Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди
  • 20 Октябрь 2015

Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди

Инсон ва унинг саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, шу жумладан, ёши улуғ кишиларга ҳурмат-эҳтиром  кўрсатиш истиқлол йилларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2014 йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари ҳамда 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Хусусан, жорий йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ҳамда шу асосда Давлат дастури ишлаб чиқилиб, унда белгиланган устувор вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани юқоридаги фикримизнинг мантиқий давомидир.
Давлат дастури ижроси доирасида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида  мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган навбатдаги саломатлик ҳафталиги ҳам ана шу мақсадга хизмат қилди, десак, сира адашмаймиз. Ушбу тадбирга ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг етакчи олиму шифокорлари жалб этилди.
Пойтахтимизда ҳам мазкур акция доирасида қатор тадбирлар уюштирилди. Жумладан, Яшнобод тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 31-оилавий поликлиникасида ёшлар, фертил ёшидаги аёллар, оналар ва нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
— Истиқлол йилларида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётига алоҳида мазмун бағишлаяпти, — дейди ушбу оилавий поликлиника бош шифокори Феруза Шоаҳмедова. — Муассасамиз ҳудудимиздаги ўттиз тўрт мингдан ортиқ аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти оналар ва болалардир. Шу билан бирга, Давлат дастури асосида қарийб беш минг нафарга яқин кексаларимиз ўз уйларида чуқурлаштирилган тиббий хизматдан фойдаланишаётир. Таъкидлаш ўринлики, поликлиникамизнинг янгидан бунёд этилгани ҳамда зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлангани янада самарали фаолият кўрсатиш имконини бераяпти. Энг муҳими, тиббий хизмат сифатидан аҳоли мамнунлигини изҳор қилмоқда.
Йил давомида ташкил этилган бу каби ижтимоий акцияларда икки юз мингдан ортиқ кексалар, ногиронлар қамраб олинди. Тиббий кўриклар натижасида уларнинг барчаси стационар ва амбулатор шароитларда соғлиғини мустаҳкамлади, санатор-курорт муассасаларда соғломлаштирилди.
Бинобарин, етти минг нафардан зиёд уруш ва меҳнат фахрийларига ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда клиникаларида тиббий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, беш мингдан ортиқ қарияларда таянч-ҳаракат тизими, юрак-қон томир, эшитиш ва кўриш аъзолари, эндокрин тизими касалликларида юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва клиникалари ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида катаракта ва глаукома билан оғриган 1500 нафар, простата бези аденомаси билан 750 нафар, юрак-қон томир касалликлари аниқланган 800 нафар нуроний тезкор амалиётдан ўтказилгани бунинг ёрқин далилидир.
Бу галги саломатлик ҳафталиги кенг қамровлилиги билан ажралиб турди. Хусусан, тиббий текширувлар замонавий диагностика асбоб-ускуналари — флюро-мобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратлари воситасида амалга оширилди. Бундай қулайлик ва имкониятлар жаҳоннинг камдан-кам давлатларида мавжуд. Шу маънода, мамлакатимиз она ва бола муҳофазаси, аёлларга яратилаётган қулай шароитлар борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Туғуруқ ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ўсмир қизларни оилага тайёрлаш, болаларни эмлаш каби чора-тадбирлар она ва бола саломатлиги муҳофазасига йўналтирилмоқдаки, бундан юртдошларимиз беҳад мамнун.
Мамлакатимиз миқёсида бўлиб ўтган навбатдаги ижтимоий акцияда соҳанинг етакчи олим ва юксак малакали шифокорлари барча ҳудудларда бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди, хонадонларда бўлиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишди, тиббий маданиятни ошириш юзасидан ўз тавсияларини беришди. Шунингдек, жойлардаги соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ходимлари пойтахтдан ташриф буюрган фан докторлари, профессор ва доцентлар билан ёнма-ён туриб, тажриба алмашиш, соҳадаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш имконига ҳам эга бўлдилар.
— Ҳар бир она фарзанди соғлом ўсишини хоҳлайди, — дейди пойтахтимизнинг Тузель маҳалласида истиқомат қилувчи Хуршида Нажимова. — Давлатимиз томонидан оналар ва болаларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик ҳамда эътибордан хурсандмиз. Бугун эса тиббий кўрикка оила аъзоларимиз билан келдик. Шифокорлар очиқ чеҳра билан кутиб олиб, саломатлигимизни текширишди, тегишли муолажалар, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беришди. Бундан ташқари, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси томонидан бепул дори-дармонлар солинган жамланмаларни улашишди.
— Одатда, шифокорлар уйимизга боришарди, — дейди Мастура ая Нуриллаева. — Бугун эса бир этак набираларимни етаклаб ўзим келдим. Нимагаки, янгидан қурилган поликлиникамиз барчанинг ҳавасини уйғотади, шу ернинг ўзида, барча қулайликка эга муассасада муолажа олишга нима етсин?! Шифокорларнинг ширинсуханлиги, меҳрибонлиги, очиғи, кўнглимни тоғдай кўтарди. Танамдаги дард, чарчоқдан бутунлай халос бўлдим. Биз, кексаларга шундай кенг имкониятларни яратиб берган Юртбошимизга минг раҳмат!

Фурқат САНАЕВ,
Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn