Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — устувор мақсад
  • 11 Ноябрь 2014

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — устувор мақсад

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида тиббиёт тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

Натижада бугун соҳада жаҳон андозаларига мос тарзда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу борадаги ислоҳотларнинг кўлами нақадар кенглигини энг чекка қишлоқларимиз ва маҳаллалар, тоғли ҳудудларда қад ростлаган ҳамда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан мукаммал таъминланган шифо масканлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бу ҳақда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида бўлиб ўтган тиббиёт ходимларининг касб байрамида алоҳида таъкидланди.
Президентимиз ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга асосан, юртимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил этилган бу йилги маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Эътироф этилганидек, “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида тиббий-профилактика, перинатал, скрининг хизматлари, педиатрия, акушерлик ва гинекология соҳасига ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт ҳамда репродуктив саломатлик марказлари томонидан амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳалар тобора такомиллашмоқда. Болаларни юқумли касалликларга қарши давлат томонидан бепул эмлашнинг миллий тақвими яратилиб, замон талаблари асосида янги-янги эмлаш воситалари билан бойитилмоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ва давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Айтиш керакки, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш борасида шаклланган ноёб тизимлардан яна бири шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларидир. Айни пайтда ушбу йўналишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг жойларда 12 филиали, 173 бўлими фаолият юритмоқда. Кейинги йилларда мазкур тиббий хизматнинг моддий-техник базаси ва автотранспорт паркини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилда Инвестиция дастури доирасида 137 иншоотни барпо этиш ва реконструкция қилиш учун 407 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмаларига диагностика ва даволаш ишларида қўлланиладиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилмоқда. Мазкур тадбирлар тиббий хизмат сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда “Энг намунали қишлоқ врачлик пункти”, “Энг намунали оилавий поликлиника”, “Энг фаол умумий амалиёт врачи”, “Энг фаол патронаж ҳамшира” каби номинациялар бўйича ўтказиб келинаётган анъанавий танловнинг 2014 йилдаги ғолиблари эълон қилинди. Унга кўра, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги “Даштмаҳалла” қишлоқ врачлик пункти “Энг намунали қишлоқ врачлик пункти” номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллади ва “Damas” автомобили билан тақдирланди.
Самарқанд шаҳридаги 1-оилавий поликлиника “Энг намунали оилавий поликлиника” деб топилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманидаги “Кегейли” қишлоқ врачлик пункти шифокори Жаркиной Акмалиева “Йилнинг энг фаол умумий амалиёт шифокори”, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги “Фарҳод-2” қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси Феруза Аллашукурова “Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси” номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани давлат санитария-эпедимиология назорати маркази болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими санитария врачи ёрдамчиси Карима Ҳайдарова “Энг яхши санитария-эпедимиология назорати маркази ходими” деб эътироф этилди.
Ғолиб ва совриндорларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Байрам тадбири таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерти билан якунланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.

М. ЎРОҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn