Касбий билим ва масъулият
  • 07 Апрель 2015

Касбий билим ва масъулият

Тошкентда Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, врачлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда ассоциация фаолияти, амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Анжуманда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон саломатлигини асраш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, замонавий тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказиш тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши эканини таъкидладилар.
Ўзбекистон врачлар ассоциацияси нодавлат нотижорат жамоатчилик ташкилоти ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу муассаса соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиланиш ҳамда ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этаётир. Яна ҳам аниқроғи, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, жаҳон тиббиётидаги энг сўнгги ютуқларни амалиётга татбиқ этиш, фахрий шифокорларни ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг касбий тажрибасини ёш мутахассислар орасида оммалаштириш, соҳада хусусий тармоқ фаолиятини  ривожлантириш каби йўналишларда иш олиб бормоқда. Кейинги йилларда ташкилот томонидан масофадан ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Шу пайтга қадар ўнлаб талабалар ассоциациянинг махсус грант ҳамда стипендияларига сазовор бўлишди.
Тадбирда қайд этилганидек, юртимизда жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани муносабати билан ассоциация янги ташаббусни илгари сурди. Жумладан, мамлакатимиздаги барча кекса врачларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш йўлида махсус лойиҳа ишлаб чиқилди.
Йиғилишда ушбу вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар, шунингдек, ечимини кутаётган муҳим масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn