Билим ва тажриба уйғунлиги
  • 17 Сентябрь 2015

Билим ва тажриба уйғунлиги

тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг фаолият мезонидир

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Олий ҳамширалик иши мутахассислари, ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини узлуксиз ошириб бориш тизимини такомиллаштириш” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази ходимлари, мамлакатимиз шифо масканларининг бош ҳамширалари, тиббиёт олий ўқув юртлари қошидаги олий ҳамширалик факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.    
Илмий-амалий анжуманнинг очилишида таъкидланганидек, айни пайтда юртимиз тиббиёт муассасаларида 320 минг нафарга яқин ҳамшира фаолият юритмоқда. Улар соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам ва бошқа ихтисослаштирилган муассасаларда меҳнат қилаяпти.
Жаҳон тиббиётининг илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, республикамизда олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш йўналиши жорий этилди. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимини малакали мутахассислар билан таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Ҳозирги кунгача Тошкент тиббиёт академияси ва бошқа тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ҳамда менежмент йўналишлари бўйича уч минг нафардан зиёд олий маълумотли бакалавр-ҳамширалар тайёрланди, 80 нафарга яқин талаба эса -магистрлик даражасига эришди. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи ҳамширалик, тиббий таълим муассасаларида ўқитувчилик қилишмоқда. 
— Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 мартдаги “Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қишлоқ врачлик пунктларида патронаж ҳамшираларнинг ишини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Рихси Солихўжаева. — Бу ҳамширалик ишини янада ривожлантириш, тиббий хизматни такомиллаштиришга туртки бермоқда. Масалан, ўтган йили турли ҳудудлардаги бешта туманнинг 96 та қишлоқ врачлик пунктида ҳамширалар ишини рейтинг баҳолаш тизими синовдан ўтказилиб, кўпгина ижобий хулосалар олинди. Мазкур жараён айни дамда яна 18 та туманда давом эттирилаяпти.
Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ташкил қилинган махсус курслар, ўқув-семинарлар орқали ўрта тиббиёт ходимлари, олий маълумотли ҳамширалар билим ҳамда тажрибаси юксалтирилаяпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Саломатлик-3” лойиҳаси бюроси ва Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида мамлакатимиз бўйлаб ташкил қилинган 1,5 мингдан ортиқ ўқув-семинарларда 500 дан зиёд тренер тайёрланди. Улар жойлардаги ўрта бўғин тиббиёт мутахассислари ўртасида репродуктив саломатлик ва бехатар оналик, болани кўкрак сути билан озиқлантиришнинг аҳамияти, шахслараро мулоқот, оналик ва болаликни асраш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича энг замонавий тамойилларни амалиётга татбиқ этиш борасида иш олиб бормоқда.
Анжуманда шулар хусусида сўз борар экан, тиббиёт ходимларини ўқитишда модуль тизимининг аҳамияти, мутахассислар малакасини ошириш ва ихтисослаштиришда янгича технологиялардан фойдаланиш, тиббиёт муассасалари қошида маҳорат дарсларини ташкил қилиш, ўқув жараёнида ҳамширалик иши протоколларини қўллаш сингари долзарб мавзуларда илмий маърузалар тингланди.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn