Юксак эътироф ва муносиб рағбат
  • 19 Март 2015

Юксак эътироф ва муносиб рағбат

Мамлакатимиз тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида фаолият юритаётган малакали мутахассислар тақдирланди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, маънан етук ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. 

Шу боис мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларида замонавий шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бу борада, айниқса, ҳаётга босқичма-босқич татбиқ этилаётган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид Давлат дастури беқиёс ўрин тутмоқда.

Мазкур ҳужжатга асосан, жойларда ихтисослаштирилган шифо масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг жаҳон андозалари даражасидаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги хасталикни аниқ ташхислаш, самарали муолажа усулларини қўллаш имконини бераяпти. Хусусан, юртимизда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос тизими шакллантирилганлиги ва аҳолига тезкор, сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани бунинг амалий тасдиғи бўла олади.

Ҳозир Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг жойлардаги 13 та минтақавий филиали, шунингдек, мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида унинг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш ҳамда ушбу йўналишдаги муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида мазкур тизим махсус автомашина воситалари билан таъминланди ва олис ҳудудларгача барча замонавий алоқа воситалари етказиб берилди.

Айтиш жоизки, 2009 йилнинг 21 майида қабул қилинган “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор соҳада амалга оширилаётган илмий-амалий ишларни мунтазам такомиллаштириб боришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Мана, беш йилдирки, соҳада фаолият юритаётган малакали мутахассисларнинг билим ва тажрибасини янада кенг тарғиб қилиш ҳамда намунали ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида республикамиз миқёсида кўрик-танлов ўтказиб келинмоқда. Наврўз шукуҳи кезиб юрган айни кунларда ана шу танловнинг навбатдаги ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари А. Хаммерих, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари К. Кулесса ва бошқалар республикамизда  соҳа ходимларини рағбатлантириш, меҳнати ва интилишини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Буни биргина тизимни ривожлантиришга йўналтирилган эзгу саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2009 — 2014 йилларда тез тиббий ёрдам бўлимларига қарийб 1000 тадан зиёд махсус автомашиналар берилди.

Жорий йилда сотиб олиниши режалаштирилаётган 100 дона “Дамас АМВ” ва  Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган “Isuzu” русумли 10 дона реанимамобилни харид қилиш учун шартномалар имзоланди. Ҳайдовчилар малакасини ошириш мақсадида жойларда 30 соатлик курсларда ўқитиш ишлари давом -эттирилмоқда.

Ўтган йили жами 5 миллион нафарга яқин беморга стационар ва 30 миллион нафар беморга эса амбулатор ёрдами кўрсатилди. Тез тиббий ёрдам — “103” ва санитар авиация хизмати томонидан жами 7,5 миллионта мурожаатлар қаноатлантирилганлиги ушбу хизматнинг салоҳиятидан дарак беради.

Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани тез тиббий ёрдам бўлими “Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди ва бош соврин — “Дамас” автоамбуланси билан тақдирланди. Хоразм вилояти, Урганч тумани тез тиббий ёрдам станцияси шифокори Раъно Собирова “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори”, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси автохўжалигига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими ҳайдовчиси Алимат Латипов “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг интизомли ҳайдовчиси” сифатида эътироф этилди. Шунингдек, танловнинг ушбу номинациялари бўйича иккинчи ва учинчи ўрин -соҳиблари ҳам аниқланиб, уларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

— Юртимизда биз, тиббиёт соҳаси мутахассисларининг жаҳон андозалари даражасидаги шифо масканларида самарали фаолият кўрсатишимиз учун барча имконият яратилган, — дейди Ўзбекистон тумани тез тиббий ёрдам бўлими мудири Абдураҳмон Мамадалиев. — Айтайлик, шошилинч тиббий ёрдам хизматларига юзлаб “Хундай” русумли энг замонавий реанимамобиллар берилганлигининг ўзи бунга бир мисолдир. Вилоятимиздаги замонавий тиббиёт муассасалари ҳам ана шундай автомобиллар билан тўлиқ таъминланган. Ушбу транспорт воситаларининг афзаллиги шундаки, уларда сунъий нафас бериш, юрак, қон босими, томир уришини ўлчаш ва бошқа зарур усулларни йўл-йўлакай бажаришга мўлжалланган ташхис ҳамда муолажа ускуналари мавжуд. Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ, 

Ҳасан ПАЙДОЕВ (сурат),

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn