Саломатлик қалқони
  • 12 Май 2015

Саломатлик қалқони

Халқимиз дастурхонидан бодом, хандон писта, ёнғоқ, туршак, майиз каби ноз-неъматлар аримайди. Ушбу қуруқ мевалар дастурхон зийнатигина эмас, балки инсон саломатлигининг қалқонидир. Айниқса, бодомнинг турган-битгани — кони фойда.

У ички аъзоларни тозалаш, кўзни равшанлаштириш, томоқни юмшатиш хусусиятларига эга. Шакар билан бирга истеъмол қилинса, зиқнафас, зотилжам ҳамда қон қусишга наф бериши билан бирга, танадаги синган аъзолар ва яраларнинг тез битишига кўмаклашади.
Бодомли мураббо буйрак фаолиятини яхшиласа, унинг қариқиз ўсимлигининг илдизига қўшиб дамланган ҳолда бошга суртилган ёғи соч тўкилишини камайтиради. Ширин бодом мойи ёки мағзи обдан эзилиб сувга аралаштирилса, бодом “сути” ҳосил бўлади. У пешоб ҳайдовчи беозор омил ҳисобланади.
Халқ табобатида дармонсизлик, нафас қисиши, бош айланиши ва қуруқ йўталга қарши қанд билан аралаштирилган бодом мағзи тавсия этилади. Аччиқ бодомнинг мусаллас билан қўшилгани эшакемини даволашда, асал билан аралашмаси эса тошма яраларга малҳам бўлади. Бодомнинг сирка билан омихта қилингани замбуруғли касалликларга қарши восита сифатида қўлланилади.
Бодом мойи болаларда сурги сифатида фойдаланилади. Қизамиқ чиққан гўдакларга бодом меваси пўчоғининг қайнатмасини ичириш фойдалидир. Маълумотларга қараганда, бодом уни қанд касаллиги, болалардаги тутқаноқ ва ошқозон касаллигини даволашда муҳим парҳез воситалардан бири саналади. Аччиқ бодом мойи эса қулоқ оғриғининг олдини олади.
Замонавий тиббиётда чучук бодом мағзидан тайёрланадиган эмульсия меъда-ичак оғриқларини қолдириш учун ишлатилади. Кўриниб турибдики, бодомнинг хислатлари жуда кўп. Уни мунтазам истеъмол қилиб юрган кишининг иммунитети ошади, турли касалликлардан фориғ бўлади.


Маннон НАБИЕВ,
доришунос.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn