Тиббий маданият ва саломатлик
  • 14 Ноябрь 2014

Тиббий маданият ва саломатлик

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунёда 380 миллион нафардан ортиқ одам қандли диабет хасталигидан азият чекмоқда.

Улар орасидан ҳар йили беш миллионга яқин бемор оламдан кўз юмаётир, ўн миллионлаб беморлар ногирон бўлиб қолаётир. Таассуфланарлиси, бу касалликка чалинганлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда ва тобора “яшармоқда”.
Мутахассислар қандли диабетни юрак-қон томир, онкологик касалликлар сингари юқумли бўлмаган, аммо шиддат билан тарқалиб бораётган хасталик сифатида баҳолайдилар. Сайёрамизда 14 ноябрь — Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни сифатида белгилангани ҳам бежиз эмас.
Шу ўринда келтириш жоизки, қандли диабет, асосан, моддалар алмашинувининг издан чиқиши билан кечадиган хасталик ҳисобланиб, бунда қон таркибидаги қанд (глюкоза) миқдори сурункали равишда ортади. 
Маълумки, инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқатлар, асосан, оқсил, ёғ ва углеводлардан иборат. Оқсил тана учун қурилиш материали ҳисобланса, ёғ ва углеводлар қувват манбаидир. Углеводлар (глюкоза) организмда қайта ишланиб, қувватга айланиши учун инсулин гормони керак. Инсулин эса юқори даражадаги фаол кимёвий моддадир ва у ошқозон ости безида ишлаб чиқарилади. Турли сабабларга кўра, танада инсулин етишмовчилиги юзага келганда, қандли диабет касаллиги ривожланади. Ўрганишлар шундай хулоса берадики, тана вазнининг ортиши, кам ҳаракатлилик, ирсий мойиллик, 45 ёшдан кейин организмда юз берадиган патологик ўзгаришлар, турли стресс ҳолатлари ушбу касалликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан саналади. Унинг биринчи тури, асосан, болалик ва ўсмирлик ёшида пайдо бўлади. Касалликнинг бу турига чалинган беморларнинг қони таркибида инсулин бўлмайди ва шу боисдан ҳам улар танасига мунтазам инсулин юбориб турилади. Қандли диабетнинг иккинчи турида ошқозон ости бези инсулин моддасини ишлаб чиқариш қобилиятини сақлаб қолади, лекин тана тўқималарининг инсулинга нисбатан сезгирлиги кескин пасайиши оқибатида ишлаб чиқарилаётган ва қон таркибидаги инсулин етарлича ўзлаштирилмайди. Оқибатда инсулин қон таркибида тўпланиб қолади.
Қандли диабет туфайли майда томирлар шикастланади, микротромблар ҳосил бўлиши учун шароит юзага келади. Тананинг тегишли қисмида қон айланиши бузилади ва диабетга оид микроангиопатия пайдо бўлади. Хавфли жиҳати, микроангиопатия туфайли бемор кўр бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Мазкур хасталик билан узлуксиз оғриган беморларда атеросклероз тез ривожланади, бош мия, буйрак, оёқ ва қўлнинг асосий қон томирлари шикастланади. Ўз навбатида, юракнинг ишемик касаллиги (стенокардия, миокард инфаркти), мияда қон айланишининг бузилиши каби оғир асоратларни келтириб чиқаради. Шунингдек, қўл-оёқлар терисида қийин битадиган яралар ҳосил бўлади ва гангренага айланиши ҳам мумкин.
Таъкидлаш лозимки, жамиятга моддий ва маънавий зарар келтириши мумкин бўлган бу касалликка қарши кураш мамлакатимизда тиббий-ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланган. Олимлар ва шифокорларимиз уни даволашнинг замонавий усулларини ўзлаштириш ва амалда фойдаланиш юзасидан изланишлар олиб бормоқда. Беморларга жаҳон андозалари асосида тез ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш, инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, ногиронликнинг олдини олиш саъй-ҳаракатлари тобора изчиллик касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар қандли диабетни аниқлашда зарур бўладиган лаборатория-таҳлил воситалари билан тўлиқ таъминланган. Ҳудудий тиббиёт муассасалари ва эндокринология диспансерларида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказиш ва даволаш учун барча имкониятлар мавжуд. Қандли диабетнинг биринчи тури билан хасталанганларга Давлат бюджети ҳисобидан инсулин етказиб бериш йўлга қўйилган.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ушбу йўналишдаги етакчи шифо маскани бўлиб, унинг маслаҳат-ташхис поликлиникаси икки юз қатновга мўлжалланган. 246 ўринли клиникада эса эндокринологик касалликларга аниқ ташхис қўйиш ва замонавий технологиялар воситасида даволаш ишлари амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда марказда бир қатор янги йўналишлар — нейроэндокринология, нейрожарроҳлик, нефропатия, гемодиализ бўлимлари очилди. Соҳага илғор илм-фан ютуқлари жорий қилинаётгани натижасида гипофиз бези, қалқонсимон без хасталиклари, қандли диабет асоратлари туфайли келиб чиқадиган буйрак етишмовчиликлари ва бошқа оғир хасталиклар самарали даволанаётир. Бу эса ногиронликнинг олдини олишга, беморлар саломатлигини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Марказ мутахассислари, айниқса, қандли диабет билан оғриган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида улар ўртасида ногиронликнинг олдини олиш, меҳнат қобилияти ва ижтимоий фаоллигини сақлаб қолиш учун тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Ўзбекистон Эндокринологлар уюшмаси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳар йили анъанавий ташкил этилаётган диабетга қарши кураш ойлигида  мазкур профилактик чора-тадбирлар янада кенг қамров касб этаяпти.
Жорий йилда ҳам 1 ноябрдан 1 декабрга қадар мамлакатимизда ўтказиладиган диабетга қарши кураш ойлигида турли спорт мусобақалари, марафонлар, эндокринология ва диабетологиянинг долзарб масалаларига оид илмий-амалий анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар уюштириш, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги эндокринологик диспансерларида очиқ эшиклар кунини ташкил этиб, беморларнинг бепул текширувдан ўтишини таъминлаш режалаштирилган.
Қисқача айтганда, жисмоний фаоллик, тўғри ва рационал овқатланиш, энг муҳими, соғлом турмуш қоидаларига риоя этиш қандли диабет билан касалланишнинг олдини олиш имконини беради. Агар бу касалликка нисбатан ирсий мойиллик бўлса, инсондан ўз саломатлигини асрашга янада эътибор ҳамда ҳушёрлик талаб қилинади. Зеро, соғлом турмуш — саломатлик гарови.

С. ИСМОИЛОВ,
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn