«Саломатлик поезди» Оролбўйига етиб келди
  • 26 Сентябрь 2014

«Саломатлик поезди» Оролбўйига етиб келди

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик темир йўл компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Саломатлик поезди” Қорақалпоғистон Республикасига етиб келди.

Маълумки, “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида аҳоли саломатлигини, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва юксак салоҳиятли авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди республикамизнинг барча ҳудудида тиббиёт, таълим муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда қатор тиббий лойиҳаларни амалга ошириб келаётир. Уларда, асосан, оналар ва болалар саломатлигини тиклашга, бунинг учун даволаш-профилактика муассасаларининг зарур дори-дармонлар билан таъминланишига катта аҳамият қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ана шундай дастурлар натижасида уч мингдан ортиқ юртдошларимиз замонавий ва сифатли тиббий кўрикдан ўтказилди.
Мазкур “Саломатлик поезди” таркибидаги малакали шифокорлар, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда фонднинг ҳудудий бўлимидаги тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси оналар ва болаларнинг сиҳат-саломатлигини янада яхшилаш учун манзилли ёрдам кўрсатади.
Соғломлаштириш тадбири доирасида никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, саломатликни асрашга муносабат, эрта ва қариндошлар никоҳининг салбий томонлари, келажак насллар саломатлигига эътибор мавзуларида учрашувлар, тушунтириш ишлари олиб борилади.
“Саломатлик поезди” таркибида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Baxtteks-Farm”, “DiyorBiznes” масъулияти чекланган жамиятларининг сифатли маҳсулотлари бўлиб, улар Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйлари, даволаш-профилактика муассасалари, туғуруқ комплекслари ҳамда имконияти чекланган болалар мактаб-интернатларига етказилади.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn