Жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари
  • 26 Сентябрь 2014

Жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари

пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуида иш бошлаган «UzMedExpo — 2014» VII Халқаро ихтисослаштирилган тиббиёт кўргазмасида намойиш этилмоқда

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилди.
Бу янгиланишлар эса, ўз навбатида, халқаро андозалар даражасидаги тиббий хизмат тизимини барпо этиш, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказиш, халқимизни янада соғломлаштиришдек эзгу мақсадга қаратилган. Бинобарин, тиббиёт тизимини янада ривожлантиришда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган кўргазмалар муҳим аҳамият касб этаётир.
Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида иш бошлаган “UzMedExpo — 2014” VII Халқаро ихтисослаштирилган тиббиёт кўргазмасининг очилиш маросимида шу ҳақда сўз борди.
Мазкур тадбир “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзфармсаноат” ДАК, “Дори-дармон” ДАК, Республика Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилди. Кўргазма экспозициясидан тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармон ва санитария-гигиена воситалари, стоматология ҳамда протезлаш жиҳозлари, шифобахш гиёҳлар, шунингдек, тиббиёт клиникаларининг хизматлари ҳақидаги стендлар ўрин олган. Анъанага мувофиқ, мазкур халқаро тадбирда юртимиз фирма ва компанияларидан ташқари, Ҳиндистон, Германия, Корея Республикаси, Хитой, Чехия, Италия каби мамлакатларнинг жаҳонга машҳур ишлаб чиқарувчилари ҳам иштирок этмоқда.
— Халқаро миқёсдаги ушбу кўргазмада илк бор қатнашаяпмиз, — дейди Корея Республикасининг “CSM Implant” компанияси ташқи иқтисодий савдо масалалари менежери жаноб Нео Хан. — Фаолиятимиз стоматологиянинг энг долзарб ва нозик вазифаси саналган тишлар имплантациясига йўналтирилган. Мамлакатингизга келишдан аввал Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида интернет орқали маълумотга эга бўлдик.
Масалан, жорий йилда юртингизда Тошкент давлат стоматология институти ҳамда унинг ҳузурида Стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги илмий-амалий маркази иш бошлаганидан жуда тўлқинландик. Айнан шу боис мамлакатингизда дистрибьюторларимиз фаолиятини йўлга қўйиш ниятида кўргазмада қатнашиш истагини билдирдик. Кутганимиздек, илк кунданоқ маҳсулотларимизга харидор кўпайди.
Маҳаллий компаниялардан бири — “Galenika” МЧЖ тавсия этаётган маҳсулотлар эса нафақат тиббий муассасаларда, балки уй шароити ва кундалик турмушимизда ҳам қўлланилиши зарур бўлган воситалардир.  
— Маҳсулотларимизнинг афзаллиги шундаки, улар хасталикларнинг олдини олиш ва даволашда турдошларига нисбатан самаралидир, — дейди мазкур корхонанинг масъул ходими Муҳаббат Шомансурова. — Масалан, яқиндагина ишлаб чиқарила бошланган “Триогален” номли препаратни олайлик. Ушбу восита юракка қувват бўлиб, асабни тинчлантиради, бош оғриғи ҳамда уйқусизликни бартараф этиш хусусиятига эга. Нархи ҳам ҳамёнбоп. Айнан шу жиҳатлари билан маҳсулотимиз харидоргир бўлиб бормоқда.           
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, “UzMedExpo — 2014” кўргазмаси кенг жамоатчилик вакиллари ва соҳа мутахассисларига замонавий тиббиётнинг энг сўнгги ютуқлари билан яқиндан танишиш имконини бермоқда. Муҳими, ушбу тадбир туфайли ишлаб чиқарувчилар бугунги бозор талабини, мижозларнинг таклиф ва эҳтиёжларини ўрганмоқдалар.
— Биз Хитой Халқ Республикасининг “Shenzhen mindray bio-medical electronics Co. Ltd” (Миндрей) компаниясининг расмий дистрибьютори саналамиз, — дейди  масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Intermed Innovation” қўшма корхонасининг савдо-сотиқ ишлари бўйича менежери Умид Мамутов. — Кўргазмада тиббиёт оламининг энг сўнгги русумдаги техника жиҳозлари билан иштирок этаяпмиз. Тадбирга ташриф буюрувчиларнинг ультратовушли сканерлар, лаборатория ва рентген қурилмаларимизга қизиқиши катта бўлаяпти. Уч кун давомида илғор ускуналарни сотиш бўйича бир нечта шартномалар имзолашга ишончимиз комил.
Кўргазма 27 сентябрга қадар давом этади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn