Йилнинг энг фаол ҳамшираси
  • 14 Июль 2015

Йилнинг энг фаол ҳамшираси

Мана, бир неча йилдирки, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилаётган ёш ҳамшираларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, билим ва маҳоратини янада оширишга кўмаклашиш мақсадида “Ҳамшира” кўрик-танлови ўтказиб келинаётир.

Ўз навбатида, мазкур ижодий беллашув уларнинг маънавий жиҳатдан камол топиши, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиши, тиббий хизмат кўрсатиш маданиятини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фарғонада бўлиб ўтган анъанавий “Ҳамшира — 2015” республика кўрик-танловида ҳам ўрта тиббиёт ходимларининг ана шундай шарафли меҳнатлари юксак баҳоланди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар босқичлари ғолиблари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А. Худоёров ва бошқалар юртимиз ҳамшира қизларининг маданияти, беморларга муносабати, ўз соҳасини чуқур ўрганаётгани, хорижий тажрибалар ҳамда тилларни пухта эгаллаётгани ҳақида сўз юритдилар. Бу борада, айниқса, қишлоқ жойларда меҳнат қилаётган ҳамшираларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш алоҳида аҳамият касб этаётганлигини таъкидлашди.
Ҳозирги кунда республикамиз бўйича 320 мингга яқин ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритаяпти. Уларнинг аксарияти оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида бевосита тиббий-профилактика ишлари билан банд бўлиб, патронаж ҳамшираси сифатида тиббий хизматни бевосита хонадонларга олиб кираётганлиги қувонарлидир.
Эътиборлиси, мустақиллик йилларида соҳанинг ушбу бўғинини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш борасида ибратли қадамлар қўйилди. Хусусан, 1999 йилдан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси ва олий тиббий таълим муассасаларида “Олий ҳамширалик иши” бўлимлари очилганлиги бунга ёрқин мисолдир. Шунингдек, ўрта тиббиёт ходимлари учун узлуксиз малака ошириш тизими яратилгани уларнинг соҳадаги амалий ва технологик янгиланишларни мукаммал ўзлаштиришлари ҳамда касбий маҳоратларини юксалтиришларида муҳим омил бўлаётир.
Якуний натижаларга кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилояти филиали ҳамшираси Шоҳсанам Акбарова биринчи ўринни эгаллади ва “Spark” автомашинаси билан тақдирланди.
— Ушбу танлов касбимга бўлган меҳримни янада оширди, — дейди танлов ғолибаси Ш. Акбарова. — Албатта, бу юксак эътирофга Ватанимизда биз, ёшларга яратилган кенг имкониятлар, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган улкан эътибор туфайли эришдим.
Сирдарё вилояти уруш ва меҳнат фахрийлари шифохонаси ҳамшираси Шаҳло Файзиева иккинчи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилояти филиали ҳамшираси Ситора Раҳматова учинчи ўринни эгаллади.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев сўзга чиқди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn