«Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича эришилаётган ютуқлар эътиборга лойиқ»
  • 15 Ноябрь 2014

«Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича эришилаётган ютуқлар эътиборга лойиқ»

Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда болалар соғлиғини муҳофаза қилишнинг устувор йўналишлари ва модернизацияси” мавзуида мамлакатимиз педиатрларининг VII съезди якунланди.

Унда юртимиз тиббиёт соҳаси ходимлари билан бирга, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда АҚШ, Германия, Россия, Жанубий Корея, Австрия, Словакия, Чехия, Польша, Ҳиндистон каби давлатлардан 70 нафарга яқин таниқли олим ва профессорлар, малакали шифокорлар иштирок этди. Тадбир давомида ўтказилган ялпи мажлисда Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича эришилган ютуқлар ҳамда истиқболдаги вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди. Секция мажлисларида эса соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш жараёнида болаларга тиббий ёрдамни ташкил қилиш ва сифатини ошириш, болалар жарроҳлигининг устувор йўналишлари, лор касалликлари билан оғриган болаларни даволаш ва реабилитация масалалари, Ўзбекистонда Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишда глобал ҳамкорлик сингари қатор мавзулар муҳокама қилинди. Шунингдек, сателлит-конференциялар, маҳорат дарслари ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Мухбиримиз анжуманнинг хорижлик иштирокчиларидан айримлари билан суҳбатлашди.

Алексей ИЛЬЧЕНКО,
“Medel” компаниясининг МДҲ, Болтиқбўйи, Шарқий Европа ва Жанубий Осиё давлатлари бўйича ҳудудий менежери (Австрия):

— Ўзбекистонга биринчи бор келишим. Ушбу анжуманда қатнашиб, мамлакатингизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдим. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан юртингизда аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш мақсадида қатор давлат дастур- лари ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Соғлом она — соғлом бола” дастури асосида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари, перинатал ҳамда скрининг марказлари, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари ташкил этилгани диққатга сазовордир. Қолаверса, мамлакатингизда энг чекка аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларга ҳам худди шаҳарлардаги каби бир хилда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароити яратилгани ибратга молик. Чунки баъзи давлатларда, ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари, асосан, шаҳарларда жойлашганлиги туфайли қишлоқ аҳолиси тиббий хизматлардан фойдаланишда муайян қийинчиликларга дуч келиши бор гап. Шу маънода, Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича эришилаётган ютуқлар эътиборга лойиқ. Тадбир доирасида биз Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик. Мазкур даволаш муассасаси кўркам биноларда жойлашган бўлиб, замонавий моддий-техник базага эга. Шунга уйғун тарзда шифокорларнинг ўз соҳасида катта тажриба орттиргани улар бажараётган ноёб операциялар муваффақиятида ҳам кўзга яққол ташланиб турибди. Компаниямиз тиббиёт соҳасида қўлланиладиган технологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Мамлакатингиз тиббиёт муассасалари билан йўлга қўйган ҳамкорлигимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддаман.

Роберт ФУДЕРИЧ,
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг мамлакатингизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани ва шу асосда махсус дастур ижроси ҳам бунинг яна бир тасдиғидир. Мамлакатда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси яратилган. Таълим, соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган ютуқлар бугун халқаро миқёсда алоҳида эътироф этилаяпти. Масалан, юртингизда аҳолини изчил ва самарали эмлаш дастури муваффақиятли амалга оширилаётир. Бундай ёндашув, айниқса, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, турли хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Умуман, комплекс чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистонда аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари муттасил ошиб, умр кўриш давомийлиги юксалмоқда. Оналар ва гўдаклар ўлими, туғма нуқсонли болалар туғилиши кескин камайди. Ўзбекистон бу билан ҳақли равишда фахрланса арзийди.

Салмай ТУРИАЛ,
болалар жарроҳи (Германия):

— Она ва бола саломатлигини асраш ўта муҳим, шу билан бирга, мураккаб вазифа ҳисобланади. У бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда стационар даволаш, мунтазам профилактика кўригидан ўтказиш, эмлаш орқали касалликларнинг олдини олиш, скрининг воситасида эрта ташхис қўйиш, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий хизмат тизимини ўз ичига олади. Ўзбекистонда татбиқ этилган “Соғлом она — соғлом бола” дастурида ана шу жиҳатларнинг барчаси мужассам эканлиги эътиборга сазовор. Шунингдек, мамлакатда овқатланиш масалаларига, саломатликни мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутадиган спорт, хусусан, болалар спортини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Булар соғлом келажак учун қўйилаётган муҳим қадамлардир.

Шавкат ОРТИҚОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn