Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб: «Соғлом бола йили» Давлат дастури — жуда муҳим қадам»
  • 04 Сентябрь 2014

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб: «Соғлом бола йили» Давлат дастури — жуда муҳим қадам»

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллиги байрами муносабати билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан  суҳбат чоғида мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида эришган зафарлари, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида қўлга киритилган муваффақиятлар хусусидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

— Энг аввало, оналар ўлимини қисқартириш ва гендер тенглигини таъминлаш билан боғлиқ миллий мақсадларга эришилгани, шунингдек, болалар ўлимини қисқартириш ҳамда бошланғич ва ўрта таълим сифатини яхшилаш борасида қўлга киритилган салмоқли тараққиёт билан Ўзбекистон ҳукуматини табриклашни истайман, — деди у. — Иммунизация дастурининг кенгайиб бораётгани ана шундай муваффақиятнинг яна бир далолатидир.
Ўзбекистон ҳукумати турли ёшдаги гуруҳларнинг, айниқса, аёллар ҳамда болаларнинг саломатлиги борасида аниқ-равшан эҳтиёж ва устуворликларни ҳисобга олган. Бу сўнгги йилларда соғлиқни сақлашнинг биринчи бўғини даражасида она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш бўйича хизмат кўрсатиш кўламининг кенгайишини таъминлади.
Биз 2014 йил Ўзбекистонда “Соғлом бола йили” деб эълон қилинганига замонавий ва муҳим қадам сифатида қараймиз. Чунки у оналар ва болалар ўлимини камайтиришга йўналтирилганлиги билан Мингйиллик ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир.
Мен, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан ишлаб чиқилган, инсон саломатлиги ва бўлажак насллар камолотига салбий таъсир этаётган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишни кўзда тутувчи “Саломатлик — 2020” сиёсати доирасида аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича мажмуавий миллий стратегия ишлаб чиқилишига Ўзбекистоннинг содиқлигидан хурсандман. Бу Ўзбекистонда соғлиқни сақлашдаги биринчи миллий стратегия бўлади ва биз ушбу муҳим аҳамиятга эга воқеани сабрсизлик билан кутмоқдамиз.
Мамлакатингиз сифатли, ҳаммабоп тиббий хизмат ҳамда дори-дармонлардан фойдаланиш, инфекцияли ва инфекциясиз касалликларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш сингари соғлиқни сақлаш хизматларининг ялпи қамровини таъминлашга интилмоқда. Узоқ муддатли барқарор ривожланишни ҳамда глобал ва минтақавий молиявий инқирозларга бардошлиликни таъминлаш бўйича салмоқли тараққиётга эришилди. Зўравонликнинг, инсон иммунитети танқислиги вируси ва силнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори муттасил ўсиб бормоқда.
Мустақилликка эришилган кундан буён соғлиқни сақлаш жабҳасига назар ташланса, мамлакат ўзининг соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигини ошириш, тиббий хизматларнинг адолатли тақсимланиши ҳамда аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширганини кўриш мумкин.
Ўзбекистон 1992 йил 25 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига расман аъзо бўлган ва 1993 йилдан эътиборан минтақавий бюромиз билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб келмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқни сақлашни ривожлантириш борасидаги мақсадларга эришишда, жумладан, “2000 йилда “Саломатлик ҳамма учун”, “2015 йилда “Мингйиллик ривожланиш мақсадлари” сингари стратегияларда Ўзбекистонни фаол қўллаб-қувватлаб келади.
Юқорида қайд этилганидек, сўнгги икки ўн йиллик давомида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига тааллуқли кўпгина муҳим ижобий воқеалар бўлиб ўтди. Миллий соғлиқни сақлаш тизимининг умумий самарадорлигини ошириш, аниқ-равшан далиллар асосида сиёсат ва стратегияни ишлаб чиқиш, шу билан бирга, турли даражаларда кўрсатиладиган техникавий ёрдамлар воситасида тиббиётга оид хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда улардан барча бирдек фойдаланишини таъминлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг салоҳиятини мустаҳкамлашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўта муҳим ўрин тутади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқин йилларда ҳам юқорида қайд этилган беш йўналишнинг барчаси бўйича Ўзбекистон ва унинг муассасалари билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидадир.
Байрам муносабати билан ўзбек халқини чин қалбимдан табриклашни ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасининг мустаҳкамланиши ва аҳоли фаровонлигининг юксалиши йўлида ўзимнинг энг эзгу ниятларимни билдиришни истайман. Биз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидагилар ана шундай интилишлар йўлида мамлакатни яқин ойлар ва йиллар давомида қўллаб-қувватлашга тайёрмиз ва келажакда бундан ҳам кенг қамровли ҳамкорликка умид қиламиз.

«Жаҳон» АА.
Женева

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn