Кўзларга нур бахш этаётганлар
  • 03 Июль 2015

Кўзларга нур бахш этаётганлар

Ўзбекистон дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, Ҳиндистон Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқда. Доимий мулоқотлар ва муштарак интилишлар туфайли мамлакатларимиз ўртасида қарор топган ўзаро ҳурмат ва ишонч, яқин стратегик ҳамкорликка асосланган муносабатлар янги амалий мазмун билан бойиб бораётир.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ахборот технологиялари, тоғ-кон саноати, энергетика, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик қилинаётир.
Икки мамлакат ўртасида бошқа соҳалар қатори соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналишларидандир. Ўзбекистон ва Ҳиндистон шифокорлари турли лойиҳалар, илмий тадқиқотлар устида ҳамкорликда иш олиб бормоқда, икки мамлакатда ўтаётган жарроҳлик операцияларида қатнашмоқда. Тиббиёт йўналишида мутахассислар ўртасида фаол тажриба ва ахборот алмашинуви йўлга қўйилгани бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни тобора мустаҳкамламоқда.
Тошкентда ҳиндистонлик сармоядорлар иштирокида ташкил этилган «Orion Medicity» офтальмология маркази мамлакатларимиз ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида изчил ривожланиб бораётган ҳамкорликка ёрқин мисол бўла олади. Ўз фаолиятини 2011 йилда бошлаган ушбу тиббиёт муассасаси барча турдаги кўз касаллигини даволашга ихтисослаштирилган.
Маълумки, офтальмологияда кўзни микроскоп усулида кўриш ва даволаш амалиёти яратилиши натижасида илгари даволаш имкони бўлмаган кўплаб хасталикларни даволашга эришилмоқда. «Orion Medicity» соғлиқни сақлаш марказида аҳолига юксак технологиялар воситасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Замонавий андозалар даражасида барпо этилган марказда стационар, жарроҳлик, лаборатория ва стерилизация каби қатор бўлимлар мавжуд.
Ушбу тиббиёт муассасасида кўз касалликларини эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасида тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган юксак технологиялар амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. Жумладан, катаракта, миопия касаллигини даволашда қўлланилаётган лазер жарроҳлиги усули, глаукома ва неоваскуляр глаукомани даволашда қўлланилаётган ксеноколлаген дренаж имплантацияси, шишасимон тана ва тўр парданинг оғир хасталикларини даволашда қўлланилаётган витреоретинал жарроҳлик амалиётлари бунга мисолдир.
— Ўзбекистонда хорижий сармоядорларнинг ҳар соҳада фаол ва самарали иш юритиши учун кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратилган, — дейди «Orion Medicity» клиникаси раҳбари Бабулал Баҳадур. — «Orion Medicity» каби тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган муассасалар учун солиқ, бож тўлови ва бошқа йўналишларда қулай имтиёзлар тизими жорий этилган. Бу соғлиқни сақлаш ташкилотларининг фаолиятини ривожлантиришда, техник базасини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Яратилган қулай имкониятлар бизнинг фаол ҳамкорликка қизиқишимизни оширмоқда. Яқин келажакда ўз фаолиятимизни янада кенгайтириб, муассасамиз таркибида кўп тармоқли диагностика маркази ташкил этиш ниятидамиз.
Клиника аҳолига юксак сифатли кардиология ва лаборатория хизматлари ҳам кўрсатади. Марказ мазкур йўналишларда беморларга аниқ ташхис қўйишга ва уларни даволашга мўлжалланган Германия ва Япониядан келтирилган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
«Orion Medicity» Тошкент тиббиёт академияси клиникаси, Республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институти, Онкология илмий маркази ҳамда Ихтисослаштирилган урология маркази каби қатор тиббиёт муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. «Orion Medicity» Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган ҳамкорликка оид битимга мувофиқ, Ҳиндистондан соҳанинг етук мутахассисларини таклиф этган ҳолда беморларга бепул маслаҳат бериш билан ҳам шуғулланади. Улар иштирокида кўплаб конференциялар ва семинарлар, маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Шу билан бир қаторда, «Orion Medicity» томонидан кўплаб ўзбекистонлик шифокорлар Ҳиндистоннинг «Medanta The Medicity» соғлиқни сақлаш муассасасига малака оширишга юборилмоқда.
Клиникада элликдан ортиқ малакали мутахассис фаолият юритади. Ушбу муассаса мамлакатимиздаги тиббиёт касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш жараёнида фаол иштирок этаётир.
Тиббиёт марказида Кексаларни эъзозлаш йилида қариялар учун қатор имтиёзлар, даволаш нархларида чегирмалар таъсис этилган. Уруш фахрийлари бу ерда бепул даволанмоқда.
Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар бундан буён ҳам барча соҳаларда ўзаро ишонч, ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб, халқларимиз манфаатларига хизмат қилаверади.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Замонавий тиббий хизмат Хизмат — беминнат »