Кўркам ва мафтункор сиҳатгоҳлар
  • 29 Апрель 2015

Кўркам ва мафтункор сиҳатгоҳлар

Маълумки, Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” курорт-соғломлаштириш жамияти сиҳатгоҳлари мамлакатимиз аҳолиси ҳамда чет элликларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Ажойиб иқлими ҳамда замонавий тиббий хизмат кўрсатилиши боис ушбу дам олиш масканларига қизиқиш юқори.

Ҳар йили уларда тўрт мингдан зиёд кишининг даволаниб, ҳордиқ чиқариши ҳам бунинг ёрқин далолатидир. Ялтадаги “Ўзбекистон” сиҳатгоҳи Могаби тоғ ён бағридаги қадимий боғда, машҳур Учан-сув шаршараси яқинида жойлашган. Мазкур муассаса асаб ҳамда жисмоний касалликларни даволашга ихтисослаштирилган. Табиий шарт-шароити туфайли бу жойда Ўрта Ер денгизининг мўътадил иқлими ҳукмрон. Айни чоғда ионлашган, кислород ва фитонцидларга тўйинган ҳаво ўпка ҳамда юқори нафас йўллари хасталиклари, шунингдек, юрак-қон томир ва асаб тизими касалликларидан фориғ бўлишда қўл келади.
Бу ерда секвойя, резавор тис, Қрим, Аллепо, Италия ҳамда Судак қарағайлари, калоцедрус, Лавсон кипарисовиги ва бошқа дарахтлар борки, улар масканга ўзгача гўзаллик бағишлаб турибди. Бир ярим асрлик кедр, сарв, атиргул ва дафна дарахтлари хушбўй ифор таратади. Турли буталар, атиргул, самбитгул, япон беҳиси, форцизия, настарин гуллари эса кўзни қувонтириши баробарида, дилларга хотиржамлик улашади. Қулай йўлак бўйлаб кезган киши буни дарҳол ҳис этади.
Ана шундай кўркам сиҳатгоҳ ҳудудида еттита дам олиш ва даволаш бинолари, маъмурий-хўжалик иншоотлари, иссиқлик пункти, клуб-ошхона, чучук сувли очиқ бассейн жойлашган.
Сиҳатгоҳдан олти километр узоқликда майда шағалли пляж ҳам бор. У ерда аэро-гелио-талассотерапия муолажаларини олиш учун махсус соябон ўрнатилган. Эътиборлиси, пляжга бориш-келиш учун махсус автобуслар ажратилган.
“Ўзбекистон” сиҳатгоҳида даволаниш жараёни уч кунлик мослашув-диагностика давридан сўнг бошланишини айтиш жоиз. Бу ерда мижозлар мутахассислар кўригидан ўтиб, уларнинг назорати остида комплекс ташхис олади. Яъни электрокардиограмма, ультратовушли текшириш, биокимёвий таҳлиллардан ўтказилади. Лор, окулист, уролог, гинеколог маслаҳатидан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд. Қолаверса, тиббий кўрсатмага кўра,  уларга физиотерапия, даволаш машқлари ва тренажёр залига қатнаш, массаж, психоароматерапия, фитотерапия, углекислотали ҳамда маъданли ванналар, гидроколонотерапиялар тавсия этилади.
Бундан ташқари, сиҳатгоҳда семинарлар, тренинглар, тақдимотлар ва бошқа корпоратив тадбирларни ўтказиш учун барча шароит яратилган. Ҳудудда замонавий мажлислар зали, автомобиллар тўхташ жойи, магазин, “Wi-Fi” тизими ҳам бор. Хоналардаги телевизор, йўлдошли ёки кабелли телевидение, чой ва кофе учун тўплам, музлаткич, кондиционерлар дам олувчилар ихтиёрида. Меҳмонларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун кутубхона, ТВ-зал ва дискотека фаолият кўрсатмоқда.
“Ўзбекистон” курорт-соғломлаштириш жамиятининг яна бир бетакрор дам олиш маскани Кисловодскда жойлашган. У шаҳарнинг марказий қисмида бўлиб, Коллона ҳудудидан курорт боғига чиқиш жойи орқали ўтилади. Сиҳатгоҳ яқинида, 400 метр нарида 1803 йилдан ўзининг шифобахш хусусиятлари билан машҳур “Нарзан” маъданли сув манбаи жойлашган. Кисловодск курорти углекислотали маъданли суви, ўрта тоғли жойларга хос ажойиб иқлими, ландшафти билан алоҳида ажралиб туради. Бу маскан кўпроқ юрак-қон томир, асаб касалликлари ва қон айланиш тизими хасталикларидан азият чекаётган кишиларга тавсия этилади. Малакали мутахассислар кузатувида ошқозон хасталиклари ҳамда модда алмашинуви ҳолати, нафас олиш, ҳазм қилиш, суяк-мушак, гинекология ва эндокрин тизими ҳамда таносил аъзолар касалликлари бўйича ҳам муолажа олиш мумкин.
Сиҳатгоҳда комплекс тиббий текширув ҳамда терапиядан ташқари, турли муолажалар — реовазография, иридодиагностика, УТТ, ЭКГ, колоноскопия, лаборатория тадқиқотлари ҳам ўтказилади. Даволаш жараёнида маъданли сувдан фойдаланилади. Шу билан бирга, циркуляр душ, сув ости массажи ва электр билан даволаш (гальванизация, электрофарез, УФО, диадинамотерапия, идуктометрия, ультратовушли терапия, дециметрли терапия, қулоқ пардасининг пневномассажи, паст частотали интерферланувчи токлар), магнитотерапия ва аэроионизация каби даволаш усуллари қўлланилади.
Мазкур маскан замонавий функционал сиҳатгоҳ бўлиб, 3 та ётоқхона ва даволаш биноларидан таркиб топган. Хоналардаги телевизор ҳамда музлаткичлар мижозлар ихтиёрида. Икки ўринли люкс хоналар ётоқхона, меҳмонхона ва балкондан иборат. Бу ердаги ошхонада ҳар куни уч марта буюртма асосида овқатланиш мумкин. Шунингдек, тренажёр зали, автотураржойи, саёҳатлар бюроси, кутубхона, спорт ва рақс майдонлари, почта, мажлислар зали, тиббиёт пункти, бар, дўкон, кинозал, сартарошхона мижозлар учун шай қилиб қўйилган. Айни чоғда дискотекалар ўтказилади, театр ва эстрада артистлари билан учрашувлар ташкил қилинади. Шаҳардаги музейлар, кўргазмаларга саёҳатлар ҳам кўзда тутилган. Жумладан, Теберду, Домбай, Эльбрус ёнбағрига саёҳатлар уюштирилади. Муҳими, бу жойларда даволаш жараёни изчил давом эттирилади. Бошқача айтганда, мазкур сиҳатгоҳда мазмунли ҳордиқ чиқариш ва соғлиқни мустаҳкамлаш учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган.
Умуман олганда, Ялта ва Кисловодскдаги “Ўзбекистон” сиҳатгоҳлари арзонлиги ҳамда барча қулайликларга эгалиги, муҳими, беморлар дардига даво бўлаётганлиги билан мижозларга манзур келаяпти.


Усмон УСМОНОВ
тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn