Фидойилик — вазифамиз ва касбимиз
  • 12 Декабрь 2014

Фидойилик — вазифамиз ва касбимиз

Инсон доимо бахтли бўлишга интилиб яшайди. Туғилиб ўсган, камол топган Ватанингга хизмат қилиш, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, бундай шарафли вазифа йўлида элим деб, юртим деб ёниб яшаш — улкан саодат. Бинобарин, бугун инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда фидойилик кўрсатаётган киши борки, меҳнати қадр топиб, эл орасида катта обрў-эътибор қозонмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз Президентимиз Фармонига биноан, давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган эди. Ана шу ватандошларимиз орасида менинг ҳам камтарона меҳнатим юксак баҳоланди.
Ҳали-ҳанузгача жудаям ҳаяжондаман. Негаки, Асосий Қонунимизнинг қутлуғ санаси кенг нишонланаётган шу кунларда Ватанимизнинг юксак унвонини Президентимиздан қабул қилиб олар эканман, қувончдан кўзларимга ёш келди.
Очиғи, ўттиз олти йилдан бери тиббиёт соҳасида ишлаб келаётган бўлсам, соғлиқни сақлаш тизимида рўй берган мислсиз ўзгариш ва янгиланишлардан ҳайратланаман. Буларнинг барчаси мустақиллик шарофатидан. Эътибор беринг: аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида пойтахтимизда қандай шарт-шароит яратилган бўлса, энг чекка ва олис қишлоқларимизда ҳам ана шундай қулайликлар бор. Жойларда бўлганимизда, қишлоқ врачлик пунктларида ишлаётган йигит-қизларнинг малакаси ва билимига ҳавасимиз келади.
Беихтиёр ўзимизга савол берайлик: илгари қанақа эди?
Яхши эсларсиз, авваллари тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртини битирганлар туман ва қишлоқларга бориб ишлашдан чўчишарди. Сабаби, бугунгидек шарт-шароит ҳамда тузукроқ тиббиёт жиҳозлари йўқ эди. Беморларга зарур ёрдамни кўрсатиш учун баъзан имкон тополмай шифокорларнинг боши қотарди.
Бугун эса, аксинча, замонавий қишлоқ врачлик пунктларида ишлаб, аҳоли саломатлиги йўлида фидойилик кўрсатаман, деган мутахассисларнинг сон-саноғи йўқ. У ерда қулай шарт-шароит яратилгани, барча зарур жиҳозларнинг мавжудлиги, бир томондан, шифокорларнинг ишини енгиллаштирса, иккинчи томондан, беморларнинг тез ва кўнгилдагидай шифо топишларига ёрдам бермоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги маърузасида бошқа соҳалар қатори тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар ва уларнинг ёрқин самаралари хусусида ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Унда таъкидлаб ўтилган ҳар бир факт ва эътироф ортида, аввало, инсон, халқимиз манфаати турганлигини назарда тутганда, юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида қанчалар эзгу ва ибратли ишлар амалга оширилаётганлигини англаш қийин эмас.
Биргина академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази мисолида олсак, бу муассаса бугунги кунда энг замонавий ва юксак технологиялар билан жиҳозланган. Унинг таркибида юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларга жаҳон стандартлари даражасида ташхис қўйиш ва уларни даволаш имконини берадиган кардиожарроҳлик мажмуасининг очилиши тиббиётимизнинг сўнгги 23 йил ичида эришган энг улкан муваффақиятларидан биридир. Бундай қараганда, ушбу марказ истиқлол туфайли буюк аллома Абу Али ибн Сино ватани бўлган мамлакатимизда том маънода аждодларимизнинг орзу-умидлари рўёбга чиқаётганидан яна бир далолатдир.
Юртбошимиз мазкур шифо масканининг очилишида бевосита иштирок этиб, келгусида соҳани янада ривожлантириш ва такомиллаштириш учун малакали кадрлар тайёрлаш ишига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Ўшанда давлатимиз раҳбарининг соҳамизни бу қадар чуқур билишларига қойил қолган эдим. Орадан қисқа фурсат ўтгач, тегишли кўрсатмалар асосида марказнинг барча бўлимлари, жумладан, бизнинг қизилўнгач ва ошқозон жарроҳлиги бўлими ҳам жаҳон андозалари даражасида жиҳозланди.
Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган тиббий ислоҳотлар самараси нафақат шифокорларимиз, балки ҳар бир юртдошимизни қувонтиради. Негаки, қўлга киритаётган ютуқларимиз халқаро миқёсда ҳам ўз эътирофини топмоқда.
Шу ўринда бир мисол айтай: репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича “ўзбек модели” БМТ томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва МДҲ мамлакатлари учун энг яхши минтақавий дастур сифатида тавсия этилган. Буни пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она — соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиумда қатнашган хорижлик экспертлар ҳам якдиллик билан тасдиқлашди. Ушбу нуфузли тадбирда иштирок этган тиббиёт оламининг таниқли мутахассислари, халқаро экспертлар Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган умуммиллий дастурнинг афзалликларини юқори баҳоладилар. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Маргарет Чен Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига, айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга улкан эътибор қаратилаётгани нафақат бугунги кун, балки келажак нуқтаи назаридан ҳам энг тўғри стратегия эканини алоҳида таъкидлаб, ушбу хайрли ишларнинг ташаббускори бўлган Президентимизга ўзининг миннатдорлигини изҳор этган эди. Бу кимни қувонтирмайди, дейсиз?!
Шундай мутахассислар борки, уларни бутун дунё тан олади. Европа педиатрлари илмий қўмитаси президенти Мануэл Моя (Испания) шундай кишилардан биридир. У мамлакатимизга келганида қуйидаги гапларни айтгани ёдимда: “Ўзбекистонда соғлиқни сақлашга улкан эътибор қаратилаяпти. Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Қаердаки, тинчлик-осойишталик ҳукмрон, одамлар эса ҳаётидан мамнун ва рози бўлса, ўша ерда ривожланиш, ҳар томонлама тараққиёт рўй беради. Шу маънода, бу заминдаги осуда ҳаётга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Бошқа йўналишлар қаторида тиббиётнинг ўн йўналишида — хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия, дерматология ҳамда пульмонология соҳаларида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг ташкил этилганлиги аҳолига кўрсатиладиган юқори малакали тиббий ёрдам кўламини янада кенгайтириш учун шарт-шароит яратмоқда. Буларнинг барчаси Президент Ислом Каримов томонидан аниқ белгилаб берилган режали ва комплекс равишда ривожланишнинг улкан натижасидир”.
Бу — биргина мутахассиснинг фикри. Ваҳолонки, Република ихтисослаштирилган жарроҳлик марказимизга дунёнинг жуда кўп мамлакатларидан мутахассис-шифокорлар келишади. Жаҳоннинг турли нуқталаридан ташриф буюрган бу ҳамкасбларимизнинг ҳавасга йўғрилган дил сўзларини эшитганда, беихтиёр давлатимиз раҳбарининг: “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз”, деган сўзлари бежиз айтилмаганига амин бўламан.
Эътиборли жиҳатлардан яна бири шундаки, мамлакатимизда ҳар бир йил ўзига хос тарзда номланади. Қабул қилинадиган Давлат дастурларида соғлиқни сақлаш тизимига оид ислоҳотларни чуқурлаштириш алоҳида қайд этилади. Хусусан, 2015 йил Кексаларни эъзозлаш йили деб аталди. Бу эса жамоатчилик, халқимиз томонидан қандай кўтаринки кайфият ва мамнуният билан кутиб олинганига, кенг қўллаб-қувватланаётганига гувоҳмиз. Чунки бундай ном берилгани, авваламбор, хонадонларимиз файзи, фариштаси бўлган нуронийларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодасидир.
Биз, шифокорлар беморлар дардига малҳам бўлиш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз. Лекин зарур шарт-шароит бўлмаса, бирор натижага эришиш қийин. Ҳам вақтдан ютқазамиз, ҳам кўп давом этадиган жарроҳлик амалиёти беморни жисмонан ҳолдан тойдиради. Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва кўрсатмалари асосида марказимизга энг ноёб ускуналар келтирилганлиги эса биз учун катта кўмак бўлди. Натижада илгари жарроҳлик амалиёти 7-8 соатга чўзилган бўлса, ҳозир узоғи билан 1,5-2 соатда энг мураккаб операцияларни ҳам тугатаяпмиз. Бундай натижаларга эришаётганимиз, қўлга киритилаётган муваффақиятларимизнинг барчаси, аввало, Юртбошимизнинг ғамхўрлиги, эътибори, эъзози туфайлидир.
Аслида, биргина инсонга қувонч улашсангиз, шунинг ўзидан қанчалик катта куч, завқ-шавқ оласиз. Айниқса, бемор кишининг хасталикдан оёққа туриб, мамнун қиёфада шифохонадан чиқиб кетишини улкан бахт, деб тушунаман. Бугун олиб борилаётган тиббиёт соҳасидаги чуқур ислоҳотлар, шу жумладан, марказимизни ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар ана шундай эзгу мақсадга қаратилганлиги билан янада қадрлидир.
Зеро, озод ва обод Ватанимизнинг буюк келажагига, тараққиётига қатъий иродаси, ғайрат-шижоати билан ҳисса қўшаётган юртдошларимизнинг ҳар бири — қаҳрамон. Бинобарин, инсон манфаатлари устувор саналган жамиятимизда фаровонлик ва тинчлик-тотувликдан баҳраманд бўлиб, улуғвор мақсадлар рўёбига ҳисса қўшаётганингни англаш кишига улкан шодлик ва ғурур бахш этади.
Мен мана шундай дориламон замонда, мустақил Ватанда, келажакка дадил интилаётган фидойи одамлар орасида яшаётганимдан фахрланаман ва минглаб ҳамкасбларим қаторида юртимга, халқимга хизмат қилишга имконим борлигидан бахтиёрман.


Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган
жарроҳлик марказининг бўлим мудири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn