Жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари
  • 08 Сентябрь 2015

Жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари

кеча пойтахтимизда бошланган МДҲ мамлакатлари гепатопанкреатобилиар жарроҳлар уюшмасининг XXII халқаро конгрессида атрофлича муҳокама қилинмоқда

Мазкур нуфузли тадбирда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция, Россия, Озарбайжон, Беларусь каби йигирмага яқин давлатлар ҳамда мамлакатимиздан олим, шифокор ва ёш тадқиқотчилар қатнашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази, МДҲ мамлакатлари гепатопанкреатобилиар жарроҳлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган конгресснинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида республикамизда сифат жиҳатидан янги, замонавий тиббиёт муассасалари инфратузилмаси шакллантирилди. Уларнинг моддий-техник ҳамда кадрлар базаси мустаҳкамланди. Барча ҳудудда бугунги кун талабларига жавоб берадиган шифо масканлари барпо қилинди, мавжудлари тубдан таъмирланди. Уларда хасталикка аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш имконияти яратилди. Эътиборлиси, давлатимиз томонидан мазкур тизимда амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар дунё ҳамжамияти, кенг жамоатчилик томонидан юксак эътироф этилаётир.
Тегишли қонунлар, Президентимизнинг Фармон ҳамда қарорлари ижроси ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаяпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламалга айланди. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши тизим ривожида янги босқични бошлаб берди. Юқори технологик даволаш ва диагностика услублари амалиётга кенг жорий қилинди.
В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази — мамлакатимиздаги энг йирик тиббиёт муассасаларидан бири. 2012 йилда унинг таркибида юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларга жаҳон стандартлари даражасида ташхис қўйиш ҳамда уларни даволаш имконини берадиган кардиожарроҳлик мажмуасининг очилгани тиббиётимиздаги улкан муваффақиятлар сирасига киради. Бу ерда яратилган замонавий шарт-шароитлар, мутахассисларнинг малака ва тажрибаси халқаро мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланаётир. Чунки бундай марказни бунёд этиш, уни энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан таъминлаш, ноёб жарроҳлик амалиётларини бажаришга қодир шифокорларни тайёрлаш, пировардида, мурожаат қилувчиларни хасталикдан халос этиб, миллионлаб оилаларга, ота-оналарга қувонч улашишга эришишнинг ўзи бўлмайди.
Ҳозирги кунда ушбу марказ ошқозон-ичак йўллари, ўт қопи, жигар, ўпка, умуртқа, юрак ва қон томир касалликларини даволашга ихтисослаштирилган минтақадаги етакчи тиббиёт муассасаси саналади. Кейинги йилларда бу ерда жигарда ўсма ривожланиши, катта ҳажмдаги ҳамда панкреатодуоденал резекция, ўт йўлларида юзага келган ўсма ва заҳарланишдан шикастланиш ҳолатларида қайта тикланиш аралашуви сингари ноёб операциялар ўтказилмоқда. Жигар циррози ҳамда портал гипертензия асоратларини жарроҳлик йўли билан даволашдаги ўзига хос услублар ҳаётга татбиқ этилди. Қизилўнгач ва ошқозон касалликларининг ривожланган ҳамда энди авж олаётган ҳолатларида қайта тиклаш каби мураккаб амалиётлар бажарилди.
— Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов томонидан тиббиёт соҳасини ривожлантиришга юксак даражада эътибор қаратилаётганидан яхши хабардормиз, — дейди Франциянинг Жарроҳлар миллий академияси фахрий президенти, Гепатобилиар жарроҳлик институти директори, Европа жарроҳлар уюшмаси асосчиси ва президенти Генри Бисмут. — Бу ердаги соғлиқни сақлаш муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, шифокорларнинг билим ҳамда тажрибаси билан яқиндан танишган киши бунга тўла ишонч ҳосил қилади. Юртингизда оналик ва болаликни муҳофаза этиш, баркамол авлодни вояга етказиш, кексаларнинг умрини узайтириш борасида эришилаётган ютуқлар ҳам эътиборга молик. Юксак савияда ташкиллаштирилган ушбу конгресс унинг иштирокчилари учун гепатопанкреатобилиар жарроҳлик йўналишида мамлакатингиз ҳамда бошқа давлатларда амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, бу борада орттирилган тажрибани ўрганиш, ҳамкасблар билан ўзаро фикр алмашиш, ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқиш имконини бермоқда.
Айтиш жоизки, конгресс доирасида истиқлол йилларида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, хусусан, гепатология ва панкреатология соҳаларида эришилган ютуқларга бағишланган кўргазма ташкил этилди ҳамда ҳужжатли фильм намойиш қилинди.
Конгресс мажлисларида мамлакатимиз ва дунёда гепатология ҳамда панкреатология соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритилади.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn