«Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги ютуқлари юксак эътирофга сазовор»
  • 02 Июнь 2015

«Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги ютуқлари юксак эътирофга сазовор»

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон кардиологларининг VII съездига ташриф буюрган хорижлик етакчи мутахассислар ана шундай фикр билдирмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика кардиологлар ассоциацияси, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда мамлакатимиздан ҳамда Жанубий Корея, Германия, Швейцария, Россия, Венгрия, Польша, Чехия, Озарбайжон, Ҳиндистон ва бошқа хориж давлатларидан етти юздан зиёд олимлар, шифокорлар, ёш тадқиқотчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Нуфузли тадбир даволаш ҳамда профилактика муассасаларида кардиология соҳасидаги кенг кўламли ишларни таҳлил қилиш, уларга баҳо бериш ва халқаро тажрибани ўрганиш, шулар асосида юрак-қон томир касалликларини янада камайтиришнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш, ташхислаш ҳамда даволаш жараёнида юқори технологик услублардан кенгроқ фойдаланиш масалаларини муҳокама этиш мақсадида ташкил қилинди.
Унинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинаяпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий, институционал база яратилди. Тегишли қонунлар, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари ижроси ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаяпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламалга айланди. Унинг ҳаётга татбиқ қилиниши тизим ривожида янги босқични бошлаб берди. Жойларда энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган шифо масканлари фаолияти йўлга қўйилди. Юқори технологик даволаш ва диагностика услублари амалиётга жорий этилди. Ижтимоий йўналтирилган бундай комплекс саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73,5 ёшгача, хусусан, мазкур кўрсаткич аёллар ўртасида 75,8 ёшга етди. Буларнинг барчаси жаҳонда ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Съездда республикамиз кардиология соҳасини халқаро талаблар даражасида юксалтиришга катта аҳамият қаратилаётгани ҳам ана шу ижобий натижаларга эришишда асосий омил бўлаётгани, юртимизда юрак-қон томир хасталикларининг олдини олиш имкониятлари кенгайганига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Президентимиз Фармони асосида ташкил этилган Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази (РИКМ) жамоасининг бу борада муносиб улуши бор.
— Айни пайтда марказимизда 10 та ихтисослаштирилган кардиологик бўлим фаолият юритмоқда, — деди мазкур марказ директори Р. Қурбонов. — Уларда артериал гипертония, ўткир миокард инфаркти, юрак-ишемик касаллиги, юрак аритмиялари, юрак етишмовчилиги ҳамда нокоронароген хасталиклари самарали даволанаяпти.
Кунига 250 қатновга мўлжалланган, замонавий қулайликларга эга маслаҳат поликлиникасида эса йилига 30 минг нафарга яқин киши амбулатор шароитида замонавий тиббий хизматдан баҳраманд бўлаётир. Беморларга профессорлар ва олий тоифали кардиологлар томонидан тиббий маслаҳатлар берилаяпти. Велоэргометрия, ЭКГни сутка давомида ёзиб олиш, ЭХОкардиография, биокимёвий таҳлиллар каби замонавий текширувлар ўтказилмоқда. Шулар қаторида кенг миқёсли илмий изланишлар амалга оширилаётир. Жумладан, шифо маскани қошидаги тиббий генетика лабораториясида артериал гипертония касаллигига дучор бўлган беморларнинг генетик паспортларини тузиш бўйича изчил чора-тадбирлар олиб борилаётгани диққатга сазовор.
Марказда маҳаллий хом ашёдан тайёрланган дори-дармонлардан кенг фойдаланилаяпти. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, юрак-ишемик касаллигини даволашда керак бўладиган, қондаги холестерин моддасини камайтирувчи олигвон, флатерон препаратлари, юрак аритмияларини бартараф этишга хизмат қилувчи аклезин, аксаритмин каби дорилар ана шулар жумласидандир.
Бинобарин, 2007 йилда давлатимиз раҳбари Фармонига мувофиқ, марказнинг бир гуруҳ мутахассис ҳамда тадқиқотчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти олимларига янги антиаритмик таъсирга эга “Аллапинин” препаратини яратиш ва тиббиёт амалиётига татбиқ этиш мавзуидаги илмий изланишлари учун Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника соҳасидаги 1-даражали Давлат мукофоти берилди. Янги дори тури хасталикни даволашда юксак самарадорликка эга бўлиб, хорижда ишлаб чиқарилаётган муқобили билан таққосланганда, бир неча бор афзал саналади. Шу боис “Аллапинин” юрак аритмияларини даволаш бўйича дунёда тан олиниб, кенг қўлланилмоқда.
Эътиборлиси, ушбу даргоҳда кардиомиопатиядек оғир касалликни илк бор юртимизда ташхислаш ва даволаш ишлари йўлга қўйилди, Рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими очилиб, илғор ускуналар билан жиҳозланди. Ҳозирги кунда у ерда коронароангиография — юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, уларга стент (найча) ўрнатиш ҳамда ангиопластика каби юқори технологик усуллар муваффақиятли бажарилаяпти. Юрак-қон томир касалликларининг энг оғир тури — миокард инфарктининг олди олинаётир. Бундай имконият нафақат марказда, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам яратилган. Масалан, Наманган вилояти кардиология марказида коронарография ва стентлаш амалиёти йўлга қўйилган бўлса, келгусида Хоразм, Фарғона ҳамда бошқа вилоят кардиология диспансерлари ҳам худди шундай шароитга эга бўлади.
Бундан ташқари, у ерда Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб юракнинг мураккаб аритмияларида қўлланадиган радиочастотали аблация ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция усуллари ўзлаштирилди. Жумладан, кардиочастотали аблация кўмагида кўкрак қафасини очмасдан, махсус мосламалар ёрдамида юракка етиб бориб, унинг нотекис уриши(аритмия)нинг баъзи турлари радиотўлқинлар воситасида бартараф этилади. Алоҳида қайд этиш керакки, айни пайтгача 200 нафардан зиёд бемор мазкур дарддан бутунлай қутулди.
Жорий йилда Кардиология марказида Кардиожарроҳлик бўлими ишга туширилди. У илғор тиббий техникалар, малакали кадрлар билан таъминланди. Бу ерда юрак-ишемик касаллигининг оғир турларида аорта коронар шунтлаш, юрак иллатларини жарроҳлик усули билан тиклаш каби мураккаб операциялар амалга оширилади. Ваҳолонки, бундай амалиётлар илгарилари фақат хориждаги айрим тиббиёт муассасаларида бажарилар эди, холос. Бугун эса беморларга дарддан фориғ бўлиш учун чет давлатлардаги клиникаларга боришнинг зарурати қолмади. Бундан ташқари, юрак клапанларида нуқсони аниқланган беморлар соғломлаштирилмоқда. Хабарингиз бор, бундай имконият Марказий Осиёда ягона бўлган академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази Кардиожарроҳлик мажмуасида ҳам яратилган.
— Самарали фаолият юритишимизда 12 нафар фан доктори, 37 нафар фан номзоди ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти, — деди РИКМ директори ўринбосари А. Шек. — Қолаверса, Швейцария, Жанубий Корея, Польша, Россия каби мамлакатлардаги кардиология марказлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Кези келганда таъкидлаш керакки, марказнинг Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида махсус филиаллари, 10 та вилоятда кардиологик диспансерлар, шаҳар ҳамда туманларда кардиология бўлимлари, тиббий маслаҳат берувчи мутахассислар хоналари ташкил этилиб, уларда барча шарт-шароит муҳайё этилди.
Бундай эзгу ишлар шарофати билан сўнгги беш йил мобайнида ўткир миокард инфарктидан келиб чиқадиган ўлим кўрсаткичи 9-10 фоизга камайтирилиб, хасталикларни эрта босқичларда бартараф этиш имкони пайдо бўлди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, юртимизда ўтган вақт мобайнида кардиология хизмати тизими мукаммал шакллантирилди. Бу истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида изчиллик билан олиб борилаётган ишлар юксак самараларини бераётганининг яққол тасдиғидир.
Съезд давомида юрак-қон томир хасталиклари билан касалланиш ҳамда ўлим кўрсаткичини камайтиришнинг стратегик вазифалари, мазкур хасталикларнинг турли клиник шаклларини диагностика қилиш ва даволашнинг долзарб муаммолари, артериал гипертония, сурункали юрак етишмовчилигини даволашнинг замонавий имкониятларига оид масалалар хусусида сўз борди. Маҳаллий ва хорижлик олимларнинг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кардиологик хизматнинг бугунги аҳволи ҳамда истиқболлари каби йўналишларга оид маърузалари тингланди. Айни пайтда мустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, жумладан, кардиология соҳасида қўлга киритилган муваффақиятларга бағишланган кўргазма ташкил этилди.
Анжуман давомида меҳмонлар Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, уларнинг самараларига юксак баҳо бердилар.

Хин Ву ПАК,
Корея Республикасининг “Soonchunhyang University Hospital Bucheon” госпитали кардиожарроҳи, профессор:
— Президент Ислом Каримов томонидан мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш учун зарур инфратузилма, моддий-техник база барпо этишга алоҳида эътибор қаратилганидан яхши хабардормиз. Бу қисқа вақтда ўз меваларини берди. Кардиология соҳаси тараққиёти, унинг муваффақиятларида ҳам шунга гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида малакали мутахассислар илғор технологиялар ёрдамида юқори даражада тиббий хизмат кўрсатмоқдалар. Юртингизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, баркамол авлодни вояга етказиш, кексаларнинг умрини узайтириш каби эзгу йўналишлардаги салмоқли ютуқлар ҳам эътиборга молик. Юксак савияда ташкил этилган ушбу съезд ҳар бир иштирокчи учун мамлакатингизнинг бу борадаги тажрибаси билан янада яқинроқ танишиш, ҳамкасблар билан фикр алмашиш, ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқиш имконини берди.

Паул ФОГТ,
Швейцариянинг “Swiss International Premium Hospitals Group” клиникаси директорлар кенгаши раиси, “EurAsia Heart Foundation” жамғармаси президенти:
— 2011 йил тиббиёт оламидаги йирик воқеага айланган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она — соғлом бола” мавзуида ўтказилган халқаро симпозиумда иштирок этгандим. Ўшанда Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишгандим. Бу сафарги ташрифим мобайнида ана шу эзгу юмушлар бардавомлиги таъминланаётганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани ўзининг юксак самараларини бераяпти. Бу ҳар қандай кишида ҳавас уйғотади. Тиббиётнинг мураккаб йўналишларидан бири — кардиология соҳасига энг сўнгги инновациялар татбиқ этилаётгани фикримга мисолдир. Шуларга мос равишда Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг тажрибали мутахассислари томонидан мураккаб операциялар бажарилмоқда. Бу эса юртингизда юрак-қон томир хасталикларини самарали даволаш, уларни эрта босқичлардаёқ бартараф этишга хизмат қилаётир. Съездда мен ҳам маърузам билан иштирок этдим.

Роберт ГИЛ,
профессор (Польша):
— Бугунги молиявий-иқтисодий инқироз шароитида айрим давлатларда ижтимоий сектор, хусусан, тиббиёт соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми қисқартирилмоқда. Мана шундай мураккаб бир пайтда Ўзбекистонда ушбу соҳага йўналтирилаётган давлат харажатлари 5 баробардан зиёд кўпайиб, унинг қарийб 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш каби муҳим жабҳаларга йўналтирилаётгани диққатга сазовор. Бундай ғамхўрлик жаҳон миқёсида деярли учрамайди. Демак, Ўзбекистоннинг социал-иқтисодий ютуқлари халқаро миқёсда бежиз эътироф этилмаяпти. Оналар ва болалар ўлими уч баробардан ортиққа камайгани, фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, аҳоли турмуш даражаси ҳамда сифати тобора юксалиб бораётгани ҳам ана шу ислоҳотлар натижаларидир.

Фурқат САНАЕВ,
Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn