Ёш тиббиётчилар анжумани
  • 18 Апрель 2015

Ёш тиббиётчилар анжумани

Самарқанд давлат тиббиёт институтида “Замонавий тиббиёт фанлари муаммолари” мавзуида ёш олимлар ва талабаларнинг 69-халқаро илмий конференцияси ўтказилди.
Унда нафақат мамлакатимизда фаолият юритаётган тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари, балки МДҲ давлатларидан ҳам ёш тадқиқотчилар ва иқтидорли талабалар қатнашди.

Тадбирда тизимдаги энг сўнгги янгиликлар бўйича маърузалар тингланди.
— Шифокорлик ўта масъулиятли касб, — дейди СамДТИ проректори Шуҳрат Юсупов. — Шу боис тизим ходимларидан муттасил изланиш ва интилиш талаб қилинади. Айни нуқтаи назардан олиб қараганда, ёш мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашишида ҳамда кейинги йилларда эришилган ютуқларни амалиётга кенг татбиқ этишда мазкур конференциянинг аҳамияти катта.
Тадбир иштирокчилари вилоятдаги бир қатор шифохоналарга ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
— Анжумандан бугунги жаҳон тиббиётида бўлаётган ўзгаришлар, даволашнинг илғор усуллари ҳақида атрофлича маълумот олдик, — дейди СамДТИ талабаси Дилдора Дўстмуродова. — Хорижлик тенгдошларимиз институтимизда биз, ёшларнинг пухта таълим олишимиз ҳамда илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланишимиз учун яратилган замонавий лабораторияларни кўриб, ҳавас қилишди.

Акрам ҲАЙДАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn