«Ўзбек модели»нинг юксак самаралари
  • 27 Август 2014

«Ўзбек модели»нинг юксак самаралари

мамлакатимиз тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқлар мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда

Ривожланган давлатлардаги кўзга кўринган клиникаларда бирор бир мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилса, қисқа фурсат ичида хорижий телеканаллар, ахборот агентликлари ва интернет сайтлари ушбу воқеани куннинг энг шов-шувли хабари сифатида тарқатади. Очиғини айтиш керак, бундан 15-20 йил олдин тиббиёт соҳасига оид кичик бир янгиликни эшитганимизда ҳам ҳайратга тушганмиз.
Аммо бугун ўзимизнинг шифокорлар, ўзимизнинг замонавий шифохоналарда илгари тасаввуримизга сиғмаган ноёб операцияларни муваффақиятли уддалашмоқдаки, бундан чин дилдан ғурурланасан, истиқлолнинг қадрини, аҳамиятини янада теранроқ ҳис этасан киши. Ўз навбатида, энди бизни унча-мунчага ҳайратда қолдириш қийин-ов, деган хулосага ҳам борасан. Гапимизда асло муболаға йўқ.
Масалан, мамлакатимизда тиббиётнинг кардиология, урология, кўз микрохирургияси, педиатрия, акушерлик ва гинекология, эндокринология каби ўнлаб йўналишларида улкан ютуқлар қўлга киритилмоқдаки, буни дунёга машҳур мутахассислар ҳам тан олиб, эътироф этишаяпти. Мақоламиз давомида бу ҳақда батафсил тўхталамиз. Ҳозир “Хўш, Ўзбекистон тиббиёт соҳасида бундай марраларга ниманинг ҳисобидан ва қандай омиллар туфайли эришаяпти?” деган савол жавоби хусусида сўз юритсак. Чунки ҳеч бир нарса ўз-ўзидан юзага чиқиб қолмайди, албатта!

Ислоҳотлар — инсон манфаатлари учун
Президентимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли асарини мутолаа қилар эканмиз, ўлкамизда узоқ йиллар давомида ҳукм сурган коммунистик мафкура ва бир ёқлама иқтисодий сиёсат 1990 йилга келиб барча соҳада ўзининг ҳалокатли таъсирини кенг миқёсда кўрсата бошлаганини жуда кўп ҳаётий далиллар орқали яққол тасаввур этамиз. Бу даврнинг оғир ва аянчли манзарасига баҳо берган давлатимиз раҳбари иқтисодий-ижтимоий жабҳада юзага келган танглик ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: “...Ижтимоий инфраструктура тармоқлари: соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача болалар муассасалари жуда оғир аҳволга тушиб қолган. Мактаб ва касалхоналарнинг 60 фоизи нобоп биноларда жойлаштирилганини айтишнинг ўзи кифоя. Жуда ўткир иқтисодий ва ижтимоий муаммолар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Буни аввало шундан кўрса бўладики, инсоннинг ҳар томонлама уйғун камол топиши, унинг шахс сифатида маънавий ривожланиши у ёқда турсин, кўпинча яшаш учун керак бўлган энг оддий нарсалар ҳам етишмаяпти”.
Шунинг ўзиёқ собиқ Иттифоқ даврида халқимиз тақдирига нақадар беписанд муносабатда бўлинганини кўрсатади. Хусусан, пахта яккаҳокимлиги туфайли юртимизда экологик вазият кескин оғирлашган эди. Бунинг оқибатида қанча болалар майиб бўлгани, қанчаси бедаво дардларга мубтало бўлганини халқимиз яхши билади. Айтайлик, ўша пайтларда ғўза баргини тўкишда қўлланилган заҳарли кимёвий модда — бутифос аҳоли саломатлигига жуда катта салбий таъсир кўрсатган. Лекин унинг олдини олиш, одамлар соғлиғини асраш ҳақида қайғурадиган киши бўлмаган. Тиббиётимиз эса, юқорида қайд этилганидек, ўзи мададга зор эди. Алмисоқдан қолган асбоб-ускуналар, дори-дармон етишмаслиги... Санаб адоғига етиб бўлмайдиган муаммолар қалашиб ётганди. Қисқаси, эл саломатлигини муҳофаза этишга қаратилган ҳеч қандай механизм мавжуд эмасди.
Истиқлолнинг илк йиллариданоқ Президентимиз инсон ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласига энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратди.
Конституциямизнинг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” дея белгилаб қўйилди. Ана шу ҳуқуқни амалда тўла таъминлаш, бунинг учун тиббиётимизни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш бўйича жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Натижада мамлакатимизда сифат жиҳатдан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларини ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал тармоғи яратилди. Соҳада илғор шакл ва услублар амалиётга жорий этилди. Жойларда беш поғонадан иборат самарасиз, кўп харажат талаб қиладиган эски тизим ўрнига бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари вужудга келди. Хирургия, кардиология, кўз микрохирургияси ва урология соҳаларида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари иш бошлади. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш тизимида муҳим ўзгаришлар рўй берди. Бўлғуси оналарнинг саломатлигини мунтазам назорат қилувчи ҳамда соғлом болалар туғилишига кўмаклашувчи скрининг марказларининг кенг тармоғи йўлга қўйилди. Туғуруқ муассасаларининг моддий-техника базаси сезиларли даражада мустаҳкамланди. Қолаверса, шифокорлар ва тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда меҳнатига ҳақ тўлаш тизими тубдан ўзгартирилди.
Татбиқ этилган чора-тадбирлар қисқа вақт ичида ўзини тўла оқлади ва давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 19 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, тиббиётимизда ислоҳотларнинг сифат жиҳатдан янги босқичига ўтилди. Ушбу ҳужжат асосида педиатрия, терапия ва тиббий реабилитация, акушерлик ва гинекология, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология ҳамда эндокринология соҳаларини қамраб олган яна олтита ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил қилинди. Шу тариқа Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзига хос миллий модели яратилди.
Ўрни келганда айтиб ўтиш жоиз, баъзи мамлакатларда, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари, асосан, шаҳарларда жойлашганлиги туфайли қишлоқ аҳолиси тиббий хизматлардан фойдаланишда муайян қийинчиликларга дуч келади. Юртимизда яратилган миллий моделнинг алоҳида ажралиб турадиган тарафларидан бири шундаки, бизда энг чекка аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларга ҳам худди шаҳарлардаги каби бир хилда малакали тиббий ёрдам кўрсатилади. Бу “Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун” деган эзгу тамойилнинг ҳаётий ифодасидир.

Хорижга боришга ҳожат йўқ
Яқин-яқингача “Урология йўналишида энг мураккаб касалликларни ҳам самарали даволай олиш имкониятига эга давлатлар қайси?” деган савол ўртага ташланса, бу борада Германия, Италия ва АҚШ етакчи сифатида тилга олинарди. Бизга алоҳида фахр бағишлайдиган жиҳати, бугун улар қаторида Ўзбекистон номи ҳам ҳақли равишда эътироф этилаяпти. Сабаби, илғор мамлакатлар тиббиётида жорий қилинган даволашнинг деярли барча замонавий усуллари эндиликда ўзимизда ҳам мавжуд.
— Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори туфайли мана шундай даражага кўтарилдик, — дейди Республика ихтисослаштирилган урология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Фарҳод Оқилов. — Хусусан, юртимизда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятининг йўлга қўйилгани тизимга замонавий технологияларни татбиқ қилиш, тиббий хизмат кўламини кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини оширишга мустаҳкам замин яратди. Марказимиз 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, урология масалалари бўйича республикада етакчи, энг юқори даражадаги диагностика-даволаш ёрдами кўрсатувчи, юксак малакали мутахассислар тайёрловчи муассаса ҳисобланади. Шу билан бирга, мамлакатимиз миқёсида ушбу хизматнинг истиқболли ривожланиш стратегиясини ҳам белгилаб беради.
Марказимиз Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология кафедраларининг ўқув-клиник базаси сифатида ҳам фаолият кўрсатади. Урганч шаҳрида энг замонавий ташхислаш ва даволаш имкониятларига эга филиалимиз бор. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида урология бўлимлари ташкил этилган бўлиб, бу юртимизда ушбу йўналишда мукаммал тизим яратилганлигидан далолат беради.
Марказнинг яна бир муҳим вазифаси, бу — малакали кадрлар тайёрлаш. Бизда ёш мутахассислар учун урология мактабини шакллантиришга эришилди.
Фаолиятимизнинг асосий йўналишлари буйрак-тош касалликлари, сийдик йўли инфекцияси, простата безининг хавфсиз гиперплазияси, эркаклар жинсий фаолиятининг бузилиши, уроонкологик хасталиклар, урологик аъзолар туғма нуқсонларининг замонавий ташхиси, даволаш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, ушбу жараёнда “Siemens”, “Dantek”, “K. Storz”, “Wolf”, “Hospitex” каби дунёга машҳур компанияларнинг энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналари ва жиҳозларидан кенг фойдаланилмоқда.
Айтиб ўтиш жоиз, мамлакатимиздаги тиббиёт муассасалари орасида биринчи бўлиб бизда маълумотларни компьютер тармоғи орқали юритиш тизими жорий этилган. Яъни марказдаги 80 дан ортиқ компьютер ягона тармоққа бирлаштирилган бўлиб, даволанаётган беморларнинг “касаллик тарихи” электрон шаклда юритилади ва электрон архивда сақланади. Бу ҳам фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилаяпти.  
Имкониятларимиз йилдан-йилга яхшиланаётгани боис хизмат кўрсатиш қамровимиз ҳам кенгайиб, сифат кўрсаткичлари ортиб бораяпти. Масалан, 2003 йилда биз қарийб 5000 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатган эдик. Ўтган йили бу рақам 28 минг нафардан ортиб кетди. 8 мингдан зиёд операция амалга оширилган бўлса, уларнинг 60 фоиздан зиёди бугунги кундаги энг замонавий, юқори технологик усуллар асосида бажарилди.
Урология йўналишидаги ютуқларимизни бир қанча мисоллар асосида изоҳлаш мумкин. Айтайлик, бундан 15-20 йил олдин беморнинг сийдик йўлида ёки буйрагида тош бор, деган ташхис қўйилса, унинг ҳажмидан қатъи назар, даволаш чораси битта эди — фақат тиғ теккизиш йўли билан операция қилиш. Бугунги кунда ривожланган давлатларда бундай хасталикка чалинганларнинг 80 фоизидан ортиғи беозор, яъни эндоскопик усул билан даволанади. Ўтган йилги натижаларимизни таҳлил қилсак, биз буйрак-тош касаллигига йўлиққан беморларнинг 88 фоизида кам жароҳат етказиш усулини қўлладик. Бу, албатта, жаҳондаги энг илғор мамлакатларда эришилган кўрсаткичларга тенг.
Фақат буйрак-тош касаллиги эмас, илгарилари простата бези аденомаси хасталиги ҳам юз фоиз тиғ орқали операция қилинарди. Бугун 70-80 фоиз ҳолатда беморлар дори-дармон ёрдамида даволанаяпти. Айни пайтда халқаро миқёсда шу чора амалда кенг татбиқ этилаётир. Қолган ҳолатларда ҳам операция касалга кам жароҳат етказувчи эндоскопик усулда бажарилади.
Гап тиғсиз даволаш ҳақида кетганда, бир қизиқ воқеа ёдга тушади. Биз 2007 йилда Европа урологлари ассоциацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Шу асосда ҳар икки йилда бир марта юртимизда Европа урологлари мактаби ўтказиб турилади. Унга дунёда кўзга кўринган олим ва мутахассислар ташриф буюриб, урология соҳасидаги касалликларни даволашнинг энг илғор услубларини намойиш этиб беришади. Мана шундай мактабнинг дастлабкисида биз ўзимиз даволаган бир беморнинг касаллик варақалари, рентген натижаларини хорижликларга кўрсатдик. У иккита буйрагида тоши борлигидан шикоят қилиб келган 35 ёшли эркакнинг тиббий хулосалари эди. Ҳеч қандай тиғсиз, уч ой деганда у дарддан бутунлай фориғ бўлганди. Эришган натижамиз билан яқиндан танишган Европадаги машҳур шифокор Питер Алкен ҳайратини яшира олмай: “Аслида сизлар биздан эмас, биз сизлардан ўрганишимиз керак экан”, деганди.
Орадан муайян вақт ўтиб, Европа урологлари ассоциациясининг конференциясида иштирок этиш учун “кўҳна қитъа”га бордик. Ана ўша ерда Питер Алкен бизни бир қанча етакчи тиббий муассасалар раҳбарлари билан таништирди. Улардан бири, Германиянинг Брауншвейг шаҳридаги университет клиникаси урология департаменти раҳбари, таниқли профессор Питер Хаммерер менга шундай деб қолди: “Алкен бизга Ўзбекистонда урология соҳасида эришилган ютуқларни бир қанча мисоллар билан шундай таърифлаб бердики, ҳайрон қолдик. Очиғини айтаман, бизда бундай тажриба йўқ. Агар рухсат берсангиз, иккита врачимиз юртингизга бориб, икки ҳафта тажриба орттириб қайтса”. Уларнинг илтимосини бажонидил қабул қилдик. Эътибор беринг, тиббиётда ном қозонган Германиядек давлатдан иккита мутахассис келиб, билмаганларини бизнинг шифокорлардан ўрганиб кетди. Мана сизга, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ютуқларининг дунё миқёсида тан олиниши. Айтинг, мустақиллик бўлмаганида, Президентимиз тиббиёт равнақига эътибор қаратмаганларида шундай марраларга етишимиз мумкинмиди? Асло йўқ.
— Операциялар хусусида сўз очдингиз. Урология соҳасида ҳозирги кунда жуда ноёб саналган ва бизнинг мутахассисларимиз ўзлаштириб, амалда татбиқ этаётган операциялардан бирортасини мисол сифатида келтирсангиз. Бу ҳаммамиз учун қизиқ, — сўраймиз суҳбатдошимиздан.
— Масалан, эркакларда сийдик йўлининг торайиши ёки беркилиб қолиши касаллиги. Бу ҳозир бутун дунёда муаммо. Ушбу турдаги хасталикни пластик операция усули билан даволаш амалиёти мавжуд. Бунда лаб ёки оғиз бўшлиғидаги лунжнинг шиллиқ пардаси олиниб, шу асосда сийдик канали тикланади. Тасаввур қилишингиз учун бир мисол келтираман. Биласиз, юрак қон томири фаолиятини тиклашда беморнинг оёқларидаги вена томиридан фойдаланилади, аниқроғи, у кўчириб ўтказилади. Бундай операцияни кўпчилик эшитган. Биз юқорида айтган амалиёт ҳам шунга ўхшаб кетади. Яъни лаб ёхуд лунжнинг шиллиқ пардасидан сийдик каналини тиклашда фойдаланилади. Мазкур янгилик Италияда жорий қилинган. Агар операция муваффақиятли амалга ошса, бемор дарддан бутунлай фориғ бўлади. Лекин бу усулни ҳамма мамлакатлар ҳам ўзида татбиқ эта олмаган. Шу боис бундай хасталикка чалинганларни одатда жуда кўп давлатлар клиникалари “Қўлимиздан келмайди” деб даволашдан бош тортишади. Ана шундай ноилож шароитдаги касаллар шифо истаб, асосан, Италия ёки Германияга боришади. Бизнинг врачларимиз бундан икки йил муқаддам Италияда бўлиб, мазкур технологияни ўзлаштириб келишди. Мана, ўшандан буён сийдик йўли торайиши ёки беркилиб қолиши билан оғриган беморларни ўзимиз даволаяпмиз. Жумладан, ўтган йили 60 га яқин шундай операция бажардик.
Шулардан келиб чиқиб, тўла ишонч билан айтишимиз мумкинки, урологик касалликка чалинганлар учун энди Ўзбекистондан четга чиқиб, даво излашга умуман ҳожат йўқ. Бу борада ўзимизда барча имкониятлар етарли.

ТАҲРИРИЯТГА ЙЎЛЛАНГАН МАКТУБДАН:
— Қовуғимдаги тошлар туфайли беш йил давомида азоб чекиб юрдим. Ниҳоят, Республика ихтисослаштирилган урология маркази мутахассисларига учрашдим. Бу ерда лазер нури ёрдамида жарроҳлик амалиёти ўтказиб, мени дарддан бутунлай фориғ қилишди. Ишонасизми, ҳаёт кўзимга бошқача бўлиб кўриниб кетди. Ўзимни гўё қайтадан туғилгандек ҳис этдим. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда мана шундай ажойиб шифохоналар ташкил этилгани эл саломатлигини асраб-авайлашга қаратилаётган юксак эътибор ифодасидир. Ширинсўз, ўз ишининг устаси бўлган шифокорларимизга чин дилдан миннатдорлик билдираман. Қўлингиз ҳеч қачон дард кўрмасин.
Омон БУРҲОНОВ.
Миришкор тумани, Янги Миришкор қишлоғи.

Хулоса ўрнида
Президентимиз Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида аждодларимиз салоҳияти, улар қолдирган бебаҳо мерос ҳақида жуда кенг қамровли маълумотларни тақдим этди. Ўз навбатида, яна бир фикрни алоҳида билдириб ўтди: “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”.
Бу эзгу даъват мустақиллик йилларида туғилиб ўсган, ҳаётга катта куч билан кириб келаётган, билимли, шижоатли, иқтидорли ўғил-қизларимизни янги марралар сари чорлаши аниқ. Натижада Ўзбекистон барча соҳалар қатори, биз сўз юритган тиббиёт тизимида ҳам дунё аҳлига намуна бўла оладиган яна кўпдан-кўп муваффақиятларни қўлга киритади.
Бунга ишончимиз комил.

Шавкат ОРТИҚОВ,
Фурқат САНАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn