Эл соғлиғи — устувор мақсад
  • 07 Апрель 2015

Эл соғлиғи — устувор мақсад

Истиқлол йилларида мамлакатимиз тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилди ва бу борадаги ўзгаришлар халқаро миқёсда ҳам тан олинмоқда. Зеро, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фаол аъзоси сифатида истиқболли лойиҳаларни амалга ошираяпти.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, эмлаш, ташқи муҳит, овқатланиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш каби йўналишларни қамраб олган лойиҳалар ана шулар жумласидандир.
Дарҳақиқат, юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ҳамда маънан етук авлодни тарбиялаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш Давлат дастури қабул қилинди. Сўнгра унинг мантиқий давоми сифатида бир қанча умуммиллий дастур ва ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзига хос миллий модели яратилди.
Ўтган йилнинг 1 августида Президентимизнинг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши бу борадаги ишларга янги мазмун бахш этди. Ушбу ҳужжат асосида аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ҳамда ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида 5 йилга мўлжалланган долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Айтиш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар йили Жаҳон саломатлик куни муносабати билан тизимдаги масалаларни ҳал этишда мавзулар танлаб, шу бўйича шиор белгилайди. Бу йилги тадбирлар “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги” шиори остида ўтказилаётир.
Мутахассислар хулосаларида айтилишича, хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқатлар қуйидаги касалликларни келтириб чиқариши мумкин: диарея, вирусологик хасталиклар, репродуктив саломатлик ва ривожланишга  тааллуқли бўлган  ҳолатлар. Шунинг учун ҳам маҳсулотлар хавфсизлиги, бу — озиқ-овқатларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартидир.
Маълумотларга кўра, дунёнинг айрим давлатларида озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, уларни тарқатиш ва истеъмол қилиш жараёнида егуликларнинг хавфсизлигига оид турли муаммолар келиб чиқмоқда. Ишлаб чиқариш ва тақсимлаш жараёнида содир бўлаётган ўзгаришлар, масалан, улар савдосининг глобаллашуви, истеъмол қилиш шохобчалари, тезкор тановул қилиш учун кўчалардаги расталар, атроф-муҳитнинг ўзгариши, янги ва қайта пайдо бўлаётган бактерия ҳамда токсинлар, бактерияларнинг микробларга қарши қўлланилаётган препаратларга турғунлиги каби ҳолатлар заҳарланишнинг хавфини ошираяпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ахборотига кўра, дунёда диарея касаллигидан ҳар йили 1,8 миллион киши вафот этади. Бундай ҳолатларнинг аксарияти ифлосланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиниши билан боғлиқ. Озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри тайёрлаш — овқат ҳазм қилиш тизимидаги кўпгина касалликларнинг олдини олиши мумкин. Чунки икки юздан ортиқ маълум бўлган хасталиклар озиқ-овқат маҳсулотларидан зарарланиш сабабли вужудга келади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича муайян тадбирлар амалга оширилаётир. Бу борада тегишли ҳуқуқий пойдевор яратилган. “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва  хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунида маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлиги — маҳсулотнинг, уни ишлаб чиқариш, ишлатиш (ундан фойдаланиш), сақлаш, ташиш, реализация қилиш ва утилизация қилиш жараёнларининг, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларнинг ҳолати бўлиб, бунда инсоннинг ҳаётига, соғлиғига, атроф-муҳитга, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулкига зарар етказилиши эҳтимоли билан боғлиқ йўл қўйилмайдиган хавф мавжуд бўлмаслиги алоҳида қайд этилган.
Хабарингиз бор, ўтган йилнинг июнь ойида пойтахтимизда “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Ушбу йирик анжуманда иштирок этган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари вакиллари, қирқдан ортиқ давлатнинг етакчи эксперт ва ишбилармонлари мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар самарасини юксак баҳоладилар. Жумладан, форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Грациану да Силва “Ишончим комилки, Ўзбекистон тўғри йўлдан бормоқда ва ўзининг шу йўлдаги саъй-ҳаракатларини давом эттириш учун жуда мустаҳкам асосга эга”, дея таъкидлаган эди.
Соғлом овқатланиш, деганда инсоннинг фаолияти, меъёрий ўсиши ва ривожланишини таъминлайдиган, унинг саломатлигини мустаҳкамлайдиган ҳамда касалликларнинг олдини олишда ёрдам берадиган жараён тушунилади. Шундай экан, кунлик овқатланиш қуввати одамнинг сарфлайдиган энергиясига мос келиши соғлом овқатланишнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Биз кўп ҳолларда сарфланадиган энергияга қараганда, овқат орқали кўпроқ  энергия  қабул қиламиз. Соғлом овқатланиш қоидаларидан бири, овқатланишда ишлатиладиган маҳсулотларнинг хилма-хил бўлишидир. Бу қоидага риоя этиш тана аъзолари ва тизимларнинг меъёрдаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди, саломатликни мустаҳкамлайди, айни пайтда эрта қариш, турли касалликларнинг олдини олиш ҳамда ташқи муҳитнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида айтганда, халқимиз саломатлиги йўлидаги ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик ҳисси билан ёндашган ҳолда фаолият юритсак, олдимизга қўйган асосий мақсадларга эришиб бораверамиз.

Зулхумор МУТАЛОВА,
Республика саломатлик ва тиббий статистика
институти директори, тиббиёт фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn