Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — устувор мақсад
  • 05 Май 2015

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — устувор мақсад

Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон фтизиатрлари ва пульмонологларининг VIII съезди ўз ишини бошлади. Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Нидерландия, Франция, Чехия каби йигирмага яқин давлат ҳамда мамлакатимиздан беш юздан зиёд олим, шифокор ва ёш тадқиқотчилар қатнашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, баркамол авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Истиқлол йилларида юртимизда сифат жиҳатидан янги, замонавий тиббиёт муассасалари инфратузилмаси шакллантирилди. Уларнинг моддий-техник ва кадрлар базаси мустаҳкамланди. Марказий жойлардан тортиб, олис қишлоғу овулларда ҳам бугунги кун талабларига жавоб берадиган шифо масканлари барпо қилинди. Мавжудлари тубдан қайта таъмирланди. Уларда хасталикка аниқ ташхис қўйиш ҳамда самарали даво муолажаларини қўллаш имконияти яратилди.
Бундай кенг кўламли ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда. Сўнгги ўн йилда юртимизда ривожланишида туғма нуқсони бўлган болалар сони 1,3 баробар, 6 — 15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4, пневмонияга чалиниш 49,7, бронхит билан хасталаниш 32,8 ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоиз камайгани, аҳолининг ўртача умр кўриши 7,5 йилга узайгани бунинг яққол тасдиғидир.
Буларнинг барчаси “Саломатлик — 2020” стратегияси билан уйғун эканлиги диққатга сазовордир. Айтиш жоизки, мазкур ташаббус Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, инсон саломатлигига салбий таъсир этадиган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олиш, жойларда жамоатчилик барқарорлигини таъминлаш ва аҳолини қўллаб-қувватлайдиган муҳитни яратишга йўналтирилган.
— Ўзбекистонда мустақилликнинг ўтган қисқа даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий-иқтисодий ҳамда экологик барқарорликни мустаҳкамлаш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилди, — дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг махсус элчиси Мишель Казачкин. — Буларнинг барчаси Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги салмоқли қадамлардир. Мамлакатингизда қабул қилинган тегишли режада МРМда белгилаб берилган устувор йўналишлар қамраб олинган бўлиб, уларнинг ижроси изчил таъминланаётир. Муҳими, юртингизда ушбу вазифаларни бажариш борасидаги интилишлар эътиборга лойиқ. Бу борада БМТ Тараққиёт дастури билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, қатор лойиҳалар амалга оширилаётганини мамнуният билан таъкидлашни истардик.
Ҳозирги вақтда дунёда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш тобора долзарблик касб этаётир. Айниқса, нафас йўллари касалликлари, хусусан, силнинг юқори даражада тарқалиши кузатилмоқда. Юртимизда эса унинг олдини олиш, бу йўлда фтизиатрия ҳамда пульмонология хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни, “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламалдир. Уларнинг изчил ижроси натижасида силнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича ўзига хос тизим барпо этилди. Бирламчи тиббий муассасалар, диспансер ҳамда шифохоналар, илмий тадқиқот муассасаларининг ўзаро самарали интеграцияси йўлга қўйилди. Ўз навбатида, профилактика юмушлари, кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари кучайтирилди. Қолаверса, болалар иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида эрта эмлаш тадбири ўз вақтида ўтказилаётир. Бунинг натижасида мамлакатимизда сўнгги йилларда сил, гепатит ва шу каби эпидемиологик хасталиклар билан оғриш ҳолатлари сезиларли даражада камайди.
Бу борада Президентимиз ташаббуси билан 2009 йилда ташкил қилинган Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор. Чунончи мазкур масканда фтизиатрия хизматини такомиллаштириш, сил ва сурункали носпецифик ўпка касалликларига қарши курашиш, бундай хасталикларни замонавий муолажалар асосида самарали даволаш учун барча имконият мавжуд. Унинг малакали мутахассислари соҳадаги илғор усуллар ва жарроҳлик амалиётлари бўйича Буюк Британия, Германия, Нидерландия сингари кўплаб давлатларнинг нуфузли клиникаларидаги ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиб келаяпти.
Ушбу марказ 2011 йилда тубдан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган. Унинг очилиш маросими пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она — соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиум доирасида бўлиб ўтган эди.
Марказнинг асосий даволаш-ташхис мажмуи 7 қаватли бинодан иборат бўлиб, бу ерда қабул, клиник-биокимё лабораторияси, диагностика, жарроҳлик, реанимация ва интенсив терапия, ўпка сили, суяк-бўғим тизими, ўпкадан ташқари аъзолар касалликлари, урогенитал аъзолар сили билан касалланганларни даволаш бўлимлари ҳамда махсус дорихона фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти кафедралари ҳам жойлашган.
— Илгари сил хасталигига чалинган беморлар 8-10 ойлаб даволанган бўлса, бугун бу жараён ўрта ҳисобда 60 кун давом этади, — дейди марказ директори Мирзағолиб Тиллашайхов. — Боиси юқори технологияларга асосланган муолажалар ва жарроҳлик амалиётларини бажариш учун ҳамма нарса муҳайё этилган. Ўпка ҳамда плевра касалликларида қўлланиладиган пульмонэктомия, плеврэктомия, бронхоблокация, суяк ва бўғим хасталикларида бўғимларни эндопротезлаш, умуртқа пластикаси сингари илғор услублар шулар жумласидандир.
Масалан, плеврэктомия жарроҳлигини олайлик. Маълумки, ўпка силининг оғир ҳолатида у олдинги шаклига нисбатан кичрайиб қолади. Натижада унинг ҳимоя қатлами қотиб, ўпканинг эркин ишлашига йўл қўймайди. Шундай ҳолатда плевр, яъни ўпка пардаси олиб ташланиши зарур. Унинг муваффақиятли қўлланилиши натижасида бемор оғир дарддан халос бўлади. Қолаверса, нафас йўлларининг шикастланган қисмини жарроҳлик йули билан даволаш — кавернопластика, яъни ўпка тешигини тиклаш каби мураккаб амалиётлар марказ мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда.
Замонавий тиббиётни аниқ ташхиссиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода, муассаса мутахассислари клиник ташхис, рентген, патологик анатомия, иммунология, микробиология ҳамда цитология илмий лабораториялари имкониятларидан унумли фойдаланишмоқда. Унинг миллий референс лабораториясида эса замонавий “GeneXpert”, “МGIT”, “Васtес” сингари ускуналар ўрнатилган. Мазкур бўлим иш сифати юқори талаблар даражасида бўлиб, жаҳонда мавжуд энг сифатли 10 та йирик лаборатория рўйхатидан ўрин олган. Бу ерда микроскопия, культурал, яъни микробларни ўстириш, генетик ва серологик усулларда энг кам вақт талаб қилинадиган мураккаб таҳлиллар ўтказилади. Ҳозирги пайтда ушбу муассаса мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида жойлашган 300 дан зиёд лабораториялар учун илмий-услубий марказ вазифасини ҳам ўтамоқда.
— Мамлакатингизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир, — дейди Россия Тиббиёт фанлари академияси академиги, Москва пульмонология илмий тадқиқот институти директори Александр Чучалин. — Бунга Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти билан яқиндан танишиб яна бир бор амин бўлдим. У ердаги мураккаб молекуляр-генетик текширув ҳамда касалликни аниқлаш усулларини бажарувчи референс лабораторияси эса дунёнинг камдан-кам давлатларида учрайди. Минтақалараро бактериологик лабораториялар фаолияти ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Шу каби катта ғамхўрлик самарасида кейинги ўн йилда юртингизда кох таёқчаси билан боғлиқ касалликка қарши курашда қатор натижаларга эришилганидан хабардорман. Масалан, сил касаллигига чалиниш даражаси уч баробар камайибди. Ўзбекистон бу борада МДҲ мамлакатлари орасида юқори ўринда турибди. Кези келганда, Ўзбекистоннинг барча ҳудудида мураккаб кардиологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилгани мени ҳайратга солди. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда халқ саломатлигини муҳофаза қилиш олий қадрият даражасига кўтарилганини кўрсатади.
Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази қошида 10 та клиник бўлим, шунингдек, маслаҳат-ташхис поликлиникаси мавжуд. У ерда йилига 5000 нафарга яқин кишига тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.
Юқоридагиларнинг самаралари ўлароқ, бугун жаҳон миқёсида сил касалликларини даволаш самараси 85 фоиз бўлиб турган бир шароитда, юртимизда ушбу кўрсаткич 87 фоизга етказилди. Ўз навбатида, саломатликка доимий эътибор соғлом кишилар учун ҳам зарурлиги ҳисобга олиниб, жойларда фертил ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар ўртасида бошқа тиббий таҳлиллар сингари флюрографик текширувлар мунтазам ўтказилмоқда.
— Бугун жаҳон тиббиёти экспертлари ҳар қандай хасталикни даволашдан кўра, унинг олдини олиш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш масаласига катта урғу бермоқда, — дейди профессор И Син (Хитой). — Юртингизда ҳам бу борада салмоқли натижаларга эришилаяпти. Ҳудудларда саломатлик ҳафталиклари, она ва бола соғлиғи муҳофазасига йўналтирилган бепул тиббий текширувлар мунтазам ташкил этилаётганидан бохабарман. Бундай тадбирларда малакали мутахассислар кенг жамоатчиликка сил ва бошқа юқумли хасталикларнинг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш бўйича ҳам аниқ тавсиялар бераётгани эътиборга молик. Мазкур Съезд соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, энг сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш, долзарб масалаларга биргаликда ечим топиш имконини яратади.
— Сил касаллигининг олдини олиш мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги қай даражада таъминлангани билан ҳам боғлиқдир, — деди “Salt Medis” компанияси бош директори Санг Ок Ли (Корея Республикаси). — Чунки ушбу хасталикнинг тарқалиши хавфи тўйиб овқат емаслик, организмнинг иммун тизими фаолияти сусайиши билан боғлиқ. Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор ютуқларга эришилаяпти. Съезд давомида мамлакатингизнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш соҳасидаги муваффақиятлари билан янада яқинроқ танишишни мақсад қилиб қўйдим. Ўз навбатида, ҳамкасбларимиз билан ўзаро фикр, билим ва тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирганмиз.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар саккизта одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошдан кечирмоқда. Бу эса 160 миллион нафардан ортиқ болаларнинг бўй ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда эса ўтган йилларда ғалла етиштириш ҳажми 1 миллион тоннадан 7,8 миллион тоннага етди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробардан зиёд ўсди. Бу эса юртимиз аҳолисининг қарийб 10 миллион кишига ёки 30 фоиздан ортиқ кўпайишига қарамасдан, жон бошига тўғри келадиган гўшт истеъмолини 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотларини 1,6 карра, картошкани 1,7 баробар, сабзавотларни 2 мартадан зиёд, меваларни қарийб 4 баробар ошириш имконини берди. Қолаверса, диёримизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда. Аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келаяпти. Бу дунёда мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир. Умуман, юртимизда рўёбга чиқарилаётган Озиқ-овқат дастури аҳолининг тўлақонли ва мутаносиб рацион асосида овқатланишини таъминлаб, фуқаролар, аввало, болалар саломатлигини тубдан яхшилашга хизмат қилаяпти. Охирги ўн йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд қисқаргани, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметр ўсгани, хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Буларнинг ҳаммаси, ўз навбатида, силга қарши курашиш самарадорлигини ҳам ошираяпти.
Съезд давомида соҳанинг долзарб масалалари бўйича илмий симпозиумлар, сателлит-конференциялар, давра йиғилишлари, шифокорлар учун мактаблар, ёш олимлар танлови, дори-дармонлар, тиббий техника кўргазмаси ўтказилади, етакчи олимлар, амалиётчи-мутахассисларнинг маърузалари тингланади. Шулар асосида сил ва ўпка касалликлари билан кураш дастури, уни яқин келажакда амалга ошириш босқичлари белгилаб олинади. Энг муҳими, мазкур йирик тадбир нафақат ўзбек олимлари мактаби мавқеини кўрсатади, балки аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни халқаро стандартлар даражасига етказиш учун рағбат бўлади ва Ватанимиз тиббиёт илмининг ривожланишига туртки беради.
Хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманнинг расмий очилиш маросими “Туркистон” саройида бўлиб ўтди. Унда санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда тиббиёт соҳаси ривожига бағишланган кўргазма ва ҳужжатли фильм намойиши бўлиб ўтди. Съезднинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.


Фурқат САНАЕВ,
Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn