янги тиббий марказлар ҳамда уларнинг вилоятлардаги филиаллари миллий тиббиётимизда мустаҳкам ўрин эгаллади. Қолаверса, айни пайтда юртимизда республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология ҳамда Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари, шунингдек, уларнинг жойлардаги филиаллари фаолият кўрсатмоқда.
Бу борада Скрининг марказлари, вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналари, шунингдек, ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Оналар ҳамда болалар тизимли асосда тиббий текширувдан ўтказилаяпти. Фақат 2014 йилда 6 миллион 500 минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу эса касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларни самарали даволаш имконини бермоқда. Республикамизда сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди. 6 — 15 ёшли ўғил-қизлар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоиз, пневмонияга чалиниш 49,7 фоиз, бронхит билан хасталаниш 32,8 ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоиз камайди.
Давлатимиз раҳбарининг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Мазкур ҳужжат асосида юртимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда тиббий ёрдам кўрсатаётган муассасаларнинг моддий-техника базаси ҳамда кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш бўйича яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар белгилаб берилди.      
Таъкидлаш жоизки, тиббиёт тизимини ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Масалан, яқин-яқингача “Урология йўналишида энг мураккаб касалликларни ҳам самарали даволаш имкониятига эга давлатлар қайси?” деган савол ўртага ташланса, бу борада Германия, Италия ва АҚШ каби давлатлар етакчи сифатида тилга олинарди. Бугун улар қаторида Ўзбекистон номи ҳам ҳақли равишда эътироф этилаяпти. Сабаби, илғор мамлакатлар тиббиётида жорий қилинган даволашнинг деярли барча замонавий усуллари эндиликда ўзимизда ҳам қўлланилмоқда.
2003 йилда иш бошлаган Республика ихтисослаштирилган Урология илмий-амалий маркази ана шундай даволаш масканларидан биридир.
Бу ерда йилига 30 минг нафарга яқин бемор саломатлигини тиклайди, йил давомида
8,5 мингдан зиёд мураккаб ва тиғсиз жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Хусусан, бугун эндоскопик жарроҳлик усули буйракда тош йиғилиши билан боғлиқ муаммоларни осонгина ҳал этиш имконини бераётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Айтайлик, бундан 15-20 йил олдин беморнинг буйрагида тош бор, деган ташхис қўйилса, унинг ҳажмидан қатъи назар, даволаш чораси битта эди — фақат тиғ теккизиш йўли билан оғриқдан халос этиш. Айни пайтда эса бундай хасталикка йўлиққанларнинг 88 фоизи кам жароҳат етказиш усули асосида даволанмоқда. Бу, албатта, жаҳондаги энг илғор мамлакатларда эришилган кўрсаткичларга тенг.
Соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини травматология ва ортопедия мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳозирги кунда республика травматологияси ва ортопедияси фани ҳамда амалиёти соҳасида 1277 нафар мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Улардан 17 нафари фан доктори, 100 га яқини фан номзоди, 648 нафари тоифали мутахассислардир.
—    Йигирма беш йил аввал суяк синишларини жарроҳлик усулида даволаш 10-12 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу кўрсаткич 70 фоиздан ошди, — дейди Республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институти директори Мирҳаким Азизов. — Фақат ривожланган давлатлар тиббиётига хос бўлган жароҳат олганларни тезда оёққа турғазиш имконини берувчи усуллар муваффақият билан татбиқ этилаяпти. Жумладан, аҳоли орасида кенг тарқалган, йирик бўғимлар артрозлари деб аталувчи касалликни даволаш учун эндопротезлаш (сунъий бўғим ўрнатиш) операцияси ҳам бир неча ихтисослаштирилган клиникаларда ўзлаштирилди. Тизза бўғими жароҳатлари ва касалликларини артроскопик усулда операция қилиш ҳам кенг кўламли амалиётга айланди ва бугунгача қилинган бу каби жарроҳлик амалиётлари сони ўн мингдан ошди.
Ортопедиянинг энг мураккаб соҳаларидан саналган сколиоз касаллигини оператив даволашнинг йўлга қўйилганлиги ҳам муҳим ютуқларимиздандир. Шунингдек, яссиоёқлик, куракнинг туғма юқори туриши, кўкрак қафаси деформациялари сингари касалликларни замонавий даволаш технологиялари кенг ўзлаштирилди.
Юқорида қайд этилган операциялар жаҳоннинг тараққий топган мамлакатларидаги нуфузли клиникаларда амалга оширилиши ҳисобга олинса, эндиликда беморларнинг хорижга боришига зарурат қолмади. Қолаверса, тизимга янги технологияларни татбиқ этишдан ташқари, институтимиз ва бошқа олий ўқув юртлари кафедраларининг травматолог-ортопед олимлари кенг кўламли илмий изланишларни амалга оширдилар. Бунинг натижасида кейинги ўн йил ичида 50 дан ортиқ оригинал даволаш усуллари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Буларнинг барчаси истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасидир. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар 2012 йили пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она — соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиумда ҳам алоҳида эътироф этилди.
Юртбошимиз ташаббуси билан уюштирилган мазкур халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ҳамкорлигида ўтказилган эди. Унда ЖССТ, ЮНИСЕФ, ЮНФПА ҳамда бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, АҚШ, Хитой, Канада, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Франция, Финляндия, Швейцария, Чехия, Дания, Жанубий Корея каби қирққа яқин мамлакатдан соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари, машҳур олимлар, халқаро эксперт ва таҳлилчилардан иборат қарийб 300 нафар мутахассис қатнашди. Улар юртимиздаги бир қатор даволаш муассасаларида бўлиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган эзгу саъй-ҳаракатларга юқори баҳо беришди.
Инсон манфаатларига йўналтирилган бу каби ислоҳотлар юксак самара бераётгани Президентимизнинг 2014 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида келтирилган қуйидаги рақамларда ҳам яққол ифодаланган: “Мустақиллик йилларида Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриши 7,5 йилга (66 ёшдан 73,5 ёшга), хотин-қизларнинг ўртача умр кўриши эса 75 ёшга узайганини алоҳида таъкидлашни истардим.
Бугунги кунда дунёда камдан-кам давлатлар бундай кўрсаткичларга эришган”.
— Глобаллашув даврида тиббиётда катта ютуқларни қўлга киритиш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, пировардида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиш айрим мамлакатларга хос, — дейди Республика Скрининг маркази директори Мадина Шарипова. — Фахр билан айтиш керакки, юртимизда инсон саломатлигини муҳофазалаш учун муносиб шарт-шароит яратилган. Ўз йўналишимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда нафақат республикамиз, балки ҳудудий скрининг марказларида ҳам ягона стандарт бўйича аҳолига махсус ихтисослаштирилган тиббий-генетик хизмат кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, туман миқёсидаги бирламчи тиббий-санитария бўғинида ҳам скрининг текширувлари жорий этилди. Келинг, мисолларга мурожаат қилайлик. Сўнгги уч йил давомида  960 мингдан зиёд чақалоқлар ва қарийб 1 миллион 400 минг нафар ҳомиладор аёл скрининг текширувидан ўтказилди. Замонавий технологияга асосланган ультратовуш ҳамда биокимёвий усуллар орқали ўтказилган бундай текширувлар натижасида кейинги икки ярим йил ичида қарийб 35 мингга яқин нуқсонли бола туғилишининг олдини олишга эришилди. Агар ушбу рақам ортида минглаб ота-оналар, оилалар қувончи борлигини назарда тутсак, тизимда нечоғли улкан ишлар амалга оширилаётганлигини англаш қийин эмас.
Юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш масаласи ҳам соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этишда муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда Тошкент тиббиёт академияси қаторида Самарқанд, Андижон, Бухоро, Урганч ва Нукус каби шаҳарларда тиббиёт олий ўқув юртлари ва Тошкент стоматология институти ҳамда унинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Олий маълумотли тиббиёт ҳамшираларини тайёрлашни ташкил этишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими шакллантирилди. Мамлакатимиз тиббиёт институтлари Шарите (Германия), Гарвард (АҚШ), Манчестер (Буюк Британия), Вена (Австрия) университетлари клиникалари каби етакчи хорижий тиббиёт муассасалари, Япония, Жанубий Корея ҳамда бошқа давлатлардаги йирик госпиталлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.
Юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган улкан эътибор, авваламбор, бу соҳани ривожлантиришга йўналтирилаётган инвестицияларда ўзининг аниқ исботини топмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, соғлом бола туғилиши, баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги  ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури ҳаётга изчил татбиқ этилаётир. Шунга биноан, туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш, хотин-қизлар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро стандартларни амалиётга жорий қилиш, тиббиёт ходимларини ўқитиш, оилада тиббий маданиятни шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биласиз, фарзандлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ишлар болаларнинг 98 фоизини ҳар йили юқумли касалликларга қарши эмлашни ҳам кўзда тутади. Шу туфайли қатор касалликлар, биринчи навбатда, болаларга юқадиган хасталиклар мамлакатимизда кўп йиллардан буён қайд этилгани йўқ.
Юртимизда ёши улуғ инсонларни қадрлаш, эъзозлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бинобарин, Юртбошимиз ташаббуси билан 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши бунинг яққол ифодасидир. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийлари соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун йилига бир марта ўзларига мақбул бўлган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул дам олиш ҳуқуқига эга бўлганликлари ҳам таҳсинга сазовор.
—    Фуқароларимизнинг хорижий мамлакатларга бормасдан, юртимиздаги тиббий марказлар ва клиникаларда даволаниши учун барча шарт-шароит яратилган, — дейди В. Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия маркази бош врачи Шуҳрат Ҳошимов. — Масалан, бизнинг марказимизда юзлаб турдаги энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Яқинда беморларда қизилўнгач веналарининг варикоз кенгайган веналардан қон кетишини профилактика қилишнинг кичик инвазив усули жорий этилди. Мазкур усул бугунги кунда 4 нафар беморда ўтказилиб, юқори самарага эришилди. Келгусида бу усулни кенг қўллаш жигар хасталиги билан оғриган беморларда ўртача умр кўриш давомийлиги узайтирилишига олиб келади. Шу билан бирга, марказ томонидан юқори технологияли тиббий ёрдамни ҳудудларда татбиқ қилишда муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, Наманган ва Хоразм вилоятларида юрак клапанларини алмаштириш, туғма ва орттирилган юрак касалликларини операция қилиш ҳамда аорта коронар шунтлаш каби юқори технологияли жарроҳлик амалиёти татбиқ қилина бошланди.
Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти томонидан эса гемабластозларнинг диагностикаси ҳамда давоси мониторингига молекуляр-генетик усул киритилди. Мазкур усул гемабластозларга аниқ ташхис қўйиш, даволаш самарадорлигини назорат қилиш имконини беради.
Хулоса ўрнида айтганда, тиббиёт тизими ходимлари изланишдан, тажриба ва маҳорат орттиришдан тўхтаб қолганлари йўқ. Зеро, мустақиллик йилларида шифокорлик юксак эҳтиромга сазовор касбга айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида нишонланиши ҳам мамлакатимиз шифокорларининг меҳнатига билдирилган юксак ҳурмат ва эъзоз ифодасидир.

Фурқат САНАЕВ,
Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn