Аниқ ташхис — самарали даво
  • 24 Март 2015

Аниқ ташхис — самарали даво

Баҳорда табиат уйғониб, бутун олам гўзалликка, гулу гулзорга бурканади. Шунингдек, бу даврда айрим хасталиклар, хусусан, аллергик касалликлар, халқимиз таъбири билан айтганда, “қўзғаши” ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳолатда беморлар унинг таъсирини камайтириш учун кўпроқ нималарга аҳамият қаратишлари керак?

Шу ҳақда малакали аллерголог шифокор Мунис МУҲСИНОВга бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.
— Аллергик касалликларнинг турлари кўп, улардан бири “поллиноз”, деб номланади, — дейди мутахассис. — У кенг тарқалган аллергик хасталикларнинг бири бўлиб, асосан, ўсимлик гуллари чанги таъсирида пайдо бўлади. Эрта гуллайдиган дарахтлар ва апрель — май ойларида бошоқли ўтлар гуллаши ҳам бундан мустасно эмас. Шунингдек, ёз ва куз ойларида гуллайдиган бегона ўтлар ҳам аллергик касалликларни қўзғайди. Ҳозирги пайтда дунё аҳолисининг қарийб 5 фоизи айнан поллиноз билан хасталангани, бунинг устига, улар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани, айниқса, болалар ўртасида кенг авж олаётгани одамни ташвишга солиши, табиий. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ХХI аср — аллергик касалликлар асри сифатида қайд этилгани ҳам ана шундан далолат бериб турибди.
— Ушбу касалликнинг белгилари хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Поллинознинг асосий белгиларидан бири шуки, у ҳар йили айнан бир пайтда безовта қилади. Ҳатто баъзи беморлар ўзининг қайси кундан бошлаб хасталанишини олдиндан айтиши мумкин, кузатсангиз, бу амалда тасдиқланади. Поллиноз тумовга ўхшаш бўлиб, кўзларнинг қизариши, тез чарчаш, асабийлашиш, томоқ қичиши, йўтал, баъзида нафас сиқиши, айрим ҳолларда терига тошмалар тошиши каби белгилари билан ажралиб туради. Шу боис ҳам айрим одамлар: “Шамоллабман, тез орада ўтиб кетади”, деб вақтида шифокор кўригига бормайди. Натижада касаллик авж олади, амалиётда бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Бизга мурожаат қилган беморларга ҳар доим ўз соғлиғига беэътибор бўлмасликни маслаҳат берамиз. Вақтида ҳаракат қилинса, касаллик хуружини муайян даражада камайтириш мумкин бўлади.
Яна бир ҳолат: кўпчилик беморлар касалликнинг май — июнь ойларидаги хуружини терак момиғи билан боғлашади. Аслида бу нотўғри фикр, яъни момиқ теракнинг меваси ҳисобланади, мева аллергия қўзғамайди.
Шу ўринда айримларда “туташган” аллергия кузатилишини ҳам айтиш зарур. Бу шундайки, чинор гулига аллергияси бўлган беморларда хуруж пайтида сабзи, ёнғоқ, олма ва шафтоли таъсирида “туташган” аллергия кузатилади. Бошоқли ўтларга аллергияси бор беморларда мош, бошқа дуккакли озиқ-овқат маҳсулотлари туфайли шундай ҳолат пайдо бўлади. Шувоқ гулига аллергия бўлган кишилар эса бундай ҳолга тушмаслик учун ўзини цитрус мевалар, асал ва пистадан ти-йишларини маслаҳат берамиз.
— Поллиноз хасталиги кўпроқ қандай инсонларда учрайди?
— Аввало, бу авлоддан-авлодга ўтадиган, яъни суяк сурадиган касаллик ҳисобланади. Айни чоғда нохуш экологик ҳолатларда яшайдиган ва ишлайдиган кишилар, айниқса, саноатлашган шаҳарлар аҳолисида поллинозни орттириш эҳтимоли анча юқоридир. Шунингдек, кам ҳаракат, доимо компьютер ва телефондан фойдаланадиган ҳамда аввалдан бронхит, бронхиал астма касалликлари бўлган ва иммунитети паст инсонларни ҳам шу тоифага киритиш мумкин.
— Айтинг-чи, бу касалликни келтириб чиқарадиган бошқа омиллар ҳам борми?
— Албатта, бундай ёрдамчи омиллар кўп. Айтайлик, асаббузарлик. Бундай ҳолда инсон ўзини тинчлантириб, имкон борича асабини асраши керак. Палапартиш овқатланиш, шунингдек, овқатга ранг ва таъм берувчи воситалар ҳам ана шундай -хусусиятга эга. Болалар сунъий овқатлари ҳам бундан мустасно эмас. Шу боис шифокорлар томонидан оналарга ёш болаларини белгиланган муддат мобайнида эмизиш бот-бот уқтирилади. 
— Касаллик хуружи пайтида қандай қоидаларга амал қилиш фойдали ҳисобланади?
— Энг аввало, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш жуда муҳим. Айни чоғда шифокор буюрган дориларни вақтида ичиш, ҳар куни душ қабул қилиш ва хонани нам ҳолатда тозалаш фойдалидир. Қолаверса, кундузлари дераза ва эшикларни ёпиш, елвизакдан сақланиш, тунда, айниқса, ёмғирдан кейин уйнинг ҳавосини алмаштириш яхши самара бериши амалиётда ўз тасдиғини топган. Мутахассис сифатида ана шулар билан бирга, иммун тизимини чиниқтириш, яъни жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш, овқатланиш гигиенасига қатъий риоя қилиш, зарарли одатлардан воз кечиш ва ҳар йили аллерголог шифокор кузатувида даволанишни тавсия этамиз.
— Баъзи беморлар аллергияга қарши дорилардан шифокор кўрсатмасисиз фойдаланади. Шу тўғрими?
— Бу ҳозирги пайтда баъзи одамларда одат тусига кириб қолган. Бу яхши эмас. Мазкур дард билан оғриган беморлар, энг аввало, шифокорга мурожаат қилиши, аниқ ташхис қўйдириши ва шу бўйича даволанишлари мақсадга мувофиқдир.
Умуман олганда, аллергия, шу жумладан, поллиноздан даво топиш узоқ вақт ва сабрни, энг асосийси, шифокорнинг доимий назоратини тақозо этади. Унга қарши биргаликда кураш олиб борилсагина, кутилган натижага эришиш мумкин.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn