Инсон ҳаёти ва саломатлиги — олий қадрият
  • 16 Май 2015

Инсон ҳаёти ва саломатлиги — олий қадрият

Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти ва саломатлиги энг олий қадрият даражасига кўтарилган. Бинобарин, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб эл соғлиғини асраб-авайлаш, баркамол авлодни вояга етказиш, энг сўнгги талабларга жавоб берадиган тиббиёт инфратузилмасини шакллантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда.

Юртбошимиз ташаббуси билан узоқни ўйлаб амалиётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” ана шу ислоҳотлар рўёбида бош дастуриламалдир.
Кеча пойтахтимизда ўз ишини бошлаган Ўзбекистон онкологларининг III конгресси очилиш маросимида шулар алоҳида таъкидланди. Унда АҚШ, Швейцария, Германия, Австрия, Нидерландия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон каби қатор давлатлардан 200 нафардан ортиқ олимлар, юртимиздан соҳанинг 450 нафар вакили, ёш тадқиқотчилар қатнашаяпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда хавфли ўсмалар билан касалланиш кўрсаткичлари ортиб бораётир. Масалан, ҳар йили Европа қитъасида саратон касаллиги қарийб 3,5 миллион инсонда аниқланиб, уларнинг 1 миллион нафардан зиёди ҳаётдан бевақт кўз юмаяпти. Мазкур рақамлар, айниқса, экологик муҳит носоғлом мамлакатларда юқорилигича қолмоқда.
Юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилаётган эътибор онкологик хизмат сифати юксалиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топаяпти. Хусусан, илғор ташхислаш ва даволаш усулларининг жорий этилиши, бирламчи профилактика ва скрининг текширувлари қўлланилиши натижасида онкологик касаллиги эрта босқичларда аниқланаётган беморлар сони ортиб, уларнинг умр кўриши кўрсаткичлари янада яхшиланиши кузатилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги “Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда онкологик хизмат ривожида яна бир муҳим пойдеворга айланди. Унга мувофиқ, соҳада туб ўзгаришлар юз берди. Республикамиздаги онкология муассасалари қайта қурилди ва реконструкция қилинди. Улар замонавий радиотерапевтик, ташхислаш ускуналари ҳамда бошқа замонавий қурилмалар билан жиҳозланди. Буларнинг барчаси юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилаяпти. Ўз навбатида, давлат бюджети томонидан жабҳани ривожлантириш учун ажратилаётган маблағлар миқдори икки баробар оширилди. Унинг моддий-техник базасини янада такомиллаштириш йўлида дунёнинг нуфузли молия институтлари инвестициялари ҳам жалб қилинаяпти.
— Юртимизда онкологик хасталикларнинг олдини олиш ва уни самарали даволашга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда, — деди Республика онкология илмий маркази директори Саримбек Наврўзов. — Марказимиз шаҳар ва вилоят онкологик диспансерлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга илмий-амалий жиҳатдан кўмак бериш ҳамда беморларга малакали ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш каби муҳим вазифаларни бажаради. Шифо масканимиз 375 ўринга мўлжалланган бўлиб, ўн тўртта клиник бўлим, учта илмий, битта клиник лаборатория, шунингдек, нур, ультратовуш диагностикаси, юқори энергия ва патоморфология бўлимларидан иборат. Клиник бўлимларда барча аъзоларнинг онкологик касалликлари жарроҳлик, кимётерапия ҳамда нур терапиясини комплекс қўллаш усули билан даволанади. Зеро, марказда жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини амалиётга татбиқ қилиш устувор йўналишлардан биридир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сўнгги етти-саккиз йил ичида марказда меъда, йўғон ичак ва қовуқ саратони хасталикларида жарроҳлик йўли билан олиб ташланган аъзолар фаолиятини тиклашда ижобий натижаларга эришилди. Қувонарлиси, МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб, меъда олиб ташлангандан сўнг ушбу аъзо фаолиятини ингичка ичакдан фойдаланган ҳолда, пластик-тиклаш жарроҳлиги қўлланилмоқда. Мазкур услуб ўз самарасини бераяпти. Шундай амалиётлар бугунги кунгача юзлаб беморларда қўлланилди. Улар орасида хасталикдан фориғ бўлгач, соғлом ҳаёт кечириб, яна меҳнат фаолиятини давом эттираётганлар кўпчиликни ташкил қилади.
Энг муҳими, бундай ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари фақат республика муассасасида эмас, балки вилоятлар ва шаҳарлар онкологик диспансерлари мутахассислари томонидан ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Зотан, жойлардаги ихтисослаштирилган онкологик даволаш муассасаларида юқори технология асосидаги энг нозик операцияларни ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилгани беморлар умрига умр қўшишда муҳим роль ўйнаяпти.
Шулар қаторида, марказ етакчи мутахассислари соғлиқни сақлашнинг вилоят ва туманларга бориб, ўсмаолди ва эрта босқичдаги ўсма турларини аниқлаш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдалар. Онкологиянинг долзарб муаммолари бўйича маърузалар ҳамда маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар истеъмолини жамоат жойлари, мактаблар ҳамда шифохоналарда чеклаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу каби тадбирларга олий ўқув юртлари, коллеж ўқитувчи-ўқувчилари, бирламчи бўғин ва умумий амалиёт шифокорлари, туман онкологлари жалб этилаяпти. Булар эса ўсма касалликларининг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ҳамда онкологик эҳтиёткорлик даражаси сезиларли ортишида катта аҳамиятга эга бўлаётир.
Беморларни ҳисобга олишда ягона электрон база яратилгани соҳадаги яна бир ютуқдир. Шу асосда хавфли ўсма касалликлари билан хасталанган беморларни ҳисобга олиш, уларни текшириш, даволаш ва кузатиш ишлари устидан доимий мониторинг олиб бориш имконияти яратилди. Мутахассисларни халқаро талаблар асосида тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш ҳам доимий диққат-эътиборда.
Конгресс давомида ялпи мажлис бўлиб ўтди. Ўз навбатида, унинг доирасидаги шуъба йиғилишларида етакчи олимлар, шифокорларнинг соҳадаги долзарб мавзулар ва муаммоларга оид маърузалари тингланмоқда. Айни чоғда “Онкология — 2015” кўргазмаси ҳам бўлиб ўтаяпти.
Анжуман якунида тегишли резолюция қабул қилинади. Мазкур ҳужжат хавфли ўсмаларни ташхислаш ҳамда даволаш дастурини амалга ошириш, онкологик беморлар ҳаёти сифатини яхшилаш ва барча давлатлар онкологларининг ҳамкорликда фаолият юритишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида соҳадаги етакчи журналларда нашр қилиниб, тиббиёт илми мутахассисларининг кенг доирасига етказилади. Бу эса онкологик касалликларнинг олдини олиш, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни халқаро стандартлар даражасига етказишда алоҳида ўрин тутади.
Умуман, иштирокчилар фикрига кўра, Конгресс жаҳон онкологияси мактаби ривожи учун яна бир илдам қадам бўлиши, шубҳасиз.
— Мен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб бораман, — деди Н. Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази директори, академик Михаил Давидов. — Айниқса, тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларингизга кўпчиликнинг ҳаваси келмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида самарали ислоҳотлар олиб борилиб, қатор давлат дастурлари амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Бу ўз натижаларини бераяпти, албатта. Ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, жумладан, ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ҳамда гинекология илмий-амалий, перинатал ва скрининг марказлари, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари қатори онкология диспансерлари ҳам фаолияти йўлга қўйилгани диққатга сазовордир. Республика Онкология илмий маркази фаолияти билан яқиндан танишман. У кўркам биноларда жойлашган, замонавий жиҳозлар, малакали мутахассислар билан таъминланган. Конгресс ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга яхши туртки беришига ишончим комил. Унда замонавий онкохирургия асосларига оид маърузам билан иштирок этаяпман.
— Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, хусусан, онкология тизими билан танишув чоғида жабҳада илғор шакл ҳамда услублар амалиётга жорий қилинаётганига шоҳид бўлдим, — деди Америка онкологлари ассоциацияси вакили (ASCO) Неведа Дамьянов. — Ўзбекистонда мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, бунинг учун зарур инфратузилма, моддий-техник база барпо этишга устувор аҳамият қаратилгани кўп ўтмай ўз самараларини кўрсатгани ҳақида яқиндан хабардор бўлдим. Чекка ҳудудларда янги, ихчам ва замонавий врачлик пунктлари, туман тиббиёт бирлашмалари ташкил қилингани эл саломатлиги муҳофазаси, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтиришнинг ажралмас бўғинига айланган. Шулар қаторида, онкологик хизмат такомиллаштириб борилаяпти. Булар ўсма касалликларини эрта босқичларда аниқлаш, беморларни ҳаётга қайтариш, уларнинг умрини узайтиришга йўналтирилган, албатта. Ўтказилаётган анжуман онкологик беморларни ташхислаш, даволаш ва реабилитациясида қўлланилувчи технологиялар, тадқиқотлар бўйича ўзаро фикр ҳамда тажриба алмашиш, самарали алоқаларни йўлга қўйишда катта имкониятдир.
— Ўзбекистонда давлат бюджетининг қарийб олтмиш фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани ҳақида хабардор бўлдим, — деди Корея Республикаси Сеул миллий университетининг Бунданг шифохонаси бўлим мудири Жунгхун Ли. — Тўғриси, жаҳонда кузатилаётган ҳозирги мураккаб шароитда бу ҳавас қилишга арзигулик кўрсаткич. Бундай юксак эътибор самаралари мамлакатда аҳоли соғлиғини сақлаш борасидаги муваффақиятларда кўриниб турибди. Ўзбекистонда яхши ривожланган, арзон ва ҳамма фойдаланиш имконига эга бўлган қулай тиббиёт хизматлари яратилган. Оналар ҳамда болалар саломатлигини асраш ҳамиша эътиборда. Шаҳару қишлоқлардаги шарт-шароитлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгилаб қўйилган оналар ва болаларга зарур даволаш хизматларини кўрсатиш учун ҳар ўн минг аҳолига 23 нафар тиббиёт ходими тўғри келиши тўғрисидаги талабларга жавоб беради. Буларнинг барчаси БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни ҳал этиш ҳамда Ўзбекистонни янада тараққий топтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
— Ўзбекистонга бешинчи маротаба келишим, — деди Грац тиббиёт университети профессори, “Европа кардиорадиология жамияти” асосчиси ва биринчи президенти Райнер Риенмюллер (Австрия). — Тўғриси, бу сафар Тошкент янада замонавийлашиб, чирой очибди. Ушбу янгиланишларга монанд юртингиз тиббиёти ҳам жадал ўсиб бораётир. Уни бир сўз билан ифодалаб бериш қийин. Очиғи, Республика онкология илмий маркази фаолияти билан яқиндан танишман. У ердаги шароит, қулайликлар юксак даражада. Бу ерда беморларга юқори даражада хизмат кўрсатиш учун неки зарур бўлса, барча-барчаси муҳайё қилинган.
Мазкур Конгресс соҳадаги долзарб масалаларни таҳлил қилиш, мутахассислар билан илмий суҳбат қуриш баробарида, Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитиши, шубҳасиз. Ушбу тадбир нафақат маҳаллий, балки жаҳон онкологиясининг илмий-амалий ҳамда фундаментал асосларини такомиллаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икромов сўзга чиқди.

Фурқат САНАЕВ,
Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn