«Саломатлик — 2020» стратегияси: Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланмоқда
  • 28 Ноябрь 2014

«Саломатлик — 2020» стратегияси: Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 2012 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган йиллик сессиясида унга аъзо 53 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини янада ошириш, турли ижтимоий ҳамда экологик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган “Саломатлик — 2020” стратегиясини қўллаб-қувватлаган эди.

Пойтахтимизда ана шу сиёсатни амалга ошириш бўйича минтақавий анжуман ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, Аҳолишунослик жамғармаси каби нуфузли ташкилотлари, қатор давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари, олимлар, миллий ва хорижий экспертлар иштирок этмоқда.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва экологияни асраб-авайлаш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу борада эришилаётган натижалар халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланиб, “ўзбек модели”нинг ўзига хос жиҳатларини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораяпти.
Дарҳақиқат, биргина тиббиёт соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар юртимизда инсон қадри нақадар улуғ эканлигини яққол тасдиқлайди. Хусусан, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда сифат жиҳатдан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва хирургия, кардиология, урология, терапия, эндокринология, кўз микрохирургияси каби ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал ва ишончли тармоғи вужудга келди.
“Соғлом она — соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий марказлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, бугун мамлакатимизнинг барча вилоятларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутриентлар мавжуд бўлган махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали соғлом фарзандларни дунёга келтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундай тажриба жаҳонда кам учрайди.
Махсус давлат дастури доирасида замонавий она ва бола скрининг марказлари тармоғи ташкил этилган 2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,8 баробардан зиёд камайди. Бугунги кунда болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Ёки “Саломатлик — 2020” стратегиясининг мавжуд тўрт устувор йўналишларидан бирини ташкил қилувчи инфекцион ва ноинфекцион касаллик кўрсаткичлари ҳам кескин камайиб бораётгани диққатга сазовордир.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгайди. Болаларни ўн битта хавфли касалликка қарши режали эмлаш изчил давом эттирилди. Эндиликда пневмококк, инсон папилломаси вируси сингари хавфли инфекцияларга қарши икки хил янги вакцина билан босқичма-босқич эмлаш жорий қилиниши мўлжалланмоқда. Бу келажакда юқумли ва онкологик касалликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йиллар давомида оналар ва гўдаклар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди.
Яна бир қиёс. Бугун жаҳон миқёсида сил касалликларини даволаш самараси 85 фоизни ташкил қилади. Юртимизда эса бу кўрсаткич 87 фоизга етди. Албатта, бундай ижобий ўзгаришларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Барчаси давлат даражасидаги эътибор самарасидир. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши натижасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Соҳада жаҳон тиббиётининг илғор услублари ва воситаларидан самарали фойдаланилаяпти.
Юртимизда соғлом авлодни вояга етказишда таълимнинг узвий қисми сифатида спортни ривожлантиришга катта аҳамият қаратилаётганини ҳам айтиб ўтиш ўринли. Шу мақсадда шаҳару қишлоқларимизда бири-биридан ажойиб спорт комплекслари барпо этилмоқда. Уч босқичли мусобақалар тизимининг жорий қилингани эса ёшлар ўртасида спортни янада оммалаштиришда алоҳида ўрин тутаётир.
Умуман, тиббий-ижтимоий соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар халқаро миқёсда муносиб эътирофини топмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид Миллий модели тараққий этган мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилгани бунинг яққол далилидир.
“Саломатлик — 2020” стратегиясининг яна бир устувор йўналиши соғлиқни сақлаш, таълим соҳаси билан бирга, аҳоли турмуш шароитини замон талаблари даражасига олиб чиқиш, озиқ-овқат, сув ва энергия билан таъминлашни яхшилашдир. Ўзбекистонда бу борада ҳам беқиёс ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда ўтказилган йирик симпозиум, конференция ва форумларда халқаро жамоатчилик ушбу йўналишларда орттирилган тажрибалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Хусусан, ўтган йили ташкил этилган “Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуидаги халқаро конференция юртимизнинг барча ҳудудлари, шу жумладан, қишлоқларда тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойиллари асосида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, уларнинг юқори кўрсаткичлари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Жорий йилда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференцияда эса мустақиллик йилларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида улкан муваффақиятларга эришгани қайд этилди. Ҳақиқатан ҳам, Президентимизнинг оқилона сиёсати боис тарихан қисқа даврда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробардан зиёд ошди. Республикамизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда. Аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган Озиқ-овқат дастури аҳолининг тўлақонли ва мутаносиб рацион асосида овқатланишини таъминлашдек муҳим вазифани ҳал этиш имконини берди.
Истеъмол қилинадиган овқатнинг таркиби ва рационини яхшилаш бошқа омиллар билан бирга, аҳоли, аввало, болалар саломатлигини тубдан яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. Масалан, сўнгги 10 йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметр ўсди, бизнинг минтақамизга хос бўлган жиддий касаллик, яъни хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайди.
— Ўзбекистон “Саломатлик — 2020” стратегиясини ҳаётга изчил татбиқ этаётган энг етакчи мамлакатлар қаторига киради, — дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси департаменти директори Агис Цоурос. — Ушбу анжуманни ўтказишдан мақсад аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини янада мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорликни ривожлантириш, “Саломатлик — 2020” сиёсатини изчил амалга ошириш бўйича кўзда тутилган масалаларни атрофлича муҳокама қилишдан иборат.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолар экан, ўтган даврда мамлакатимизда тиббий хизматнинг жаҳон андозалари даражасидаги ўзига хос миллий модели яратилганини таъкидлади. Ўзбекистон БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича глобал жараённинг фаол иштирокчиси экани ва бу борада давлатлар олдига қўйилган вазифаларни мамлакатимиз ҳаётга муваффақиятли татбиқ этаётгани, кўплаб кўрсаткичлар бўйича етакчилик қилаётгани қайд этилди.
Икки кун давом этадиган анжуман доирасида иштирокчилар В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг Кардиожарроҳлик мажмуаси, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, болалар спорт мажмуалари фаолияти билан танишадилар.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn