Соғлом она — соғлом бола
  • 16 Сентябрь 2015

Соғлом она — соғлом бола

Кеча пойтахтимизда акушерлик ва гинекологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда шифокорлар, олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар қатнашди.
Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини соғломлаштириш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Маълумки, соғлом фарзанд — соғлом оила меваси. Шундай экан, туғуруқ ёшидаги аёлларнинг ҳомиладорлик пайтидаги саломатлиги ва руҳиятига жиддий эътибор бериш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, юртимизда қизларни ўсмирлик чоғидаёқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларда касалликлар аниқланган тақдирда, ўз вақтида даволаш чоралари кўрилаётир. Қолаверса, болаларнинг соғлом туғилиши ва бақувват бўлиб улғайиши йўлида давлатимиз томонидан катта куч ҳамда маблағ сарфланмоқда. Натижада турли хавфли юқумли касалликлар профилактикасига оид ижобий кўрсаткичларга эришилаяпти. Бинобарин, мамлакатимизда Ҳамдўстлик давлатлари орасида биринчилардан бўлиб перинатал, она ва бола скрининги каби тиббий хизматлар кенг йўлга қўйилгани чақалоқлардаги туғма ва ирсий касалликларга барҳам бериш, оналар соғлиғини асраш, фертиль ёшдаги аёлларнинг тиббий ҳолатини доимий назорат этишда муҳим ўрин тутмоқда.
Анжуманда жойлардаги қишлоқ врачлик пунктлари, вилоят кўп тармоқли шифохоналари, перинатал ва скрининг марказлари, гинекология ҳамда туғуруқхона мажмуаларида аёлларга малакали тиббий хизмат кўрсатилаётгани эътироф этилди. Мазкур тадбир эса соҳа шифокорлари малакасини оширишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Конференцияда акушерлик ва гинекологияга доир долзарб масалалар муҳокама этилиб, иштирокчилар учун маҳорат дарслари ўтказилди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn