Мамлакатимиз тиббиёти ютуқлари эътирофи
  • 07 Май 2015

Мамлакатимиз тиббиёти ютуқлари эътирофи

Пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон фтизиатрлари ва пульмонологларининг VIII съезди нафақат юртимиз соғлиқни сақлаш тизими, балки ижтимоий-сиёсий соҳаларда ҳам олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўзига хос намойишига айланди.

Мазкур нуфузли анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Нидерландия, Франция, Чехия каби йигирмага яқин давлатдан қарийб  90 нафар  ҳамда юртимиздан  мингдан  зиёд олим, шифокор ва ёш тадқиқотчилар қатнашди.
Cъезд давомида соҳанинг долзарб масалалари бўйича илмий симпозиумлар, шуъба мажлислари, сателлит-конференциялар, давра суҳбатлари,  “Маҳорат  дарслари”, шифокорлар учун мактаблар, ёш олимлар танлови, дори-дармонлар, тиббий техника кўргазмаси ўтказилди. Етакчи олимлар, амалиётчи мутахассисларнинг соҳага оид долзарб маърузалари тингланди. Айни чоғда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси ривожига бағишланган кўргазма ва ҳужжатли фильм намойиши бўлиб ўтди. Нуфузли  меҳмонлар, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббий маркази фаолияти билан танишди.
Тадбир давомида меҳмонлар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг улкан самаралари ҳақида ўзларининг юксак эътирофларини билдирдилар.
Хусусан, улар томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, таълим соҳасини тубдан яхшилаш ва ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаёт ободлиги,  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳит ва экологияни асраб-авайлаш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси жаҳонда тан олинган тараққиётнинг “ўзбек модели” самаралари эканлигига хорижлик олимлар алоҳида тўхталиб ўтишди.
Зеро, шу асосда биргина тиббиёт жабҳасидаги янгиланишлар нафақат жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш, инсонлар онгини ўзгартириш, унинг қадрини олий даражага кўтариш, баркамол авлодни вояга етказишда муҳим омил бўлаяпти, балки кўплаб давлатлар томонидан андоза ва намуна сифатида ҳам чуқур ўрганилмоқда.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва хирургия, кардиология, урология, терапия, эндокринология, кўз микрохирургияси каби ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал ва ишончли тармоғи яратилди.
Айни чоғда съезд иштирокчилари қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг махсус элчиси Мишель Казачкин юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва мустаҳкамлаш саломатлик кўрсаткичларини янада барқарор сақлашда муҳим ўрин тутаётгани, юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, уларнинг натижаларини юқори баҳолади.
Тадбир қатнашчилари томонидан Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга комплекс ёндашилаётгани, бу борадаги мукаммал тажриба жаҳонда кам учраши, айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонда давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳа ривожига йўналтирилаётгани диққатга сазовор жиҳат эканлиги тилга олинди.
— Ўзбекистонда мустақиллик йилларида нафақат соғлиқни сақлаш, балки кўпгина соҳаларда кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилганидан яхши хабардорман, — деди Европа торакал жарроҳлари жамияти президенти Жилберт Массард (Франция). — Бугун шиддат билан  ўзгараётган глобаллашув даврининг кескин талабларига, дунё бозорида тобора  кучайиб бораётган рақобат курашига бардош бера оладиган, фақат қатъиятлилик билан олдинга  интилаётган, ўзининг узоқни кўзлаган тараққиёт стратегияси эга бўлган давлатгина ривожланишнинг катта йўлида ўз эзгу мақсадларига эришиши мумкин. 
— Ўзбекистон “Саломатлик — 2020” стратегиясини ҳаётга изчил татбиқ этаётган энг етакчи мамлакатлар қаторига киради, — деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Огтай Гузалов. — Зеро, ушбу дастурнинг устувор йўналишлари — соғлиқни сақлаш, таълим соҳаси билан бирга, аҳоли турмуш шароитини замон талаблари даражасига олиб чиқиш, озиқ-овқат, сув ва энергия билан таъминлашни яхшилаш бўлса, Ўзбекистонда бу борада ҳам беқиёс ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда юртингизда ўтказилаётган йирик симпозиум, конференция ва форумларда халқаро жамоатчилик мазкур йўналишларда тўпланган тажрибалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлаяпти. Хусусан, 2014 йилда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференцияда мустақиллик йилларида Президент Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатингиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида улкан муваффақиятларга эришгани қайд этилди. Ушбу анжуман ҳам аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини янада мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорликни ривожлантириш, “Саломатлик — 2020” сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида ўтказилди.
— Ҳозирги вақтда дунёда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш тобора долзарблик касб этаётир, — деди Германиянинг Гутинг миллий референс лабораторияси директори Харальд Хоффман. — Айниқса, нафас йўллари касалликлари, хусусан, силнинг юқори даражада тарқалиши кузатилмоқда. Юртингизда эса унинг олдини олиш, бу йўлда фтизиатрия ҳамда пульмонология хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бунда аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий-ташкилий база катта роль ўйнамоқда. Чунки уларнинг изчил ижроси натижасида салмоқли натижаларга эришилаяпти. Бирламчи тиббий муассасалар, диспансер ҳамда шифохоналар, илмий тадқиқот муассасаларининг ўзаро самарали интеграцияси, профилактика юмушлари, кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари кучайтирилгани диққатга сазовор. Пировардида мамлакатингизда сўнгги йилларда сил, гепатит ва шу каби эпидемиологик хасталиклар билан оғриш ҳолатлари сезиларли даражада камайган. Бу борада Президент Ислом Каримов ташаббуси билан 2009 йилда ташкил этилган Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази катта ҳисса қўшаётганига унинг фаолияти билан бевосита танишиб ишонч ҳосил қилдик.
— Бугун тиббиёт шиддат билан ривожланмоқда, — деди италиялик торакал жарроҳ Энрико Руффини. — Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш жабҳасидаги ривожланиш суръатлари инновацион руҳда кечаётганини кузатиш мумкин. Бу тараққиётнинг “ўзбек модели”га хос муҳим жиҳатларидан бири, деб ўйлайман. Бинобарин, буларнинг барчаси, энг аввало, инсон омили, унинг соғлиғини асраб-авайлаш учундир. Масалан, кўп давлатлар қаторида юртингизда ҳам илгари сил хасталигига чалинган беморлар 8-10 ойлаб даволанган бўлса, бугун бу жараён ўрта ҳисобда 60 кун давом этаяпти. Сабаби, Ўзбекистонда юқори технологияларга асосланган муолажалар ва жарроҳлик амалиётларини бажариш учун ҳамма шароит яратилган. Ўпка ҳамда плевра касалликларида қўлланиладиган пульмонэктомия, плеврэктомия, бронхоблокация, суяк ва бўғим хасталикларида бўғимларни эндопротезлаш, умуртқа пластикаси сингари мураккаб амалиётлар маҳаллий шифокорлар томонидан катта муваффақият билан қўлланилиб келинмоқда.
— Аниқ ташхис замонавий тиббиёт “юраги”дир, — деди германиялик неонатолог Иоахим Шурман. — Мамлакатингизда клиник ташхис, рентген, патологик анатомия, иммунология, микробиология ҳамда цитология илмий лабораториялари фаолият юритаяпти. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказининг миллий референс лабораторияси менда катта таассурот қолдирди. Унинг моддий-техник базаси замонавий ва жаҳонда мавжуд энг сифатли ана шундай 10 та йирик муассаса рўйхатидан ўрин олгани мамлакатингиз тиббиёти ютуқларидан биридир.
— Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳбарлигида истиқлол йилларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайдиган демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси махсус вакили Хайк Никогосян.  — Ислоҳотларнинг бош мақсади аҳоли баркамоллиги ва фаровонлиги, мустаҳкам саломатлигига қаратилгандир. Ўтган йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида асрларга татигулик ютуқларга эришди. Жаҳон талабларига жавоб берадиган яхлит ва ишончли тиббиёт муассасалари тизими яратилди. Тиббий хизмат, профилактика тадбирлари сифати тубдан яхшиланди. Ҳар бир инсон соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Бугун дунёда нафас йўллари касалликлари билан боғлиқ муаммолар тобора кескинлашиб бораётган бир пайтда мамлакатингизда сил билан касалланиш ва ўлим даражаси 3,5 баробар камайди. Буларнинг барчаси давлат томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг салмоқли натижаларидир. Бу борада Ўзбекистонда мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, уларнинг ижроси изчил таъминланаётгани, амалга оширилаётган ишларда ЖССТ тавсиялари инобатга олинаётгани, тегишли халқаро ҳужжатлар ва йўл хариталари қўллаб-қувватланаётгани, айниқса, таҳсинга сазовор.

«Халқ сўзи» мухбири
Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn