Саховат, эзгулик, меҳр
  • 13 Июнь 2015

Саховат, эзгулик, меҳр

Ҳаёт тасодифларга тўла. Баъзан озгина эҳтиётсизлик инсон ҳаётини фожиага айлантирса, ўз вақтида берилган ёрдам, эътибор унга чексиз қувонч бахш этиши, умрига умр қўшиши мумкин. Фавқулодда ҳолатларда ўзгаларга беғараз ёрдам кўрсатувчи кишилар — донорларни ҳам баайни шундай атаб, бу каби фидойи инсонлардан ибрат олсак арзийди.

Зеро, қон ва унинг таркиби билан боғлиқ муаммолар барча даврларда долзарб ҳисобланиб, беғараз донорларга эҳтиёж юқори бўлган. 2005 йил май ойида  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ассамблеясининг сессиясида қон донорлигини қўллаб-қувватлашга оид  қарор қабул қилиниб, 14 июннинг халқаро донорлар куни сифатида нишонланиши ҳам бежиз эмас. Ушбу кунда иштирокчилар ўзгалар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида танасидаги энг қимматли унсур — қонини  беғараз топширувчи инсонларга ўз миннатдорлигини изҳор этишади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таклифига биноан, бу йилги донорлар куни барча мамлакатда “Ҳаётимни сақлаб қолганлигингиз учун Сиздан миннатдорман!” шиори остида ўтказилмоқда.
Юртимизда ҳам беғараз донорлик фаолиятини ривожлантириш, ёшларни инсонийлик руҳида тарбиялаш, аҳолини етарли миқдорда хавфсиз қон билан таъминлаш мақсадида июнь ойи Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бир қатор давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан республика миқёсида “Донорлик ойлиги” деб эълон қилинди. Мазкур ойлик давомида тиббиёт ходимлари томонидан кенг жамоатчиликка донорликнинг ижтимоий аҳамияти, инсон саломатлиги учун фойдали жиҳатлари,  бахтсиз ҳодисалар юз бериши, шошилинч тиббий ёрдам  ҳар дақиқа зарур бўлиши, умуман айтганда, беғараз донорлик ҳақида маълумот беришади. Қолаверса, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти тўғрисида ҳам сўз юритилади. Тадбирлар асносида ўзгалар тақдирига бефарқ бўлмаган фидойи инсонлар — донорлар  шаънига эзгу сўзлар айтилади, муносиб тақдирланади.
Давлат миқёсида қаратилаётган эътибор туфайли мамлакатимизда беғараз донорлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бунда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилгани алоҳида аҳамият касб этаётир.
Донорлик ҳаракатини республика миқёсида ривожлантириш, беғараз қон топширувчи донорларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 июлдаги қарорига асосан “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони таъсис этилди. Ушбу кўкрак нишони билан ўз қонини камида қирқ марта ёки унинг таркибий қисмларидан бир қисмини камида олтмиш марта бепул топширган донорлар тақдирланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, хавфсиз қон ҳеч бир манфаатдорликни кўзламаган, беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан келган донордангина олинади. Негаки, бундай донорлар ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ, ишонарли маълумот бера олади. Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ахир бундай ишга қўл уриш инсоннинг бошқа бир кишига ҳадя этадиган энг олий даражадаги совғасидир. Шундай экан, эзгуликка ҳисса қўшиш ибратдир.

Аълонур САИДОВ,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги  Гематология ва қон қуйиш
илмий текшириш институти директори, тиббиёт фанлари доктори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn