Аниқ ташхис ва малакали хизмат
  • 10 Сентябрь 2015

Аниқ ташхис ва малакали хизмат

Косонсой туманидаги “Alvon shijoat” масъулияти чекланган жамиятига дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ишлаб чиқарилган илғор диагностика ва тиббиёт ускуналари ўрнатилди.

Пировардида бу ерда беморларга аниқ ташхис қўйиш ҳамда турли касалликларни самарали даволаш имконияти юзага келди. Ушбу лойиҳа рўёби учун 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Яна бир жиҳати, муассасада меҳнат қилаётган 15 нафар юқори малакали мутахассис замонавий тиббиёт жиҳозларидан фойдаланиш бўйича махсус курсларда малака оширди.
— Марказимизда йўлга қўйилган тиббий хизмат бизга мурожаат қилаётган беморларга маъқул тушмоқда, — дейди жамият раҳбари Муҳсин Зокиров. — Масалан, шифохонамизга келганлар Японияда ишлаб чиқарилган “Sonka” аппарати орқали текширувдан ўтказилади. Унинг ёрдамида инсоннинг умумий ҳолати, жумладан, қон босими даражаси, танадаги  ёғ, сув ва бошқа моддалар миқдори, моддалар алмашинуви каби жиҳатлар таҳлил қилинади. Шу асосда муолажалар белгиланади.
Муҳташам бинода жойлашган марказда айни пайтда кунига ўртача 20 — 25 кишига малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Умуман олганда, кейинги бир йилнинг ўзида марказга мурожаат қилганлар сони ўн минг нафардан ошди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn