Замонавий тиббиёт муассасалари
  • 22 Ноябрь 2014

Замонавий тиббиёт муассасалари

аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.

Турмуш фаровонлигини белгиловчи мезонлар кўп. Шулардан энг муҳими — аҳоли саломатлигидир. Зеро, мамлакатимизда тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳа моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам. Бунинг самараси эса, энг аввало, юртдошларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси кейинги йилларда 66 ёшдан 73 ёшга узайгани мисолида ҳам кўзга яққол ташланади.
Хусусан, Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасаларининг замонавий диагностика воситалари ва малакали мутахассислар билан таъминланаётгани олиб борилаётган даволаш-профилактика ишларининг сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилишига асос бўлмоқда. Масалан, ўтган  йили Инвестиция дастури асосида ҳудуддаги 7 та туман тиббиёт бирлашмаси, Самарқанд шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Самарқанд тиббиёт институти клиникасида кенг кўламли реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу мақсадлар рўёби учун 24 миллиард 849,6 миллион сўм йўналтирилди.
Пайариқ тумани тиббиёт бирлашмаси ҳам мазкур дастурга кўра тубдан янгиланган шифо масканларидан биридир. Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари туфайли муассаса биноси замонавий қиёфа касб этиб, бу ерда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, 250 қатновга мўлжалланган уч қаватли кўп тармоқли поликлиника биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Эътиборли жиҳати, бундай замонавий шифо муассасаларини воҳанинг ҳар бир шаҳар ва туманида учратиш мумкин. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Баҳром Игамбердиевнинг таъкидлашича,  жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида ҳудудга 6 миллиард 200 миллион сўмликдан зиёд тиббиёт ускуналари келтирилган. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида эса 12 та даволаш-профилактика муассасасида 26,9 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари олиб борилиб, 2 та ҚВП янгидан бунёд этилди, 22 таси эса таъмирланди. Қолаверса, Жаҳон банкининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Саломатлик — 3” лойиҳаси асосида саккизта туман тиббиёт бирлашмасига замонавий рақамли рентген ускунаси ўрнатилди. Деярли барча тиббиёт бирлашмаларига қарашли катталар ва болалар поликлиникалари, марказий шифохоналарнинг болалар бўлимлари, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги еттита оилавий поликлиникага замонавий тиббий ускуналар  келтирилди. Албатта, буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатлари устувор мезон эканлигининг ҳаётий ифодасидир.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn