Замонавий тиббиёт ютуқлари
  • 30 Сентябрь 2015

Замонавий тиббиёт ютуқлари

пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да иш бошлаган “UzMedExpo — 2015” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасида намойиш этилмоқда

“IEG Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки  йиллариданоқ барча соҳада бўлганидек, тиббиёт тизимида ҳам ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда. Шифо масканлари фаолияти самарадорлигини ошириш, тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашда Президентимизнинг 2011 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётир.
— Мамлакатимиз ва жаҳон фармацевтика саноатининг энг сўнгги ютуқлари намойиш этилаётган кўргазма доирасида дори-дармон ва соҳага оид техника ҳамда технологиялар етказиб бериш бўйича кўплаб шартномалар имзоланиши кўзда тутилган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Исматжон Азизов. — Бу йилги тадбирда маҳсулотлар тури ҳам, иштирокчилар сони ҳам аввалги йиллардагига нисбатан бирмунча кўпдир. Энг асосийси, барча тиббий техника воситалари жаҳон андозаларига мос келади.
Кўргазма экспозициясидан тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармон ва санитария-гигиена воситалари, стоматология ҳамда протезлаш жиҳозлари, шифобахш гиёҳлар, шунингдек, тиббиёт клиникаларининг хизматлари ҳақидаги стендлар ўрин олган. Анъанага мувофиқ, мазкур халқаро тадбирда юртимиз фирма ва компанияларидан ташқари, Ҳиндистон, Германия, Корея Республикаси, Хитой, Чехия, Швеция каби мамлакатларнинг жаҳонга машҳур ишлаб чиқарувчилари ҳам иштирок этмоқда.
— Ушбу кўргазмада тўртинчи бор қатнашаяпмиз, — дейди Корея Республикасининг “USTS” компанияси вакили Ким Сунг Хак. — Бу гал мамлакатингизнинг қатор тиббиёт муассасалари ва фармацевтика компаниялари фаолияти билан яқиндан танишаяпмиз. Айтиш жоизки, Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаяпти. Компаниямиз ультратовуш жарроҳлик, рентген диагностикаси ва косметологияда фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш билан шуғулланади. Кўргазма ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда қўл келмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, “UzMedExpo — 2015” кўргазмаси кенг жамоатчилик вакиллари ва соҳа мутахассисларига замонавий тиббиётнинг энг сўнгги ютуқлари билан яқиндан танишиш имконини бераётир. Муҳими, ушбу тадбир туфайли ишлаб чиқарувчилар бугунги бозор талабини, мижозларнинг таклиф ҳамда эҳтиёжларини ўрганмоқдалар.
Анжуманда илк бор қатнашаётган Хитойнинг “Sheng Chun Tang Pharmaceutical” компанияси стендида таклиф этилаётган маҳсулотлар иштирокчиларни бефарқ қолдирмаяпти. Бу ердан флубипрофен, кетопрофен ва диклофенак натрий каби пластирларни харид қилиш мумкин. Улар бўғим ҳамда мускул оғриқларини қолдириб, тана аъзоларига ҳеч қандай зиён етказмаслиги билан ажралиб туради.
Уч кун давом этадиган кўргазма фармацевтика корхоналари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, мутахассисларни тиббиёт соҳасидаги янгиликлардан хабардор қилиш ва соғлиқни сақлаш йўналишидаги ислоҳотлар ҳамда қўлга киритилаётган улкан ютуқларни намойиш этиш имконини беради.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn